Табиий гиёҳлар халқ саломатлиги учун
Мамлакатимизда аҳолини сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, четдан импорт қилинаётган тиббиёт воситаларини маҳаллийлаштириш асосида уларни ўзимизда ишлаб чиқариш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Навоий вилоятида ҳам ушбу йўналишда қатор лойиҳалар ишлаб чиқаришга жорий этилиб, истеъмолчилар талабига мос, экологик тоза, энг муҳими, саломатлик учун фойдали компонентларга бой препаратлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 16 сентябрдаги “2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ўтган йили вилоятда тиббиёт буюмлари, тайёр дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 4 лойиҳа амалга оширилди. Бунинг учун 7 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. 40 янги иш ўрни яратилди.
Доривор гиёҳлар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш йўналишида ҳам 2 лойиҳа асосида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Кармана туманидаги “Гранд Фарм Авиценна” масъулияти чекланган жамиятида замонавий технологиялар асосида табиий гиёҳларни қуритиш ва қадоқлаш йўлга қўйилди. Тадбиркор Ғолиб Каримов раҳбарлик қилаётган корхонада 6 киши иш билан таъминланди.
– Мамлакатимизда тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилмоқда, турли имтиёз ва преференциялар берилмоқда, – дейди Ғ.Каримов. – Бундай эътибор ва рағбатдан фойдаланиб, таркиби табиий гиёҳлардан иборат 5 турдаги дори воситалари қадоқлашни ўзлаштирдик. Маҳсулотларимиз табиий ҳолда ўсадиган доривор ўтлардан тайёрланади. Тиббиётда дамлама сифатида кенг қўлланиладиган гиёҳлар аҳоли саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлашда яхши самара беради.
Вилоятнинг чўл, адир ва тоғолди ҳудудларида табиий ҳолда ўсадиган кийик ўти, мойчечак гули, дала чойи, тоғ райҳони ва наъматак каби доривор гиёҳлар қадоқланаётган цех замонавий технологиялар билан жиҳозланган.
Ёш тадбиркор дастлаб, дорихона ташкил этди ва 3 нафар мутахассиснинг бандлигини таъминлади. Айни пайтда дорихонанинг ўзида 30 нафар фармацевт мутахассис меҳнат қилмоқда. Доривор гиёҳлар қадоқлаш цехи фаолиятини бошлашда “Қишлоқ қурилиш банк” вилоят филиалидан олинган 75 миллион сўм миқдоридаги кредит ҳамда шахсий сармоя қўл келди. Хориждан замонавий қайта ишлаш ва қадоқлаш ускуналари келтирилди. Корхонада тайёрланаётган маҳаллий доривор дамламалар мамлакатимиз дорихоналари, тиббиёт муассасаларидаги фитобарларга етказиб берилмоқда.
Изланувчан тадбиркор жорий йилда орттирган даромади ҳисобидан хусусий клиника фаолиятини йўлга қўйиш – тиббиёт муассасасини қуриш ишларини бошлаб юборди. Кунига 30-40 қатновга мўлжалланган шифохонада стоматолог, лор, терапевт, невропатолог, андролог ва уролог каби йўналишларда тиббий хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бу яна 15 иш ўрни яратиш имконини беради.
Н.РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири