Чорраҳадаги камералар қизил чироқдан ўтиш ва тезликнинг оширилишини қайд этади
Тошкент чорраҳаларидаги камералар биринчи босқичда светофорнинг қизил чироғидан ўтиш ва тезликнинг оширилишини қайд этади.
Тошкентнинг 115 та чорраҳасига ўрнатилган камералар биринчи босқичда икки турдаги: светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш ва рухсат берилган тезликни ошириш қоидабузарликларини қайд этади. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси “Компьютер маркази” бўлими бошлиғи подполковник Шуҳрат Муратов маълум қилди. Аввалроқ жарималарни жўнатиш 15 мартдан бошланиши хабар қилинган эди.
“Квитанциялар автомобиллар ҳайдовчиларига автоматлаштирилган тартибда почта орқали юборилади. Инсон омили, яъни тузатишлар, қўшимчалар бўлмайди”, — деди у.
Чорраҳаларни камералар билан қамраб олиш босқичма-босқич амалга оширилади. Лойиҳанинг синов босқичи уч-тўрт ой давом этади, кейин эса иккинчи босқич бошланиб, унда мобиль телефонидан фойдаланиш, хавфсизлик камарини тақмаслик каби қоидабузарликлар ҳам қайд этилади. “Бироқ буларни ходимларимиз қайд этишади”, — деди Шуҳрат Муратов.
Қизил чироқда чапга қайрилиш рухсат этилган чорраҳаларда камералар қоидабузарлик сифатида қайд этмайди. Бундай чорраҳа шаҳарда биргина жойда мавжуд. Агарда синов муваффақиятли ўтса, Йўл ҳаракати қоидаларига тегишли ўзгартишлар киритилади.
Н.Норбобоев