Тадбирнинг боши эзгу ниятда

Зарина Жуманазарова эндигина 22 ёшни қаршилади. Ҳозирда у Тошкент молия институтининг Молия-иқтисод факультети 3-босқич талабаси.

Бу қизнинг сийратига қараб, билимли, нозиктаъб, қизларга хос тортинчоқ, бўлса керак дея тахмин қилган эдик. Аммо қаҳрамонимиз билан яқинроқ танишиб, бу дилбар чеҳра ортида қатъият ва шижоат, жасур ҳамда кучли ирода намоён бўлди.

Зарина тегдошларидан фарқли ўлароқ, институтни тамомлаб, келажакда қайси соҳада иш бошласам экан, деган хаёлдан буткул йироқда. У аллақачон ўз меҳнат фаолиятини бошлаб юборган тадбиркор ёшлардан.

 Қаҳрамонимиз 2015 йилда ёшликнинг завқи ва шижоати билан “Қибрай олтин мева” фермер хўжалигини ташкил этиб, яхши ниятлар билан иш бошлади.

Мақсади аниқ, келажак режалари тайин Заринани хўжаликда сира бўш учратмайсиз. Доим қандайдир юмуш билан банд. Қўл остидаги ходимлар билан суҳбатлашиб, иш суръати, камчиликлар, кунлик режалар хусусида фикр алмашиб олади.

“Қибрай олтин мева” фермер хўжалиги 8 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган. Хўжаликнинг 5 гектарида боғ барпо этилган. Ҳозирда олма ва олхўрининг бир неча навидан сара ҳосил олинмоқда. Қолган ерда 20 бош маҳаллий қорамол ва 50 бош қўй боқилади. Хуллас, мўъжазгина хўжаликда ҳамиша иш қизғин.

– Қиз бола бўлганим учунми, фермер хўжалигини ташкил этишдан аввал бироз чўчидим, – дейди Зарина. – Аммо ўзимга бўлган ишонч ва устозларимнинг берган билимларига таяниб, қатъият билан иш бошладим. Инсон қилган ишни инсон уддалар экан. Энг муҳими, ҳаракат бўлса, бас.

Фермер қизнинг айтишича, хўжаликнинг даромади йил сайин ортиб бормоқда.

 Кредит эвазига олган сигирлардан кунига 15-20 литргача сут олиниб, истеъмолчиларга етказилмоқда. 20 бошли қўй-қўзилар эса жорий йилга келиб, 50 бош етди. Олма ва олхўри дарахтларидан олинаётган серсув ва сархил ҳосилнинг ҳам бозори чаққон.

 Баҳор келиши билан кунлар исиб, табиат уйғонади. Ёш фермер Зарина қўл остидаги ходимлар билан аллақачон мавсумий ишларни бошлаб юборган. Барча зарурий техникаларни куз мавсумидаёқ, шай ҳолатга келтириб қўйган. Бу йил ҳам ҳар йилгидек боғ орасига қулупнай, пиёз, сабзи, картошканинг “пекас”, “маркиза” навларидан экиб, гектаридан ўртача 30 тоннагача ҳосил олишни мақсад қилган. Зарина иш суръатини кенгайтириб, келажакда интенсив боғ яратиш ниятида. Жорий йил “Халқ банки”дан 280 миллион сўм кредит олиб, Голландиядан 33 бош зотдор мол олиб келишни режалаштирган. Эътиборлиси, бу орқали фермер хўжалигида яна 15 та янги иш ўрни яратилади.

Яна ўқинг:  Дорини қиммат сотган дорихоналар 3 йилгача лицензия ололмайди

Танлаган касбига меҳри туфайли ёш фермер қизнинг бошлаган эзгу ишлари йил сайин ривож топиб бормоқда. Биз Заринага юртимиз тараққиёти йўлидаги машаққатли меҳнатида омад ва зафарлар тилаймиз.

 

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: