Фаввораларнинг мафтункор жилваси

Қуёш нурида жилоланувчи фавворалар кўнгилга мусаффолик бахш этади. Улар нафақат ён-атроф иқлимига мўътадиллик ва салқинлик бахш этади, балки фавворалар туфайли тинчлик ва осойишталикни янада теранроқ ҳис этасиз.

Юртимизнинг барча ҳудудларида 1 май куни “Фавворалар сайили” ёшлар оммавий-маданий тадбирлари ўтказилди. Жумладан, пойтахтимиздаги 14 та фаввора атрофида ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар, рассомлар, рақс ва театр гуруҳлари иштирокида оммавий-маданий тадбирлар, турли танлов ва викториналар бўлиб ўтди.

Катта фавворалар ёнида мусиқа садолари янграб, шаҳар аҳли ва меҳмонларини ўзига чорлади. Кун бўйи бош кентимизда байрамона кайфият ҳукм сурди. Маданий-маърифий, кўнгилочар концерт дастурлари кечгача давом этди.

Шаршара, сокин кўл, денгизнинг мавжланиши ёки жилдираб оқаётган жилға кишини мафтун этиши, ҳеч кимга сир эмас. Шаҳар шароитида эса фавворалар инсонга сув жилоларидан баҳраманд бўлиш, эстетик завқ олиш имконини беради.

Тиббиёт нуқтаи назаридан фавворалар олдида сайр қилиш саломатлик учун ниҳоятда фойдалидир. Мусаффо сув кишига ҳузур-ҳаловат бағишлаб, кайфиятини кўтаради, чарчоқни олади. Фаввора суви жилосини кузатадиган инсонларда қон айланиши ва мия фаолияти яхшиланади, асаб тизими тинчланади.

Сувнинг, хусусан, ушбу ноёб иншоотнинг бу каби хусусиятларини аждодларимиз ҳам азалдан яхши билган. Шарқда XIV-XV асрларда ҳам фавворалар қуриш урф бўлган. Соҳибқирон Амир Темурнинг Самарқанддаги Дилкушо боғида бўлган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ҳайрат билан шундай ёзган эди: “Подшоҳ саройида суви тепага отилиб турувчи фаввора бўлиб, унда қизил олмалар қалқиб турарди…”. Археологик қазиш ишлари пайтида бундай иншоотлар Шаҳрисабздаги Оқсарой, Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса мажмуаси ва бошқа тарихий иншоотлардан ҳам топилган. Алишер Навоий асарлари ва “Бобурнома”даги миниатюраларда ҳам бундай иншоотларнинг суратини кўриш мумкин. Буларнинг бари аждодларимизнинг юксак бунёдкорлик маҳорати ва яратувчанлик салоҳиятидан далолат беради.

– Ушбу сайилни интиқлик билан кутдик, – дейди пойтахтлик Зафар ва Вилоят Мамажоновлар. – Кечки сайр ва фавворалар олдида ҳордиқ чиқариш ёш оиламиз анъанасига айланган. Айниқса, фарзандларимнинг хурсандчилигини кўриб, кўнглим яйрайди.

Фавворалар тинч ва осойишта ҳаётимиз, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг ёрқин ифодаси ҳамдир.

 Буни пойтахтлик Мукаррам ая Носирова ҳам ўз сўзида яна бир бор таъкидлайди:

Яна ўқинг:  Чорак аср сарҳисоби

– Тошкентнинг эски қиёфаси, майдон ва фаввораларини яхши эслайман. Илгари улар ягона намунада барпо этилиб, барчаси бир хил кўринишда бўларди. Ҳозир эса пойтахтимиздаги барча майдон ва хиёбонлар бетакрор қиёфага эга. Уларнинг атрофи кўкаламзорлаштирилиб, маданий ҳордиқ чиқариш учун барча шароитлар яратилган. Болажонлар ўйин майдончаларида ўйнайди, биз, кексалар эса тобора кўркамлашиб бораётган шаҳримиз қиёфасидан хурсанд бўламиз.

“Фавворалар сайили” ёшлар оммавий-маданий тадбирлари она юртимизнинг бой тарихи ва мустақиллигимиз ютуқларини қадрлайдиган етук авлодни тарбиялаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳини шакллантириш, тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.

Сайилга чиққанлар орасида жажжи фарзандлари Дилшоджон ва Мадинахон билан келган Нодира Саъдиева ҳам бор.

– Ўтган йилги “Фавворалар сайили”да ҳам иштирок этган эдик, – дейди Н. Саъдиева. – Фарзандларим бу йилги байрамни интиқлик билан кутишди. Бир-биридан қизиқарли томошалардан бир олам завқ олишди.

Тилагимиз, тинчлик, фаровонлик, барқарорлик ва осойишталик ҳукм сураётган жонажон юртимизда бундай байрамлар кўпаяверсин!

 

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: