1 июлдан Ўзбекистонда олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилади
Ўзбекистонда 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилмоқда. Биринчиси – диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ва иккинчиси – диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими ҳисобланади.
28 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида “Олий таълимдан кейинги таълимнинг истиқболлари” мавзусидаги матбуот анжуманида бу ҳақда маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2013 йилдан ҳозирга қадар фақат 360га яқин тадқиқотчи докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Бу эса республикадаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари учун олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни қондира олмайди. Янги тизим орқали олий ўқув юртидан кейинги таълим соҳасини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари ва олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Ахбарот хизмати