Ёзги таътилинг мароқли ўтсин, болажон!
Хоразм вилояти Хонқа туманида “Жайхун қуёши” оромгоҳи иш бошлади.
Оромгоҳнинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, хусусан, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг пухта билим олиши, ёзги таътил даврини мазмунли ва мароқли ўтказиши учун замонавий шароитлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Жорий йилда вилоятда 11 минг 420 ўқувчини дам олдириш кўзда тутилган. Уларнинг 1 минг 250 нафари Тошкент вилояти, 10 мингдан ортиғи вилоятдаги оромгоҳларда ҳордиқ чиқаради.
– Болаларнинг ёзги таътил мавсумини юксак савияда ташкил этиш, оромгоҳларни тайёрлаш ва дам олувчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари К.Бекжонов. – Бугун иш бошлаган “Жайхун қуёши” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ёзги таътил мавсумида минг нафар болани дам олдириш имкониятига эга. Бу ерда болаларнинг ҳар бир куни мароқли ўтиши учун барча шароит яратилган.
“Чинобод-қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан оромгоҳда 11 миллиард 400 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Барча бино ва қурилмалар замонавий инвентарлар билан таъминланди. Оромгоҳ кутубхонаси бадиий адабиётлар билан бойитилди. Сузиш ҳавзаси, спорт майдончалари болалар ихтиёрига топширилди.
– Бир кунда жуда кўп дўстлар орттирдим, – дейди шовотлик Ҳумоюн Қурбонов. – Овқатлари жуда мазали экан. Айниқса, турли мевалардан тайёрланган шарбатлар жону дилим. Қизиқишимизга қараб ингилиз тили, қандолатчилик, компьютер сабоқлари, тикувчилик, экология, расм чизиш, теннис, волейбол, футбол ва бошқа тўгаракларга қатнашимиз мумкин. Мен инглиз тили билан футболни танладим. Расм чизишга ҳам қизиқаман. Бу ерда олган таассуротларимни синфдошларимга, ота-онамга гапириб бераман.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА