Ҳуқуқингизни биласизми?

Қариндошлар ҳам алимент тўлайдими?

Вояга етган аммо меҳнатга лаёқатсиз бола ота-онаси вафот этган бўлса, яқин қариндошларидан таъминот талаб қилишга ҳақлими?

Асқар ТЎраев,

Жиззах вилояти.

– Албатта, ҳақли. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож, вояга етмаган болалар ота-онасидан, агар улар йўқ бўлса, қариндошлари ва ушбу кодексда кўрсатилган бошқа шахслардан ўз таъминоти учун алимент талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолларда алимент миқдори суд томонидан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг моддий ва оилавий аҳволи ҳисобга олиниб, пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

Оғзаки битим ҳақиқий ҳисобланадими?

Битимни оғзаки тузиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, у қандай тартибда амалга оширилади?

Фарида ЭсОнова,

Қашқадарё вилояти.

– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 106-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан, у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин. Шахснинг хатти-ҳаракатидан унинг битим тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган ҳолда ҳам бундай битим тузилган ҳисобланади.

Жетон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белги бериш йўли билан тасдиқланган битим, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, оғзаки шаклда тузилган битим ҳисобланади.

Ёзма шаклда тузилган шартномани бажаришга қаратилган битимлар, агар қонун ҳужжатлари ва шартномага зид бўлмаса, тарафларнинг келишувига мувофиқ оғзаки тузилиши мумкин.

“Бошлиғим маошимни камайтирди …”

Бошлиғим сабабини айтмай тўсатдан маошимни камайтириб ташлабди. Негалигини сўрасам “Бу бизнинг ички меҳнат тартибимиз. Сизга ҳисоб беришимиз шарт эмас, – дейди. Шу тўғрими?

Дилдора Саидмуродова,

Хоразм вилояти.

– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 156-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қайси тартибда ўрнатилган бўлса, ўша тартибда ўзгартирилади. (153-модда)

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг якка шартларини ходим учун ноқулай томонга ўзгартиришга унинг розилигисиз йўл қўйилмайди. Истисно тариқасида бундай ўзгартиришга:

Технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишга ўзгаришлар юз берган тақдирда, башарти меҳнатга ҳақ тўлашнинг аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса;

Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилиши мумкин. Бўлажак ўзгартириш ҳақида ходим камида икки ой олдин огоҳлантирилиши лозим.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ ТИББИЁТ ТАЪЛИМИ САМАРАЛАРИНИНГ ЯНА БИР ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФИ

Саволларга Тошкент шаҳридаги 5-сонли нотариал идораси бошлиғи, ҳуқуқшунос Асқар ПЎЛАТОВ жавоб берди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: