Қовун етиштириш бўйича тавсиялар

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар – Роҳат, ўртапишар – Суюнчи-2, Олтин водий, Лаззатли, Олтинтепа, Кичкинтой, Оби новвот, Гурвак, Бўрикалла, кечпишар – Тўёна, Гурлан, Амударё, Гулоби Хоразмий, Зар гулоби, Саховат, Умрбоқий, Бешак.

Уруғ танлаш. Экиладиган тарвуз уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Ер кузда 35 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ерни шудгорлашдан олдидан маъдан ва органик ўғитлар берилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади. Қовун экини эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта шудгорлаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда юмшатиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда қовуннинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача; жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10-20 апрелда, кечкилари эса 10-20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги қовунни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20-30 майда тупроқ ҳарорати 14-15°С га етганда экишга киришилади. Қатор оралари 210-280 см бўлган эгат олинади. Бундай эгатлар полиз экинлари палакларини яхши таралииши имкон беради. Уруғлар 3-6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли қовун экиш учун 1 сотихга 40 г, йирик уруғлиларини экиш учун 50 г уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Қовун уруғи нам тупроққа экилса ниҳоллар униб чиққунча суғориш талаб этилмайди. Қовун экинини асосий парваришлаш ишлари ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади.

Яганалаш икки босқичда: биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда ва биринчи чопиқ вактида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан бир қаторда ораларини юмшатишга киришилади.

Ниҳоллар униб чиққандан 20-25 кун ўтгач, яъни уларда иккита-учта чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилади, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25-30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4-5 марта чопиқ қилинади.

Яна ўқинг:  Кексаликка қадар тишларни соғлом сақлаб қолиш сирлари

Ўғитлаш. Қовун учун 1 сотих ерга соф ҳолда 0,750 г азотли, 0,750 г фосфорли ва 0,500 г калийли, органик ўғитлардан 300-400 кг солинади. Бўз тупроқли ерларда ўсув даврида экини ҳар гал 1 сотих ерга 4-5 м3 ҳисобидан 8-9 марта суғориш кифоя. Сизот суви юза жойлашган далаларда эса бўзтупроқли ерларга қараганда камроқ 4-5 марта суғорилади. Ўсув даврида полиз экинларини сув билан бир текис таъминлаш ҳосилни ошириш гаровидир.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Уруғларни экишдан олдин Фундазол препарати (4-8 г 1 кг уруққа) билан ёки Понактин (4 г – 1кг уруғ намланади) билан намлаб экиш тавсия этилади. Уруғларни касалликлардан зарарсизлантириш мақсадида экишдан олдин бирорта микроэлементларга солиб бўктириб қўйилади. Улар: мис, рух ва марганец (0,05% ёки 0,5 г/кг), темир ва бор (0,025% ёки 2,5 г/кг). Ивитилганда суюқлик ҳарорати 20-22 С да 12 соат давом этади.

Зараркунандалари – полиз бити (шираси), ўргимчаккана, оққанот, кузги тунлам, полиз қўнғизи, қовун пашшаси ва бошқалар.

Кураш усуллари: агротехник усулда экинларни алмашлаб экишга риоя қилиш, ерларни чуқур ҳайдаш; яхоб суви бериш.

Биологик усулда полиз битига, ўргимчакканага, оққанотга қарши олтинкўз кушандасини, оққанотга қарши энкарзия паразитини қўллаш.

Кимёвий усулда 10 сотих ерга оққанот, шираларга қарши Моспилан 20% (25-30 мл), Циракс 25% (120-160 мл) ва бошқа препаратлар қўлланилади. Қовун майса пашшаси ва қовун пашшасига қарши Карбофос 50% (200 мл), Нестор 20% н. к. (300 г), Агрофос Д 55% (150 мл) препаратлари қўлланилади.

Касалликлари: Илдиз чириш, фузариоз сўлиш, уншудринг, оддий бодринг мозаикаси. Кураш усуллари: экинларни алмашлаб экишга риоя қилиш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, фунгицидлардан Байлетон 25% (300-400 мл), Топаз 10% (200-250 мл), Курзат Р н. кук. (200-250 г), Фоликур 22,5% (50 мл) препаратларини 60-70 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Қовун ҳосили пишиб етилганларини танлаб-танлаб уч-беш марта йиғиб олинади. Кечки муддатда экилган кечки навлар эса бир марта йиғиштириб олинади. Пишган қовунлар полизда узоқ муддат туриб қолса нобуд бўлади.

 

Р. Ҳакимов, Ф. Расулов

 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайтидан

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: