Дунё полвонлари Термизда
Термиз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ХIII халқаро турнир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, мамлакатимиз Кураш федерацияси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Кураш халқаро ассоциацияси томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган нуфузли турнирда дунёнинг 50 яқин давлатидан энг кучли полвонлар ғолиблик учун беллашди.
Халқаро турнирнинг мутлақ вазн тоифаси финалида сурхондарёлик Абдулла Холиёров россиялик Артём Осипенкони мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 25 000 АҚШ долларини қўлга киритди. Артём Осипенко иккинчи, Бекмурод Олтибоев ва Бахтиёр Менглиқулов учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа иштирокчилари ва меҳмонлари Термиз шаҳридаги тарихий ёдгорликлар, мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган замонавий иншоотлар билан танишди.