Ҳаётбахш суюқлик ҳақида ажойиб далиллар

Қон танадаги барча ҳужайра ва тўқималарни бир-бири билан боғлаб турувчи ягона суюқ тўқимадир. Шу билан бирга ҳужайра ва тўқималарнинг нормал фаолияти учун зарур бўлган ички муҳитни доимийлигини (гомеостаз) сақлашда у жуда муҳим роль ўйнайди.

Унинг суюқ қисми – плазма ва таркибидаги шаклли элементлардан иборат: Қоннинг шаклли элементларига эритроцитлар (қизил қон таначалари), лейкоцитлар (оқ қон таначалари) ва қон пластинкалари киради. Плазма қон ҳажмининг 50-60 фоизини ташкил қилса, қолган 40-45 фоизи шаклли элементларга тўғри келади. Ўртача вазнли, яъни 70 кг одамда 4,5-6 л қон бўлади. Бу вазннинг 5-9 фоизини ташкил қилади. Оддий ҳолатда 45 фоиз қон заҳира сифатида жигар, талоқ, ўпка, тери остида сақланади. Қоннинг суюқ қисми – плазма 90-91 фоиз сувдан ва 9-10 фоиз қуруқ моддадан иборат. Қуруқ модданинг 8-9 фоизи органик моддалар, яъни оқсиллар, азотли ва азотсиз органик бирикмалар, гормонлар, витаминлар, ферментлар бўлса, унинг 1 фоизи неорганик моддалар – микроэлементлар, катионлар ва анионлардан иборат.

Қон тўқималарга озиқ моддалар: глюкоза, аминокислоталар, полипептидлар, ёғлар, витаминлар, минерал моддалар ва сувни, шунингдек, ўпкага кислородни етказиб беради. Сўнгра буйраклар, тер безлари, ўпка, ичак орқали организмдан чиқариб юбориладиган модда алмашинувининг охирги маҳсулотлари: аммиак, мочевина, пешоб кислотаси ва бошқа чиқиндилар, жумладан, карбонат ангидридни тўқималардан олиб кетади. Қон транспорт вазифасини ўтаганлиги учун гуморал регуляцияда, яъни аъзолар фаолиятини бошқаришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Бу вазифани асосан эритроцитлар бажаради.

Бу ҳаётбахш суюқликнинг вазифаларидан яна бири ҳимоя функциясидир. Қонда хемотаксис, фагоцитоз, микроорганизмаларни зарарсизлантиришга қодир хужайра – лейкоцитлар бор. Шунингдек, микроорганизмларни ва уларнинг заҳарларини зарарсизлантирувчи ва ёт оқсилларни парчаловчи “иммун жисмлар” (антителолар) мавжуд. Қон юқорида айтиб ўтилган вазифаларини бажариши учун томирларда ҳаракатда бўлиши керак. Яъни, суюқ ҳолда организмда айланиши зарур. Ўз навбатида жароҳат, шикастланиш вақтида танадан чиқиб кетмаслиги учун дарҳол қуюқ ҳолатга ўтиши, ивиши керак. Бу жараён қоннинг ивиши ва ивишга қарши тизими орқали амалга ошади. Ушбу жараёнда асосий ролни тромбоцитлар бажаради.

Одамлар қони бир-биридан фарқ қилиши, ҳар хил инсонларда қон гуруҳи турлича бўлишини 1901 йилда К. Ландштейнер кашф этди.

Соғлом одамлар қонида бошқаларнинг эритроцитларини ёпиштириб қўядиган (агглютинациялайдиган) моддалар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги янгилик эса 1901 йилда кашф этилди. Бир одамнинг қон плазмасида ёки зардобида иккинчи одам эритроцитларининг агглютинацияланишини ўрганиш муҳим даво чораси бўлган қон қуйишга илмий асос яратиб берди.

Яна ўқинг:  Болангизни сколиоз касаллигидан асранг!

Организм кўп қон йўқотганда баъзи заҳарланишларда (жумладан, гемоглобиннинг кислород бириктириш хоссаси бузилганда), қондаги гемоглобин миқдори камайганда ва тиббий бошқа кўп кўрсатмалар билан қон қуйилади. Илгари қон қуйиш учун уриниб кўринишлар кўпинча ҳалокатга олиб келган ёки организмни оғир аҳволга солиб қўйган. Одамларнинг қон эритроцитларида агллютинацияланувчи икки омил – агглютиноген А ва агглютиноген В, плазмада эса агглютинацияловчи икки модда – агглютинин альфа ва агглютинин бетталарни топишган. Эритроцитларда агглютиногенлар, плазмада эса агглютининлар бор-йўқлигига қараб, барча одамларни тўрт гуруҳга ажратиш мумкин. Бунга кўра О (I) гуруҳдаги одамларнинг эритроцитларида агглютиногенлар йўқ. Уларнинг қон гуруҳи плазмасида эса альфа ва бетта агглютининлари бор. А (II) гуруҳдаги одамларнинг эритроцитларида агглютиноген А ва унинг плазмасида агглютинин бетта бор. В (III) гуруҳдаги одамларнинг эритроцитларида агглютиноген В ва плазмасида агглютинин альфа бўлади. АВ (IV) қон гуруҳидаги одамлар эритроцитларида А ва В агглютиногенлари борлиги ва плазмасида агглютининлар йўқлиги билан таърифланади.

Қон қуйиш имкониятини аниқлаш учун беморнинг қон гуруҳини аниқлаш катта амалий аҳамиятга эга. Яъни, фақатгина ўзининг гуруҳи ва резус омили мос бўлган донорнинг қонини беморга қуйиш мумкин. Керакли қон гуруҳи заҳирада йўқ бўлган ҳолларда беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида О (I) Rh манфий қон гуруҳидан 500 миллитргача қуйиш мумкин. Шу мақсадда донор эритроцитлари агглютинацияланмаслигини аниқлашнинг ўзи муҳим. Чунки, қуйиладиган қон плазмаси реципиент қонида суюлгани туфайли унинг эритроцитларини агглютинацияламайди.

Аксари одамларнинг эритроцитларида (85 фоиз) яна бир омил бор. Уни биринчи марта Ландштейнер ва Винер 1940 йилда макак (Макак резус) номли маймун қонидан топган ва шунинг учун ҳам уни резус фактор (қисқартирилгани – Rh-фактор) деб аталган. Бу омил ҳам қон қуйишда катта аҳамиятга эга.

Ҳозирги кунда фармакологик соҳа ривожланиб бормоқда. Қон ўрнини босувчи эритмаларнинг бир неча гуруҳи яратилган. Лекин уларнинг бирортаси одам қонининг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Улар фақат қоннинг баъзи бир вазифаларини вақтинча бажара олади. Шу сабабли инсон қонини фақат инсон қони билан тўлдириш мумкин. Техника қанчалик ривожланар экан шикастланиш, жароҳат олиш хавфи шунча ортиб боради. Бу эса донор қонини талаб қилади. Сабаби мураккаб жарроҳлик операцияларини қилиш кўп қон талаб қилади. Шу сабабли қон донорлари қанчалик кўп бўлса бу фуқароларимизнинг саломатлиги ва ҳаётини асрашда муҳим.

Яна ўқинг:  Эзгуликдан яшнаган умрлар

Қон, унинг компонентлари ва перепаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади.

Муҳаррам ПЎЛАТОВА,

Республика қон қуйиш маркази Донорларни жамлаш бўлими бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: