Хотира – муқаддас
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан «Инсонни қадрлаш – азиз қадрият» мавзусида маърифий хайрия тадбири ўтказилди.
Унда узоқ йиллар адабиёт, санъат, фан ва бошқа соҳаларда фаолият юритган ва ҳозирда сидқидилдан хизмат вазифасини муносиб бажараётган аёллар билан бир пиёла чой устида байрам нишонланди. Бу эзгу одат аёл зотини нақадар улуғлашимизнинг яна бир намунасидир. Чунки, аёл ким бўлмасин, ҳамиша қадрланишга, эъзозга муносибдир.
Тадбирда юртимизнинг турли корхона ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 24 нафар ишчи аёлларга, эҳтиёжманд оила вакилларига санаторийларда дам олишлари учун ҳомийлар томонидан имтиёзли йўлланмалар ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномалари топширилди.
Шунингдек, пойтахтимиздаги аёллар руҳий шифохонасига ҳомийлик ёрдами кўрсатиш мақсадида зарурий анжомлар олиб бериш режалаштирилганлиги қайд этилди.
Айниқса, тадбирда гимнастикачи қизларнинг чиқиши, санъаткорларнинг куй ва қўшиқлари барчанинг қалбига хушнудлик бахш этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова иштирок этди.
М. ҚУРБОНБОЕВА