ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ЮТУҚЛАРИ НАМОЙИШИ

“Ўзэкспомарказ”да саккизинчи халқаро ихтисослашган “PharmMedExpo Uzbekistаn – 2012” тиббиёт кўргазмаси очилди. Кўргазма “Zarexpo” миллий кўргазма компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни, хорижий фармацевтика компанияларининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари уюшмаси кўмагида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.Комилов ва бошқалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими ва фармацевтика тармоғини ривожлантиришга давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади. Бунда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 19 сентябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда юздан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилаётир. Ўндан зиёд фармацевтика корхонасида ISO 9001 ва GMP халқаро сифат стандартлари жорий этилди ва ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Анъанавий тарзда ўтказилаётган “PharmMedExpo Uzbekistаn” халқаро тиббиёт кўргазмаси соҳа мутахассисларини тиббий-илмий янгиликлар ва ишланмалар, инновацион лойиҳалар билан бевосита таништириш, ўзаро тажриба алмашишда катта имкониятлар яратмоқда. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, аҳолининг сифатли дори-дармонга бўлган эҳтиёжини таъминлашда ўз самараларини бераётир.

Саккизинчи халқаро ихтисослашган “PharmMedExpo Uzbekistаn – 2012” тиббиёт кўргазмасида Ўзбекистон, Буюк Британия, Ҳиндистон, Бангладеш, Қозоғистон, Украина, Россия, Покистон сингари давлатлардан ўнлаб корхона ва фирмалар иштирок этмоқда. Кўргазма стендларидан дори-дармон, тиббий диагностика, лаборатория ва даволаш ускуналари, табиий фармацевтика ва косметика маҳсулотлари, офтальмология, стоматология, жарроҳлик, тиббий реабилитация ва бошқа соҳаларда қўлланиладиган замонавий препаратлар, тиббиёт соҳаси учун махсус мебеллар, минерал қўшимчалар ва витаминлар, хизмат кўрсатиш кенг ўрин олган.

– Бугун дунёнинг кўплаб ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон бозорига киришга ва мамлакатингиз ишбилармонлари билан фаол ҳамкорлик қилишга интилмоқда, — дейди Буюк Британиянинг “BTL Medical Technologies” компанияси вакили Андрей Захаров. – “PharmMedExpo Uzbekistаn” кўргазмасида учинчи марта иштирок этаяпмиз. Ўзбекистоннинг ҳар томонлама барқарор ривожланаётгани, барча тармоқлар, жумладан, тиббиёт соҳаси ҳам изчил тараққий этаётгани ҳамкорлик истиқболлари порлоқ эканидан далолатдир.

Яна ўқинг:  ЯНА ТЎРТ ИШТИРОКЧИ МАЪЛУМ

– Мазкур кўргазмада илк марта иштирок этаяпмиз, – дейди Покистоннинг “Amicus Enterprises” компанияси вакили Рашид Маҳмуд. – Компаниямизда асосан стоматология ва жарроҳлик асбоб-ускуналари ишлаб чиқарилади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан етакчи тиббиёт компания ва фирмаларидан вакиллар иштирок этаётган ушбу кўргазмада маҳсулот ва хизматларни намойиш этиш, музокаралар ўтказиш ва шартномалар имзолаш учун барча шароитлар яратилганидан жуда мамнунмиз.

Мамлакатимиз ва жаҳон фармацевтика саноатининг сўнгги ютуқлари намойиш этилаётган мазкур кўргазма доирасида дори-дармон ва соҳага оид техника ва технологиялар етказиб бериш тўғрисида кўплаб шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: