Касбий соҳилларида ҳордиқ чиқараётган ўзбек фарзандларининг таассуротлари қандай?

Азалдан бир дарёдан сув ичиб, қўни-қўшничилик ришталари билан боғланган ўзбек ҳамда туркман халқларининг тили ва урф-одати бир-бирига яқин, маданияти уйғун, адабиёти ҳамда санъати ҳамоҳанг. Туркман халқи Алишер Навоий ғазалларини севиб -ўқиганидек, ўзбеклар ҳам Махтумқулини ўз шоиридек ардоқлайди. Асрлар давомида ўзаро аҳил, тинч-тотувликда яшаб келган ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги муносабатлар мустақиллик йилларида янада ривожланди. Бугун Ўзбекистон – Туркманистон алоқалари 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома асосида изчил равнақ топмоқда.

Албатта, мамлакатлар ўртасида иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг тобора ривожланиб боришида давлат раҳбарларининг яқин дўстлиги, бир-бирига ҳурмати ва ишончи муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, шу йилнинг май ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот натижасида бир гуруҳ ўзбекистонлик ўғил-қизлар Каспий денгизи соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказида ҳордиқ чиқаришди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола “Даянч” болалар соғломлаштириш марказида мароқли дам олди.

Бир олам унутилмас таассуротлар билан қайтган бу ўғил-қизларнинг, ота-оналар ҳамда педагогларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик. Қуйида улардан айримларини ҳавола этмоқдамиз.

“Бир-биримизни таржимонсиз тушундик”

Шайдохон ОТАХОНОВА, Хонқа туманидаги 26-мактаб ўқувчиси:

– “Аваза” Миллий сайёҳлик зонасидаги “Даянч” оромгоҳида кўплаб янги дўстлар орттирдик. У ерда концерт дастурларини намойиш этдик. Куй-қўшиқларимиз, рақсларимиз туркманистонлик тенгдошларимизга жуда ёқди. Энг қизиғи, биз бир-биримизни таржимонсиз тушундик. Уларга муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида биз, ёшларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани ҳақида гапириб бердик. Улар ҳам турли нуфузли халқаро танловларда, спорт мусобақаларида, фан олимпиадаларида ўзбек ёшлари эришаётган ютуқлардан бохабар эканликларини, кези келганда ўрнак олишаётганини айтишди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев оромгоҳга ташриф буюрганида, худди отаси келган болалардек хурсанд бўлиб кетдик. Бахтимиз ва иқболимиз учун жон куйдириб, мана шундай катта имкониятларни яратиб бераётган давлатимиз раҳбарига қандай миннатдорлик билдириш ҳақида ўйлардик.

Ростини айтсам, бу – менинг биринчи марта Ватандан узоқда бўлишим. Она юрт қадри ва соғинчи қандайлигини илк марта ҳис қилдим.

“Ёшларимизга ҳавасим келади”

Зулхумор ҚУРБОНОВА, Қоровулбозор туманидаги 1-мактаб ўқувчиси Нигора Рахмитдинованинг онаси:

Яна ўқинг:  Ўспиринлик: бу даврда фарзандингизга янада эътиборли бўлинг

– Туркманистонда бир гуруҳ тенгдошлари билан дам олган қизимнинг қувончи ва ҳаяжонини кўриб, завқим келди. Бошқа давлатга илк бор саёҳат қилиши, бу ерда Президентимизнинг шахсан ўзи болаларимиз ҳолидан хабар олиши қизим хотирасида бир умрга муҳрланиб қолиши, шубҳасиз.

Саёҳат давомида у туркманистонлик тенгдошлари билан дўстлашибди. Бу қардош халқнинг тарихи, маданияти ҳақида тўлқинланиб гапиришидан сездимки, билими, -дунёқараши янада кенгайибди. Шу билан бирга, унда она-Ватан билан фахрланиш туйғуси яна бир поғона юксалганини англадим.

Дўстлик сафари

Насиба САПАЕВА, Урганч шаҳридаги 22-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари:

– Шогирдларим билан биргаликда қўшни туркман элига саёҳатимизни мен “Дўстлик сафари” деб атаган бўлар эдим.

Айниқса, ўқувчиларимиз Туркманистондаги сўлим дам олиш масканида ҳордиқ чиқаргани ҳамда шахсан Президентимиз билан кўришиб, суҳбатлашганидан бениҳоя бахтиёр. Улар ўн кунлик сафар давомида туркман ёшлари билан дўстлашиб, ўзаро фикр алмашдилар. Турли тадбир ва учрашувларда фаол иштирок этиб, халқимиз маданияти, тарихи, адабиётидан тенгдошларини баҳраманд қилдилар.

Шу ўринда айтиш жоизки, юртимизда ёш авлод камолоти йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини янада ошириш саъй-ҳаракатлари биринчи галда биз, педагогларга катта масъулият юклайди. Буни чуқур ҳис қилган ҳолда, ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш учун бор куч ва -билимимизни сафарбар этамиз.

Ўзбекистонда кўришгунча!

Гулжамол БАЗАРБАЕВА, Кегейли туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси:

– Ўзбекистонлик бир гуруҳ ёшлар қаторида мен ҳам Туркманистон Республикасида бўлдим. Қўшни мамлакатга ўзгача қизиқиш билан бордик. У ерда туркманистонлик тенгдошларимиз қучоқ очиб кутиб олдилар. Ёши улуғ кексаларимиздан қардош туркман халқи урф-одатлари ва анъаналари бизга жуда яқинлиги ҳақида кўп эшитгандим. Ўн кунлик саёҳат давомида бунинг айни ҳақиқат эканини англадим.

Туркман ёшлари билан тезда тил топишиб, дўстлашиб кетдик. Масалан, мен уларга ўзим шуғулланадиган спорт иншооти, у ердаги чемпионлар ҳақида ғурурланиб гапириб бердим. Тенгдошларимни юртимизга таклиф қилдим.

Президентимизнинг биз дам олаётган масканга ташрифи эса бир умрлик унутилмас воқеадир. Давлатимиз раҳбари таассуротларимиз билан, соғломлаштириш марказида яратилган шароитлар билан қизиқди ва барчамизга совғалар улашди. Бундай эътибордан ҳар биримизнинг қалбимизда ифтихор туйғуси янада ортди.

Яна ўқинг:  Yoz

Мен ҳам келгусида бундан-да яхшироқ ўқишга, спорт соҳасида юксак марраларни забт этиб, халқимизга муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қиламан.

“Ҳеч қачон унутмайман!”

Шоҳруҳ ШЕРНИЯЗОВ, Урганч шаҳридаги 24-ИДУМИ ўқувчиси:

– Тенгдошларим билан Туркманистоннинг гўзал масканларидан бири – “Даянч” оромгоҳига бориш бахтига муяссар бўлдим. Бунинг учун Президентимиздан чексиз миннатдормиз. Биз у ерда мириқиб ҳордиқ чиқардик, турли спорт ўйинларини ўйнадик. Туркманистонлик тенгдошларимиз бизга концерт дастурини намойиш этишди. Биз ҳам, ўз навбатида, уларга санъатимиз намуналаридан кўрсатдик.

Каспий денгизи соҳили бўйлаб сайр қилдик, уларнинг санъати, маданияти ва урф-одатлари билан яқиндан танишдик. Сафаримиз давомида шунга амин бўлдикки, биз — ўзбекистонлик ёшларга барча ҳавас қилади. Айниқса, ўзига хос “Кичик олимпиада” ҳисобланмиш уч босқичли спорт ўйинлари тенгдошларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Дарвоқе, биз Махтумқулини қандай эъзозласак, улар ҳам Навоий ва Бобурни шундай севиб мутолаа қилишар экан.

Сермазмун кунлар сурури

Шуҳрат ҚАҲҲОРОВ, Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси маънавият ва спорт ишлари бўлими мутахассиси:

– Туркманистонга 25 нафар навоийлик ўғил-қизга бош бўлиб бордим. Аввало, у ердаги ҳамкасбларимиз тажрибаси билан қизиқдим.

Таълимнинг ўзбек модели жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан ўрганилишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшлар иқтидорини аниқлаш ва рўёбга чиқаришнинг яхлит самарали тизими яратилган. Унда ҳатто энг майда жиҳатгача кўзда тутилган. Бу ҳақида туркманистонлик ҳамкасбларимизга батафсил сўзлаб бердик.

“Даянч” оромгоҳида қизиқарли спорт ўйинлари, шеърхонлик кечалари, ўзбек ва туркман ёшларининг бадиий чиқишлари бир-бирига уланиб кетди. Сермазмун ўтган кунлардан қалбларимиз янада сурурга, ғурурга тўлди.

Баҳриддин ШАЙВАЛИЕВ,

Халқ таълими вазирлиги

Ахборот хизмати раҳбари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: