КЎКЛАМ ТАОМНОМАСИ

Ҳар биримиз қишнинг совуқ кунларидан сўнг келадиган баҳор фаслини интиқлик билан кутамиз. Фасллар келинчаги баҳор қалбимизга илиқлик олиб келиши билан бирга танамизда сезиларли нохуш ҳолатларни ҳам юзага келтиради.

Кўпчилик одамлар тез чарчаш, иштаҳа йўқолиши, уйқучанлик, теридаги ўзгаришлар (тери рангининг ўзгариши, дағаллашиши, қуриши)дан нолий бошлайди.

Бу ерда иккита омил ўзаро таъсирга киришади: бир томондан, ультрабинафша нурларга бой баҳор офтоби моддалар алмашинувини кучайтиради, бу ўз навбатида организмнинг витаминларга эҳтиёжини оширади.

Биз баҳорда мева ва сабзавотларни куздагига қараганда анча кам истеъмол қиламиз. Кўкламда маҳсулотлардаги витаминлар ҳам, куз фаслидагига қараганда камроқ бўлади. Шунинг учун баҳорда одам ўзида юқоридаги таъкидланган ҳолатларни бошидан кечиради.

Шунга қарамай, баҳорда дорихоналарга боришга шошилмай турганингиз маъқул деб, қуйидаги маслаҳатларга амал қилишингизни тавсия этамиз.

Бу фаслда организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини табиат берган неъматлардан оқилона фойдаланиш орқали тўлдиришга ҳаракат қилинг.

Сервитамин таомлар, дармондориларга бой озиқ-овқат махсулотларидан истеъмол килишни канда қилманг.

Мева қоқиларидан тайёрланган шарбатларни кўпроқ истеъмол қилинг.

Шарбатлар ниҳоятда фойдали бўлиб, таркибида организм учун зарур бўлган минерал тузлар, пектин моддалар , клетчатка ҳамда витаминларга бой қимматли маҳсулот ҳисобланади. Шарбатлардан ўрик, олма, олхўри, помидор, узум, сабзи шарбатлари таркибида темир, калий, Р,С дармондорилари мавжуд бўлиб, ҳар кунлик овқат истеъмолингизга киритсангиз фойдадан холи бўлмайди.

Ҳозирги кунда қора қарағат (смородина) шарбати ҳам истеъмолга чиқарилган. 100 грамм қорағат шарбатида 90 мг гача дармондори, витамин С мавжуд бўлади, бу катта ёшли одамнинг шу витаминга бўлган кунлик эҳтиёжини тўла қондиради.

Шуни унутмангки, шарбат енгил ҳазм бўладиган, фойдали ичимликдир. Уй шароитида тайёрланган шарбатларда меваларнинг эти қанчалик кўп бўлса, унда фойдали моддалар шунчалик кўп бўлади. Шунинг учун болаларга шарбатларни ўзингиз тайёрлаб берганингиз маъқул. Мева ва сабзавотларни хомлигича ейишни тавсия этамиз.

Сабзавотлар ва кўкатлар (карам, лавлаги, картошка, кўк салат, кўк нўхат, кўк пиёз, редиска) қўшиб тайёрланган салатлар иштаҳангизни очиш билан бирга организмни фойдали озуқа билан таъминлайди.

Баҳор мавсумида инсонга куч-қувват бахш этувчи таомлар зарурлигини халқимиз яхши билади. Организмга қувват бағишловчи оқсиллар, ёғлар, карбон сувлар, минерал моддалар, дармондориларга бой, ҳамма севиб истеъмол қиладиган сумалак ва ҳалим шифобахшдир.

Яна ўқинг:  Хавфсиз биологик фаол қўшимчалар кўз касаллигини даволашда ёрдам беради

Шунинг учун бу таомлардан иложи борича кўпроқ тановвул этишингизни тавсия этамиз.

Исмалоқ, ялпиз, отқулоқ, жағ-жағ, беда, кўк пиёз ва зираворлар қўшиб пиширилган таомлар баҳор мавсумида роҳатланиб ейилишидан қатъий назар танангизни хам керакли моддаларга тўлдиради ва организмни хилтлардан тозалайди.

Хитой ва Ҳимолай тоғларида яшовчи аҳолининг узоқ умр кўриши боисини аниқлаган олимлар шу одамларнинг овқат рациони (таомномаси)ни текширишганда улар донли, дуккакли маҳсулотларни табиий ҳолда, ундириб кўп истеъмол қилишлари маълум бўлди. Шуниси эътиборга лойиқки, қишки мавсумдаёқ улар баҳорги мавсумга тайёргарлик кўришган. Яъни, буғдой, арпа, сули, ловия, нўхат, соя, тариқ, мош каби донли маҳсулотлар, уруғларни ўстириб (ниш) майсаларидан турли хилдаги салатлар, суюқ овқатлар тайёрлаб истеъмол қилганлар. Шу сабабли улар ўз организмларини турли хил дармондарилар билан озиқлантирганлар ва авлодларига ҳам овқатланиш инсон саломатлигини сақлашда муҳим омил эканлигини ёшлигидан онгига сингдириб борганлар.

Шу аснода, буғдой ва арпанинг энди ниш урган майсалари мия ва юрак фаолиятини меъёрлаштириши, тери ва сочни бақувват қилиб, қариш жараёнини секинлаштириши аниқланган.

Нафақат баҳор мавсумида, балки йил бўйи саломат , бардам-баққуват бўлиб юришингиз учун сут, қатиқ, жигар, қора нон, балиқ, дуккакли маҳсулотлар (мош, ловия, нўхат ва ҳоказо)ни тез-тез истеъмол қилишингизни тавсия этамиз. Бу маҳсулотлар таркибидаги, В гуруҳ витаминлари хотирани яхшилаш билан бирга асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир этади. Таркибида С ва Е витаминлари бўлган лимон, апельсин, наъматак, кунгабоқар ёғи организмни турли инфекциялардан сақловчи ҳамда мия фаолиятини яхшиловчи озуқалардир.

Ёнғоқ, ерёнғоқ, майиз, туршак ва олма қоқиларни халқимиз азалдан севиб истеъмол қилишади. Бу маҳсулот ниҳоятда фойдали.

Баҳорги мавсумда Ўзбекистон шароитида кўп етиштираладиган ўрик туршагидан доимий равишда истеъмол қилиб туриш зарур. Чунки, ўрик таркибида 27 фоиз қанд, органик кислоталар, пектин, крахмал, ошловчи моддалар, темир, мис, кальций, магний микроэлементлар, калий тузлари, витамин С, каротин бор. Абу Али ибн Сино ўрик ва унинг туршагидан меъда-ичак фаолиятини яхшилашда фойдаланган бўлса, халқ табобатида хафақон ва юрак хасталикларини даволашда ишлатилган.

Ўрикнинг “Исфарак”, “Хурмойи” навларидан туршак тайёрланади. Туршак юрак санчиғи, нафас йўллари яллиғланиши, кўкйўтал, иситмаси бор одамларга ғоят фойдали. Ўрик туршагидан қуйидаги шарбатларни тайёрлаб истеъмол қилсангиз, танангизни фойдали ва зарур моддалар билан таъминлайсиз.

Яна ўқинг:  Фарзандингиз нега йиғлоқи?

ТУРШАК СУВИ

Туршакнинг 10-14 донасини идишга солиб, иссиқ сув билан ювиб ташланг. Кейин чинни ёки сирли идишга туршакни кўмиб турадиган қилиб сув қуйинг. Сўнгра устини ёпиб, совугунича тиндириб қўйинг. Туршак суви ташналикни қондиради. Юракни бақувват қилади.

ЎРИК ШАРБАТИ

Май ойининг охирларида эртапишар ўриклар “ғарқ” пишади. Сўнгра ёз давомида ўрикнинг турли навлари бирин-кетин ўз ҳосилини беради. Уддабурон уй бекалари томонидан ўтган йилги ҳосилдан тайёрланган ўрик шарбати ҳам баҳорги “илик узилди” даврида танингизга роҳат бағишлайди. Аммо ўз вақтида ўрик шарбати тайёрлашга улгурмаган бўлсангиз, бу йил барвақтроқ ҳаракат қилинг. Қу­йида сизга ўрик шарбати тайёрлаш хусусида тавсия берамиз:

Меваларни чайиб, ўрикларни данагидан ажратинг (Шарбат учун сал қатиқроқ ўрикларни танлаганингиз маъқул). Сирли идишда мевалар қайнатилиб, бироз миқдорда шакар қўшилади (2 кг ўрикка 3-4 л сув ҳамда 0,5стакан шакар етарли).

Кейин шарбатни элакдан сузиб олинг. Яна бир қайнатиб, стерилланган банкаларга ёпишингиз мумкин.

Лобар ЗОКИРОВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти бўлим мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: