Кўмакдан нажот топиб…

Бўйлари бири-бирига бўйлашиб қолган фарзандларинг ҳавас қилгулик инсон бўлиб камолга етса, сўзларингга итоатгўй бўлса, атрофингни шириндан шакар набираларингни шўх-шодон кулгуси тўлдириб турса, кексалик чоғида бундан ортиқ бахт борми?! Аммо шундай пайтларда жисмингда мисқолча дард симиллаб турса, дунёнинг ­барча шодлиги ҳам сен учун беқадр бўлиб қолар экан.

Ёшим 64да. 10 нафар фарзанднинг отасиман. Кўп йиллар ҳайдовчилик касби ортидан оила боқдим, кимдандир ортиқ бўлсам бўлдимки, шукр, кам бўлмадим. Болаларимнинг илм олишига шароит яратдим. Ўғил уйлантириб, қиз узатдим. Афсус­ки, сўнгги икки йилда жисмимга азоб бераётган дард касбим ортидан топганларимдан бири эканлиги аён бўлди. Тундан тонгга қадар давом этган белдаги, қовуқ соҳасидаги оғриқлар кексалик ҳаловатимни ўғирлади. Ўз дардимдан ўзим ийманардим. Қашқадарё вилояти марказий шифохонаси, урология бўлими шифокори, тажрибали мутахассис Нуриддин Абдуллаевнинг маслаҳатлари билан даволанганимдан сўнг дард бироз чекингандай бўлди. Кўп ўтмай, оғриқлар яна хуруж қила бошлади. Текширувлардан кейин саломатлигим жарроҳлик амалиётидан сўнггина тикланиши мумкинлиги маълум бўлди. Аммо бунинг учун оддий қишлоқ одамида маблағ қайда дейсиз?!

Ўша пайтдаги ҳолатим ёлғиз Яратган эгам ва умр йўлдошим Собирахонга аён эди. Кўнгилдаги тугун халқ дардини еб, фуқаролар мушкулини осон қилаётган элпарвар Президентимизга қилган мурожаатимдан сўнг ечилди. Мушкулларим ариди. Мурожаатимга икки кун ўтмай, ижобий жавоб келгани мени беҳад қувонтириб юборди. Демак, осуда ва оғриқсиз кунларим яқин қолган.

Мен Тошкентдаги малакали шифокорлар кўригидан ўтдим. Менга жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўришим учун бир ой муҳлат беришди. Врачларнинг эътибор ва тавсиялари билан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Орадан маълум вақт ўтгандан сўнг Тошкент тиббиёт академиясининг урология бўлимида жарроҳлик амалиётини бошимдан ўтказдим. Икки йиллик азобимдан тезда халос бўлдим. Хасталик шу қадар авж олган бўлсада малакали, қўли енгил шифокорлар учун бундай жарроҳлик амалиёти оғир кечмади. Операция муваффақиятли ўтди. Бўлим мудири Носир Қодиров ва шу бўлимда фаолият олиб бораётган барча ходимларнинг беморларга қилган эътиборидан бошим осмонга етди. Ҳеч бир тиббий хизмат ва дори-дармонлар учун маблағ сарф этмасдан саломатлигим тикланди.

Ҳозирда соғлигим аъло даражада. Эндиликда оғриқлар мени безовта қилмай қўйди. Шукр, кунларимга ҳаловат инди. Набираларим қуршовида ўтган ҳар бир осуда туним ва отган тонгим учун аввало Яратганга шукроналар келтириб, дардимга эътиборсиз бўлмаган ва зудлик билан кўмак кўрсатган давлатимиз раҳбарига чексиз минннатдорлик ҳиссини туяман. Уларнинг одилона сиёсати ва элпарварлиги боқий бўлиб, юртимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин, дейман.

Яна ўқинг:  “Дока рўмол қуриши” ёхуд маҳалладаги “Яраштирув комиссияси” ўз вазифасини бажаряптими?

Илёсхон ШУКУРОВ,

Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: