2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

          қ а р о р и        

Қайд этиб ўтилсинки, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида каттагина ишлар амалга оширилди. Ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича ғоят муҳим дастурлар ва лойиҳаларни изчиллик билан рўёбга чиқариш шаҳар ва туманларда, шу жумладан, қишлоқ жойларда сув таъминоти ҳолатини сезиларли даражада яхшилаш имконини берди.

Кейинги олти йилнинг ўзидагина 13 минг километрга яқин сув қувурлари ва водопровод тармоқлари, 1,6 мингтадан кўпроқ сув чиқариш қудуқлари, шунингдек, 1,4 мингта сув босимини ҳосил қиладиган минора ва резервуарлар барпо этилди ҳамда реконструкция қилинди. Натижада, жумладан, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва кредитларини жалб этиш ҳисобига ичимлик суви билан таъминланмаган кўпгина аҳоли пунктлари сифати ва хавфсизлиги бўйича замонавий талабларга мос келадиган сув билан таъминланди.

Шу билан бирга, айрим минтақаларни, энг аввало, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларини сифатли ичимлик суви билан таъминлашнинг бир қанча ечилмаган муаммолари ҳамон сақланиб қолмоқда.

Аҳоли сонининг муттасил ортиб бориши, янги турар жой массивлари барпо этилиши, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг тобора кенгайиши энергия ва ресурларни тежайдиган замонавий технологияларни фаол жорий этиш асосида сув олиш иншоотларини, сув қувурлари, насос станциялари, тақсимлаш узеллари ва водопровод тармоқларини модернизациялаш ва илдам ривожлантиришга йўналтирилган кафолатланган сув таъминоти тизимини тубдан яхшилаш бўйича амалий чоралар кўрилишини тақозо этмоқда.

Аҳолининг кенг қатламлари яшаши учун, айниқса, қишлоқ жойларда, шинам ва қулай ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш, истеъмолчилар учун ҳамма жойда сифатли ичимлик суви етказиб берилишига эришиш, республикада сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида:

  1. Қуйидагилар 2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини янада ривожлантириш ҳамда модернизациялашнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

сув олиш, канализация иншоотлари ҳамда водопровод тармоқларининг янгиларини қуриш, мавжудларини қайта тиклаш ва реконструкция қилиш, шунингдек, сув таъминоти ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ускуналар, машиналар, механизмлар, таъмирлаш-фойдаланиш ва ўлчов техникаси билан жиҳозлаш;

сув таъминоти соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, истеъмол қилинган сув ва кўрсатилган хизматлар ҳажмини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш;

ичимлик суви ишлаб чиқаришнинг технологик ва ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлигини ошириш, белгиланган талабларга мувофиқ сувнинг сифатли бўлишини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнига энергия ҳамда сувни тежайдиган технологиялар ва ускуналарни татбиқ этиш;

сув таъминоти ва канализация тизимларини, шу жумладан, давлат билан хусусий сектор шериклиги асосида бошқарувнинг бозор тамойилларига мос келадиган механизмларини жорий этиш;

сув таъминоти ташкилотларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар томонидан кўрсатиладиган хизматларга нарх шакллантириш тартибини такомиллаштириш.

  1. 2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури (кейинги ўринларда Дастур) тасдиқлансин, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг йиғма параметрлари 1-иловага мувофиқ;

2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурини молиялаштиришнинг йиғма параметрлари 2-иловага мувофиқ;

2017-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ичимлик суви таъминоти тизими объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишнинг манзилли дастурлари 3.1-3.13-иловаларга мувофиқ;

2017-2021 йилларда ҳудудлараро аҳамиятдаги ичимлик суви таъминоти тизими объектларини ҳамда алоҳида муҳим объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастури 4-иловага мувофиқ;

2017-2021 йилларда халқаро молия ташкилотларининг кредитларини жалб этган ҳолда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш параметрлари 5-иловага мувофиқ;

Яна ўқинг:  "Ватан учун яшайлик " танловининг ғолиблари тақдирланди

2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ташкилотларининг машина ва механизмлари паркини мустаҳкамлаш параметрлари 6-иловага мувофиқ.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давархитектқурилиш қўмитаси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси ва вилоятлар ҳокимлари тасдиқланган Дастур параметрлари қатъий ўрнатилган муддатларда сўзсиз бажарилиши юзасидан шахсий жавобгардир.

  1. Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш Республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) 7-иловага мувофиқ таркибда тузилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

тадбирлар Дастури амалга оширилишини, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларининг ўз вақтида фойдаланишга топширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;

аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда ичимлик суви таъминоти ва канализацияни ривожлантиришнинг ҳудудий схемаларини тасдиқлаш;

сув олиш иншоотларида, насос станциялари ва сув тақсимлаш узелларида энергия тежайдиган замонавий насос ускуналарини татбиқ этиш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш;

қудуқлар ва сув олиш иншоотларининг техник ҳолатини баҳолаш натижалари тўғрисида, шунингдек, ер ости сув ресурсларидан самарали фойдаланилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиб туриш;

Дастур қандай бажарилаётганлигини ҳар чоракда кўриб чиқиш.

Республика комиссиясига, зарур ҳолларда, тадбирлар Дастурининг йиғма ва манзилли параметрларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Дастурни амалга ошириш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.
  2. “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” корхонаси ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида ихтисослаштирилган бош лойиҳа институти этиб белгилансин ва унинг зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклансин:

Республика ҳудудида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларини қуриш, ривожлантириш ва реконструкция қилишни лойиҳалаштиришда ягона сиёсат ўтказишни ҳисобга олган ҳолда, сув таъминоти ва канализация тизими объектларини лойиҳалаштириш бўйича ихтисослаштирилган бош ташкилот функцияларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан илғор хорижий тажрибадан самарали фойдаланган ҳолда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш соҳасида техник тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга оид ўтказиладиган ишларда қатнашиш;

аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш доирасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини ривожлантиришнинг ҳудудий схемаларини тузишда иштирок этиш;

ичимлик сувининг кафолатланган манбалари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш усулларини жорий этиш, шунингдек, сув таъминоти ва канализация тизими объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялашни лойиҳалашда оптимал техник ечимларни қўллаш;

объектларни автоматлаштирилган тарзда лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияларини, жумладан, қурилишнинг илғор методлари ва қурилиш материалларининг янги турлари қўлланилишини назарда тутган ҳолда жорий этиш;

лойиҳалаштирилган объектлар қурилишининг барча босқичларида сифатли муаллифлик назоратини таъминлаш;

етакчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларини жалб этган ҳолда, халқаро стандартлар даражасидаги юқори технологияли усуллар ва ускуналар қўлланилишини назарда тутувчи ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш соҳасида техник назоратни тартибга солишнинг замонавий норматив ҳужжатларини татбиқ этиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2017 йилнинг охирига қадар ҳар бир аҳоли пункти ва умуман ичимлик суви таъминоти ташкилотлари бўйича сув таъминоти тизими объектлари (қудуқлар, сув олиш иншоотлари, магистрал водопроводлар, тақсимлаш тармоқлари ва бошқа объектлар) паспортлаштирилишини, шунингдек, паспортлаштириш натижалари бўйича ичимлик суви таъминоти тизими объектларининг электрон маълумотлар базаси яратилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Дастурни амалга ошириш доирасида бажарилаётган лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларининг сифати, тузилган шартномаларнинг шартлари буюртмачилар ва пудрат ташкилотлари томонидан бажарилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини таъминласин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза ичимлик суви” жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) тузилсин, унда жамғариладиган маблағлар:
Яна ўқинг:  Кўнгилдан бошланган ободлик

Дастурни бажариш доирасидаги лойиҳа-қидирув ишларини;

Дастур доирасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларини қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштиришда фойдаланилади.

  1. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун олинадиган солиқ бўйича тушумлар ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган тегишли маблағлар;

мақсадли бюджет маблағлари;

халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари;

халқаро донорларнинг грантлари, хайр-эҳсон қилувчиларнинг маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги“Тоза ичимлик суви” жамғармаси маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, хомашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюм ва узеллар, технологик ҳужжатлар ва жиҳозлар 2022 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича аҳолига, айниқса, қишлоқ жойларда сифатли ичимлик суви етказиб берилишини ташкил этиш доирасида махсус техника учун ёқилғи-мойлаш материалларига зарур лимитлар ажратсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат архитекура ва қурилиш кўмитаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 20 апрель

 

                                 *                  *                  *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Коммунал соҳа мамлакатимиз ҳудудий инфратузилмасининг энг муҳим таркибий қисмини ташкил этади, унинг фаолияти эса одамларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни шакллантиради, уй-жойлар ва аҳоли пунктларининг ҳар жиҳатдан шинам ва қулай бўлишини таъминлайди.

Мазкур соҳанинг тараққиёт даражаси ва фаолият самарадорлиги аҳолининг шунга мос ҳаёт сифатини шакллантиради, турмуш даражаси ва ҳаёт тарзини акс эттиради, иқтисодий салоҳиятни янада юксалтириш омилларидан бири бўлиб хизмат қилади. Буларнинг барчаси ўзаро боғлиқ бўлиб, сифатли хизмат – соғлом жамият гаровидир.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Республикамизда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантиришга оид муҳим устувор йўналишлар, дастур ва лойиҳаларнинг изчил амалга оширилиши шаҳар ва туманларда, жумладан, қишлоқ жойларда марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматларини сезиларли равишда яхшилаш имконини берди.

Фақат 2011-2016 йилларда мамлакатимизда қарийб 13 минг километрдан иборат йирик сув қувурлари ва тармоқлари, бино ва иншоотларда 1 минг 600 дан ортиқ сув чиқариш қудуқлари, шунингдек, 1 минг 400 та сув минораси ва резервуари қурилди ҳамда реконструкция қилинди.

Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия институтларининг грант ва кредитларини жалб этиш ҳисобидан ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган кўплаб аҳоли пунктлари талабга жавоб берадиган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олинди.

Яна ўқинг:  Пенсионерлар учун янги қулайлик

Шу билан бирга, айрим аҳоли пунктларини, энг аввало, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги аҳоли масканларини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга оид қатор муаммолар ҳанузгача ҳал этилмасдан қолмоқда.

Юртимизда оилалар ва маҳаллалар сони мунтазам кўпайиб, юзлаб янги турар жой мавзелари, аҳоли пунктлари барпо этилаётгани ва шаҳарларнинг кенгайиб бораётгани ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини тубдан яхшилаш борасида амалий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда. Бу чора-тадбирлар энергия ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологиялар асосида сув чиқариш ва канализация-тозалаш иншоотлари, сув ўтказгичлар, насос станциялари, тақсимлаш узеллари, водопровод ва канализация тармоқларини модернизация қилишга қаратилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори ана шу муҳим вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган ва у аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун янада қулай  ва муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, 2017-2021 йилларда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларнинг барча ҳудудларда сифатли ичимлик сувидан фойдаланишини таъминлашга қаратилган.

Мазкур қарор билан, хусусан, қуйидаги дастур ва лойиҳалар тасдиқланмоқда:

10,2 минг километр ичимлик суви қувурлари ва тармоқлари, 1677 та сув чиқариш қудуғи, 1744 та сув минораси ва резервуари қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, 1440 дона насос ускунасини ўрнатиш назарда тутилаётган туманлар ва аҳоли пунктлари бўйича 2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг йиғма ва манзилли параметрлари;

20 та ичимлик суви таъминоти объектини қуриш ва реконструкция қилиш, 302 километрдан иборат сув ўтказиш ва водопровод тармоқларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган 2017-2021 йилларда минтақалараро аҳамиятга молик ичимлик суви таъминоти тизимлари ва ўта муҳим объектларни барпо этиш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли дастур;

халқаро молия институтларининг кредитларини жалб этган ҳолда, республикамиз ҳудудларида 36 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ичимлик суви тармоқлари ва канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастури.

Дастурни 2017-2021 йилларда молиялаштириш учун 4,8 триллион сўм, жумладан, давлат бюджетидан 2,2 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 2,6 триллион сўм ёки 730,7 миллион доллар миқдоридаги маблағлари йўналтирилади.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва Дастурнинг амалга оширилишини назорат қилиш учун Идоралараро ишчи комиссияси тасдиқланди. Шунингдек, қарорда “Тоза ичимлик суви” жамғармасини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, унинг маблағлари мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилишга, республикамиз аҳолиси, айниқса, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилади.

Бундан ташқари, қарорда ичимлик суви таъминоти тизими объектларидан янада ишончли фойдаланиш мақсадида ҳар бир аҳоли пунктидаги ичимлик суви таъминоти объектларини паспортлаштириш ва ичимлик суви таъминоти тизими объектларининг электрон маълумотлар базасини яратиш назарда тутилган.

Ушбу қарорнинг амалга оширилиши:

биринчидан – шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини тубдан яхшилаш;

иккинчидан – аҳолини марказлашган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олишни республикамиз миқёсида 84 фоизга, бир қатор ҳудудларда эса 90 фоизга етказиш;

учинчидан – аҳоли кенг қатламлари, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун янада қулай  ва муносиб ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, ушбу муҳим ҳаётий вазифаларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод бўлиши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалишига хизмат қилади.

 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: