Тармоқлараро саноат ярмаркаси – сифатли маҳсулот намойиши

Мамлакатимизда анъанавий ўтказиб келинаётган тармоқлараро саноат ярмаркалари хомашё, бутловчи қисмлар, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, корхона, ташкилот, муассасалар ва тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир.

“Ўзэкспомарказ”да соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ҳамда Таълим ва илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари мажмуаларининг тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бошланди.

Тармоқлараро саноат ярмаркасида Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги ва уларнинг таркибига кирувчи корхоналар, енгил саноат маҳсулотлари, мебеллар, спорт анжомлари, маиший техника воситалари ишлаб чиқарувчи 530 дан ортиқ корхона, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти иштирок этмоқда.

“Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни стендида мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кенг намойиш этилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда 150 яқин фармацевтика корхонасида 2 минг турдан ортиқ дори-дармон ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу самарали шифо воситаларидан мамлакатимиз тиббиётида кенг фойдаланиш баробарида улар дунёнинг 20 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.

Фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқариш жараёни йилдан-йилга такомиллашаётир. 2016-2020 йилларда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир 67 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш имконини беради.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишга эришишда муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ярмаркада қуёш фотоэлектр станциялари, сув иситиш коллекторлари, шамол генераторлари, биогаз қурилмалари кенг намойиш этилаётир.

Ярмарка майдони жуда кенг, маҳсулотларнинг тури ҳам хилма-хил. Улар орасидан маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотлари, чарм-пойафзал, санитария-гигиена воситалари, маиший техникалар, спорт анжомларидан тортиб ахборот технологиялари маҳсулотларининг ҳам кенг ассортиментларини топиш мумкин.

Мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт, спорт муассасалари ва уй-жойлар учун жиҳозларнинг минглаб турлари намойиш этилаётган стендлардан ҳар бир инсон ўз диди, иш ва яшаш жойига мос мебелни танлаб сотиб олиши учун қулай шароит яратилган. Ярмаркада спорт анжомлари, айниқса, футбол, волейбол, баскетбол, гандбол тўплари катта-ю кичикни ўзига жалб этмоқда.

Тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси доирасида қатор корхоналарнинг тақдимотларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Яна ўқинг:  Ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

 

Н.НОРБОБОЕВ

 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: