Қизнинг бахти сепдами?..

Одатимиз шундай: фарзандимиз туғилиши билан унинг бахти, келажагини ўйлаймиз. Ҳамма яхши нарсалар боламизга бўлишини истаймиз. Айниқса, қиз фарзанди бор оналар сарпо-суруқ йиғишга тушадилар. Ўзи тақмаган зеб-зийнат дейсизми, орзусидаги кир ювгич, уй супургич машина дейсизми, барини фарзандига илинади. Духоба кўрпа-тўшаклар, ярқироқ сўзаналар харидига бор маблағларини тикишади. Ахир орзу-ҳавасли халқмиз-да!

Лекин, жиддийроқ мулоҳаза қилиб кўрсак, дилбандларимизнинг келажаги, бахти мана шу қимматбаҳо буюмларга боғлиқми? “Йиғ-йиғ” билан машғул бўлиб, зиммамиздаги энг муҳим вазифа – оналик масъулияти, фарзанд тарбиясини унутиб қўймаяпмизми? Яқинда қўшниларнинг гурунгига қўшилиб қолдим. Ёши нари борса ўттизга борган аёл даврадагилар эътиборини ўзига қаратиб шундай деди:

– Қизим улғайгани сари ташвишим ортяпти. Кўрпа-ёстиқликларнинг авра-астарини тайёрлаб қўйганман. Энди кийим-кечак ҳаракатини қилишим керак. Ширинхон, сизнинг ҳам қизингиз бор-а, унутманг, ҳаракатингизни қилаверинг.

Бу гап ҳам кулгимни келтирди, ҳам ҳайратимни оширди.

– Қизим ҳали мактабга ҳам бормайди-ку, – эътироз билдирган бўлдим.

– Вой, ёшлар, сизларга ўргатавериб ўзимда эс қолмади-я, – деди сўзамол бир хотин. – Шунча китоб ўқиб, наҳотки, уқмаган бўлсангиз. Қизим бешикка кирди, сепи сандиққа кирди, деган гапни эшитмаганмисиз?

Унга жавобан бошқаси:

– Э, баҳслашишни қўйинглар, мода йилдан-йилга ўзгаряпти. Бугун урфда бўлган буюм келгуси йилга ярамай қоляпти. Шунинг учун мен таътил пулларимга маошимни қўшиб, қизимнинг тилла тақинчоқларини бадастир қилиб қўйдим. Чунки тилла ҳеч қачон урф танламайди, – деди.

Ёнимда ўтирган қўшнимга юзландим:

– Бу жувонларнинг ўзи ҳали ёш-ку, қизлари дарров катта бўлиб қолишдими?

– Катта эмас, нари борса 5-6-синфда ўқийди, – деди суҳбатдошим. – Менинг ҳам қизим бор, ўн иккига кирди, мусиқа мактабига қатнайди. Маошимдан орттириб, дутор олиб берганман. Дадаси туғилган кунида компютер совға қилди. Ишдан бўш вақтида ўргат­япти. Ўзим адабиётга қизиққаним учун турли китоблар олиб бераман. Бошқалар фарзанд бахтини мол-давлат, бойлик, ҳашаматда деб ўйлаши мумкин. Аммо мен касб-ҳунар ўрганиш, билим олиш, маънавиятни бойитишни биринчи ўринга қўяман. Боланинг ёшидан келиб чиқиб, орзу-ҳавас ҳам шунга монанд бўлиши керак.

Суҳбатдошимнинг фарзанд тарбияси борасидаги фикрларини тинглаб хурсанд бўлдим. Аслида, бояги аёллар айтган қимматбаҳо сеплар келинларимиз бахтига соя солмаяптими? Оилада келишмовчилик чиқса, она қизига насиҳат қилиш, ёшларни муросага келтириш ўрнига, сепига бир ҳовуч тилла, хорижнинг мебелини қўшганини пеш қилса, ёш келин-куёв, қуда-анда ўртасидаги аҳиллик дарз етмайдими? Ҳеч эътибор берганмисиз, ажримларнинг 90 фоизи ана шундай ўзига тўқ, ҳеч нарсадан ками йўқ оилаларда рўй бермоқда.

Яна ўқинг:  “Бобурнома” – дурдона асар

Қўшнилар гурунгидан кўнглим ғаш бўлиб қайтдим. Негаки, ўзимдан нари борса тўрт-беш ёш катта бу аёлларга: “Ҳой, сеп йиғаётган эгачилар, қизингизга рўзғор илмидан сабоқ бердингизми? Пазандаликни ўргатдингизми? Катталарни ҳурматлаб, кичикларга иззатда бўлишни-чи? Ёки илмга ташна қалбини маънавият нурлари билан тўлдирдингизми?” дея бермоқчи бўлган саволларим андиша туфайли ичимда қолди.

Фикримизча, дабдабали тўй бериш, ортиқча харажатлар билан фарзанд олдидаги бурчимизни бажараяпмиз, деб ўйласак, жиддий хатога йўл қўйган бўламиз. Чунки бундай енгил ўй-фикр натижасида дилбандимиз келажакда қалб кўзи сўқир, танбал инсонга айланиб қолиши ҳеч гапмас.

Ширин АБДУРАЗЗОҚОВА,

Тошкент шаҳри

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: