Таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди

БМТ маълумотларига кўра, бугун дунё бўйича 260 миллион бола мактабга бориш имкониятига эга эмас. Яна 400 миллиондан ортиғи на ёзиш, на ўқишни билади. Агар бу ҳолатга қарши зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, 2030 йилга бориб, ёш авлод вакилларининг 800 миллионга яқини ишга жойлашиш учун ўтказиладиган суҳбатларда оддийгина саволларга ҳам жавоб беролмайдиган даражага тушиши мумкин.

Албатта, юқоридаги рақамлар ҳаммани чуқур мушоҳадага чорлайди. Зеро, инсон билим, кўникма ва касбу корга эга бўлибгина қадр топиши, эъзозланиши мумкин. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, юртимиз аҳолисини саводли қилиш, замон учун керакли мутахассис сифатида шаклланишига кўмаклашиш, салоҳиятини кенг намойиш этишига имконият яратиш давлатимиз юритаётган сиёсатнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил қилади. Конституциямизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади…” ёки 64-моддадаги “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деган жумлалар замирида фарзандларимиз камолоти, бахтини кўришдек эзгу ғоя мужассам.

Мутахассисларнинг айтишича, болага мактабга чиққунича бўлган даврда таълим-тарбия бериш унинг келгусидаги ривожланишида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Инсон ўз умри давомида эгаллайдиган барча маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача даврида олиши ҳақидаги хулоса ҳам кўп йиллик тадқиқот натижасидир. Шу маънода, юртимизда таълим-тарбиянинг муҳим бўғини ҳисобланган боғчалар фаолиятини ривожлантириш бўйича бир қанча саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. 1997 йилда кучга кирган “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида “Мактабгача таълим бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш мақсадини кўзлайди. Бу таълим олти-етти ёшгача оилада, болалар боғчасида ва мулк шаклидан қатъи назар, бошқа таълим муассасаларида олиб борилади” деб ёзилганида ҳам болаларга, яъни эртанги кунимиз давомчиларига кўрсатилган улкан меҳр ҳамда ғамхўрликнинг ёрқин намунаси, десак, янглишмаган бўламиз.

Тафовутга нима сабаб?

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига қараганда, республикамиз бўйича жами 4916 та мактабгача таълим муассасасида қарийб 668,5 минг нафар болалар тарбияланмоқда. Шунингдек, 194 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларда 12 минг нафарга яқин тарбияланувчилар қамраб олинган. Хўш, бу рақамлар “Юртимиздаги боғча ёшидаги ўғил-қизларнинг барчаси мактабгача таълим муассасаларига қатнайдими?” деган саволга қанчалик жавоб бера олади?! Афсуски, айтадиган рақамимиз ҳеч биримизни қаноатлантирмаслиги турган гап. Чунки ҳозирги пайтда республикамиз бўйича мактабгача таълим соҳасида болаларни қамраб олиш 27 фоизни ташкил қилаяпти. Демак, етмиш фоиздан кўпроқ ўғил-қизлар тарбияни, асосан, оилада, ота-онасидан олмоқда. Психология фанлари номзоди Феруза Акрамованинг таъкидлашича, боғчага чиқмай, мактабга қатнаган бола фанларни ўзлаштиришда кўплаб қийинчиликларга дуч келади. Тенгдошларига нисбатан ҳар жиҳатдан суст иштирок этади. Аксинча, мактабгача таълим муассасасига қатнаб, бошланғич синфга қадам қўйган ўғил—қизларнинг кўрсаткичлари бирмунча яхши бўлади.

Яна ўқинг:  Хўшали қишлоғининг хуш одатлари

Айни пайтда мазкур долзарб масалага тўғри ечим топишда давлат ҳам, кенг жамоатчилик ҳам жиддий бош қотираяпти. Чунончи, Президентимиз томонидан 2016 йилнинг 29 декабрида имзоланган “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мактабгача таълим сифатини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий ҳамда илғор тажрибаларни жорий этишда дастуриламал бўлаётир. Хусусан, юртимиз бўйича мактабгача таълим муассасаларида 6100 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилиши режалаштирилган. Бундай гуруҳлар болаларни мактаб таълимига тайёрлашнинг самарали шакли бўлиб қолади.

Болага нималарни айтиб бераяпмиз?

Энди бир масала ҳақида фикр юритсак. Бугун юртимизда шундай ҳудудлар борки, у ерларда болалар боғчалари умуман фаолият юритмайди. Мисол учун, айрим овуллар, тоғли манзилларда мактабгача таълим муассасалари мавжуд эмас. Шу боис у ерларда фарзандлар дастлабки билимларни оиласидан олади. Лекин мазкур жараёнда аксар ота-оналар ўғил-қизларига айнан нимани ўргатиш зарурлиги ҳақида қийинчиликларга дуч келишлари бор гап. Билганлари “Зумрад ва Қиммат” ёки “Ур тўқмоқ”ни айтиб берса, яна бирлари ўнгача санашни ўргатади, холос. Содда қилиб айтганда, “Мулла билганини ўқийди” нақлидагидек иш тутилади. Ана шу ҳолатда савол туғилади: боғчага қатнамайдиган фарзандга ота-она нимани ўргатгани маъқул? Мурғак қалб эгаси қайси маълумотни тўғри қабул қиладию қайси бирига қийналади?

Мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларида айнан боланинг ривожланиши ва таълим олиши йўналишлари хусусида аниқ баён қилинган. Унга кўра, жисмоний ривожланиш, ўз-ўзига хизмат ҳамда озодагарчилик, ижтимоий-ҳиссий ривожланиш, нутқ, ўқиш ҳамда саводга тайёргарлик, билиш жараёни ва атроф-муҳит тўғрисидаги билимларга эга бўлиш боланинг ривожланиши ҳамда таълим олишида энг керакли воситалар ҳисобланади.

Яқинда юртимизда яна бир хайрли ташаббусга қўл урилдики, бу фарзандини боғчага беролмаётган ота-оналар учун муҳим янгиликдир. Гап шундаки, Халқ таълими вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Мактабгача ва умумий ўрта таълимни ривожлантириш” лойиҳасига кўра, қишлоқ ҳудудларида яшайдиган 3 — 6 ёшдаги фарзандлари мактабгача таълим тизимига қамраб олинмаган оилалар болаларига ўқиб бериши учун бепул китоблар яратилди.

Оиланинг ўрни ва масъулияти ошади

Айни пайтда ота-оналар қўлига бепул етиб бораётган ушбу қўлланмаларда болаларни мактабга тайёрлаш учун асқатадиган, ниҳоятда зарур маълумотлар рангли иллюстрацияли, қизиқарли тарзда баён этилган.

Яна ўқинг:  Барча бола бирдек азиз

– Етти номдаги мазкур китоблар тўплами ота-оналарга мўлжалланган қўлланма ҳамда болаларга ўқиб бериш учун эртак ва шеърлардан иборат бадиий адабиётни ўз ичига олади, – дейди Халқ таълими вазирлигининг юқорида номи келтирилган лойиҳа консультанти Мавлуда Нишонова. – Жумладан, 1-китоб “Оилада мутолаа қиламиз” деб номланиб, у айнан ота-оналарга фарзандларига нимани ўргатиш кераклиги тўғрисидаги қўлланмадир. Унга оилада китоб ўқишни ташкил этиш борасида услубий тавсиялар ҳамда мактабгача таълимга қўйилган давлат талабларига мувофиқ, болаларнинг бадиий адабиёт бўйича эгаллаши лозим бўлган минимал билим ва малакалар киритилган.

Кейинги китобларни ҳам варақлаб кўздан кечирамиз. “Китоблар оламига илк саёҳатим” деб номланган 2-китоб 3 — 5 ёшдаги болаларга мўлжалланган. 3-китоб “Менинг севимли китобим”, 4-китоб 5 — 7 ёшдаги болаларга аталиб, “Китоблар — менинг дўстларим” деб номланади. 5-китоб “Салом, мактабим” деб аталган. Уларнинг барчасида шу ёшга мўлжалланган турли эртаклар, шеърлар жамланган. “Оламни ўрганамиз” номли 6-китобда эса мактабгача ёшдаги болаларнинг атроф-муҳит, табиат тўғрисидаги ҳамда элементар математик тушунчаларни ривожлантирувчи асарлар киритилган. “Жаҳон халқлари эртаклари”ни айтиб бериш учун 7-китоб жуда қўл келади.

Китобларни қандай олиш мумкин?

Ҳар бир асар ўзбек ва рус тилларида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса ўзбек, рус ҳамда қорақалпоқ тилларида чоп этилган. Эртак, ривоят ва шеърдан сўнг асар мазмуни бўйича савол ҳамда топшириқлар берилган бўлиб, бу кичкинтойларнинг асар ғоясини янада чуқурроқ англашига, ундаги воқеа-ҳодисалар ҳақида мулоҳаза юритиб, фикрини эркин айта олиши, мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга ёрдам беради.

Лойиҳа доирасида китоблар тўпламини ота-оналарга тарқатиш учун тавсиянома ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари ва вилоят халқ таълим бошқармалари томонидан 3 — 6 ёшдаги фарзандлари боғчаларга қамраб олинмаган оилаларнинг рўйхати шакллантирилди.

Мазкур тавсияномада оилаларни танлаб олиш мезонлари белгиланган бўлиб, китоб тарқатиладиган оилалар мактабгача таълим муассасасига қатнамайдиган 3 — 6 ёшдаги фарзандлари сони, жами 7 ёшгача бўлган фарзандлари сони, маҳалланинг туман марказидан узоқлиги, оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати каби кўрсаткичлар бўйича танлаб олинди.

Китоблар тўпламини тарқатиш икки босқичда амалга оширилиб, даставвал 200 минг оила, кейин эса 153 минг оила бу қўлланмаларга эга бўлади.

Яна ўқинг:  Кўзга нур, кўнгилга ҳаловат бағишлаб...

Демак, ота-оналар ушбу қўлланмалардан фойдаланиб, фарзандини ақлий, жисмоний, руҳий жиҳатдан чиниқтириши мумкин. Турли расмлар, қизиқарли шеъру ҳикоялар орқали болаларнинг, аввало, билим олишга қизиқиш ҳамда иштиёқи уйғонади, диққатни жамлаш, хотирани мустаҳкамлаш машқларида тафаккури тобланади. Қисқача айтганда, эндиликда юртимизда болалар мактабга ўз фикрини тўғри ва тўлиқ ифодалай оладиган, ўқиш ҳамда ёзишни биладиган бўлиб қадам қўяди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: