ЗАМОНАВИЙ СПОРТ МАЖМУАСИ ЁШЛАР БИЛАН ГАВЖУМ

Тошкент вилоятида ҳам болалар спортини ривожлантириш, спортнинг ­оммавийлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозир вилоятда 50 минг нафардан зиёд 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. 135 минг нафарга яқин ёшлар спорт ва жисмоний соғ­ломлаштириш машғулотларига жалб қилинган. Мавжуд 36та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида минглаб ўғил-қизлар спортнинг қирқдан ортиқ тури билан шуғулланаётир.

Бекобод шаҳридаги “Ёшлик” болалар спорти мажмуасида айни кунда мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларининг минг нафарга яқин ўқувчиси спортнинг бокс, таэквондо, волейбол ва бадиий гимнастика турлари бўйича ўз маҳоратини оширмоқда. Уларга 15 нафардан зиёд малакали мураббийлар спорт сирларини ўргатмоқда.

– Спорт тўгаракларимизда шуғулланиш истагини билдираётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда, – дейди мазкур мажмуа мудири Ғанижон Юнусов. – Шуни ҳисобга олиб бокс, бадиий гимнастика каби спорт турлари бўйича қўшимча гуруҳлар ташкил этдик.

Мажмуада барча замонавий шарт-шароитлар яратилган. Ҳар бир спорт тури билан шуғулланиш учун ажратилган заллар, кийим алмаштириш ва ювиниш ҳамда тиббиёт ходимлари хоналари энг замонавий спорт инвентарлари ҳамда мебеллар билан жиҳозланган. Бинода ўрнатилган иситиш ва совутиш тизими ҳар қандай об-ҳаво шароитида меъёрдаги ҳароратни таъминлаш имконини беради.

Айни кунда бу ерда 250 нафарга яқин бола бокс билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларга Ўктам Бозоров, Тўхтасин Эрназаров, Мурод Худойбердиев сингари тажрибали мураббийлар сабоқ бераётир.

– Олти йилдан бери бокс тўгарагига қатнашаман, – дейди мажмуа тарбияланувчиси Умид Жўрабоев. – Ўтган йили 50 килограмм вазн тоифасида вилоят чемпионлигини қўлга киритдим. Ниятим – мамлакат, қитъа ва жаҳон миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда ҳам яхши натижаларга эришиш.

Тўққиз ёшли Моҳира Раҳимова икки йилдан бери мазкур спорт мажмуасининг бадиий гимнастика тўгарагига қатнайди. Спорт уни соғлом ва чаққон қизга айлантирди.

– Бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланаётган қизимнинг соғлиги яхшиланиб, ҳаракатларидаги ижобий ўзгаришлар бизни қувонтирмоқда, – дейди Моҳиранинг отаси Адҳам ака. – Биз, ота-оналар Президентимиз Ислом Каримов томонидан фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда таълим олиши, соғлигини мустаҳкамлаши, мазмунли ҳордиқ чиқариши, спорт билан шуғулланиши учун яратиб берилаётган замонавий шарт-шароитлардан миннатдормиз. Бундай катта эътибор ва ғамхўрликка жавобан улар ҳар жабҳада фаоллик кўрсатиши, янада юксак марраларни забт этишга интилиши табиийдир.

Яна ўқинг:  Ёш оилалар ва қизлар форуми

Х. САЛИМОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: