Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан

Аждодларимизнинг ҳаётий тажрибалари, билимлари миллий анъана ва удумлари оғзаки шаклда бизгача етиб келган. Ахборотларнинг яхлит бир маросим сифатида келиши кўрган кўзга, эшитган қулоққа ва кўнгил хотирасига осон сингади. Иккинчи томондан ҳар қандай жамоавий тадбирда одамлар бир эзгу ният билан бирлашса, уларда жуда катта қувват жамланади. Нимаки, одамнинг кўнглида кечса, табиатга ҳам кўчади. Яъни, одамлар ўз қувватлари билан табиатга таъсир ўтказамиз, деб ўйлашган. Чунки, улар табиатдан ўзларини ажратмаганлар.

Инсон ҳам она табиатнинг фарзанди ҳисобланади. Бундан ташқари халқ эътиқодига кўра, айни кўклам кириб, қиш кетадиган пайт, яъни Наврўз вақтида шундай бир сония бўлар экан-ки, бутун табиат худди шу сонияда симобдай қалқир экан, эрир экан. Халқ бу ҳодисани нақл қилиб айтган.

Кўкламнинг даракчиси сифатида бойчечак олинган. Қадимда, айнан мана шу тасаввурларнинг барчасини бирлаштириб турадиган “Бойчечак” маросими бўлган. Баъзи бир қўшиқлар, маросимларнинг илдизлари ҳозирги кунларда ҳам деярли барча вилоятларда, айримларида маросим шаклида, баъзиларида эса фақат қўшиқ шаклида сақланиб қолган.

Бойчечак ҳақидаги дастлабки маълумотни улуғ шоир Абдулҳамид Чўлпон ижодида учратамиз. Унинг 1925 йилда Андижонда ёзилган бир шеъри «Бойчечак» деб номланади:

Бойчечакнинг боласи,

Очди юзини,

Сувга чиққан холаси

Кўрди қизини!

Бойчечакнинг боласи

Етимча бир қиз.

Унинг ўгай онаси,

Жуда ёмон, тез!

Бойчечакнинг боласи

Юлиб олинди.

Юртнинг кўзи оласи,

Жуда севинди!

Бойчечакнинг боласи,

Ҳар уйда кулди.

Гўдакларнинг халтаси,

Нон билан тўлди!

Мазкур шеър бир қараганда анчайин содда туюлади. Лекин бу фақатгина юзаки қараганда шундай. Шеърнинг охирги тўртлигида шоир Чўлпон ўзи гувоҳ бўлган “Бойчечак” маросими ҳақида хабар бермоқда.

Қиш ва баҳор курашар

Қиш узоқ чўзилиб, кўклам келиши интиқлик билан кутилганда “Бойчечак” маросими ўтказилган. Бу маросим улус ҳаётида муҳим саналган ва унга махсус тайёргарлик кўрилган. Маросимда сўз компонентининг нисбатан тугал ҳолатда сақланиб қолгани шундан дарак беради. Даставвал, катталар ижросида ўтказилган бу маросим кейинчалик болалар фольклори кўринишини олган. Зеро, унутилган кўпгина маросимларнинг излари айнан болалар фольклори таркибида сақланиб қолган.

Бойчечагим бойланди,

Қозон тўла айронди,

Айронингдан бермасанг,

Қозон-товоғинг вайронди.

Қаттиқ ердан қаталаб

чиққан бойчечак,

Юмшоқ ердан юмалаб

чиққан бойчечак.

Яна ўқинг:  “Келгинди” қушлар

Ғарбнинг “олтин бутоқ”и

Ж.Фрезер ўзининг “Олтин бутоқ” китобида айнан Ўзбекистондаги “Бойчечак” маросимига ўхшаш маросимни эслатувчи европаликларнинг “Биринчи май” одатини келтирган. Фрезернинг таъкидлашича, шу куни ёш қизлар майни улуғловчи қўшиқлар айтиб, уйма-уй юришган. Ҳар бир хонадон соҳиби уларга пул ёки бирор егулик улашган.

Республикамизнинг жанубий вилоятларидан ёзиб олинган бошқа маълумотлар эса Чўлпоннинг “Бойчечак” шеърига янада ойдинлик киритади. Яъни, бойчечак тергани чиққан болалар дастлабки, биринчи бойчечакни кўрганда уни оёғи билан босиб, топтаб ташлаганларидан сўнггина, бошқа бойчечакларни авайлаб теришга тушганлар. Бошқа бир маълумотда эса даст­лабки бойчечак юлиб олиниб, дарёга отилган. Бу ўринда ҳар икки ҳолатда ҳам бойчечак муқаддас саналиб, ҳам “қурбонлик” қилинмоқда.

“Бойчечак” маросимининг қандай ўтганини тасаввур этиш учун уни ўзимизда мавжуд бошқа мавсумий маросимлар билан қиёслаш зарур бўлади. Негаки, кўпчилик мавсумий маросимларнинг мазмун-моҳияти, ўтказилиш тартиби, бир-бирига деярли уйғун келади. Бунга асосий сабаб табиатда сеҳрли куч мавжуд деб ишониш, унинг ҳодисаларини жонли деб тасаввур қилиш ҳамда мавсумий маросимлар асосан икки фасл – қиш ва кўклам ҳақидаги қарашлардан келиб чиқади.

Хонадон соҳиблари бойчечак жарчиларига атаганларини беришади. Лекин ҳеч кимга “кўп бердинг” ёки “кам бердинг”, дейилмайди. Ҳар ким болаларга қурби етганича эҳсон қилишган.

Бойчечак айтган билан тўямизми,

Қадимгилар одатини қўямизми?

Бо-ойчечак,

бо-ойчечак,

бо-ойчечак …

Жарчи болалар шу кечаси қишлоқнинг барча хонадонларини кезиб чиқишади. Барча хонадонда баҳор даракчисини юз — кўзга суртиб, унга эҳтиром бажо келтиришади, яна бир баҳорга етказгани учун Оллоҳ таолога шукроналар айтишади.

Бойчечак тўйи…

Бу тўйнинг дараги барчани қувонтиради. Айниқса, тўй куни эрталабданоқ байрамона кийинган болалар қишлоқ қир-адирлари томон югуришади: Бугун “Бойчечак тўйи”!..

Тўй дастурхони баҳорий таомлар билан безатилган. Лекин, асосийси, бу ерда баҳорни соғинган одамларнинг қувончу шодликлари ҳукмрон бўлади. Одамлар бу тўйга баҳорнинг илк қадамини қутлагани келишади: “Омин, янаги йил, янаги шу кунларга, янаги йил “бойчечак тўй”ларига етказсин…”

“Бойчечак тўйи” барчани қувонтиради. Жумладан, катталарни ҳам. Чунки, баҳорнинг илк элчиси ўзи билан бирга умид ва ишонч елларини ҳам олиб келади.

Ўтган асрнинг ўрталарида бу баҳорги маросим қишлоқ ташқарисидаги адирликларда ўтказилган. Одамлар бу тўйларни қиш исканжасидан қутулиб, баҳорга кенг қучоқ очаётган табиат бағрида нишонлашган. Ўша маҳалларда ҳам одамлар бойчечак жарчиларига уйларида борини беришган: биров туршак, биров майиз, яна бошқаси арпа, буғдой ва ҳоказо. “Бойчечак тўйи”нинг асосий таоми эса ҳалим ва гўжа бўлган.

Яна ўқинг:  Ширин сўз – бемор дардига малҳам

Ҳар йили янги ҳисоб билан февраль ойининг ўрталарида, баҳор ҳали кириб келмаган, лекин унинг вужудларни яйратувчи илиқ нафаси сезила бошлаган ва сариқ либос кийган жажжи элчилари – бойчечаклар баҳорни интиқиб соғинган қир-адирларга қадам қўйган кўклам олди кунларининг бирида чекка-чекка қишлоқларида “Бойчечак тўйи” бўлиб ўтади. Қишлоқ аҳли ота-боболардан мерос қолган ушбу удумни ҳар йили нишонлашади. Бойчечак қўшиғи эса унутилмасдан авлоддан авлодга ўтиб келаверади. Зеро, қалбида ҳамиша УМИД ва ИШОНЧ яшаб келаётган халқ эзгулик тимсоли бўлган бойчечак билан боғлиқ удумни унутмас.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: