Сурат ва сийрат мусаввири

Ҳазрат Алишер Навоий ижодини Темурийлар даври маданиятига теран назар солишга имкон берувчи қомусий манбага қиёсласа арзийди. Ушбу бебаҳо меросни ўрганарканмиз, улуғ шоир қаламга олган мавзулар доираси чегара билмаслигига гувоҳ бўламиз. Шоир яшаб ижод этган тарихий давр “Навоий асри” деб аталиши нафақат рамзий, балки реал асосга ҳам эга. Зеро, бу даврда илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида юз берган юксалиш Навоий сиймоси билан бевосита боғлиқ эди. Аллома ижодкор тасвирий санъат тараққиётига ҳам улкан ҳисса қўшгани яхши маълум.

Нафақат Шарқ, балки ўарб оламида ҳам шуҳрат қозонган Ҳирот миниатюра мактабининг юзага келиши ва замонасининг ҳақиқий санъат академиясига айланишида маърифатпарвар шоирнинг хизмати катта бўлди. Мутаассибона қарашлардан озод, илғор фикрловчи ижодкорлар қаторида Навоий ҳам ислом санъатида узоқ вақт давомида устуворлик қилган диний, маърифий-дидактик анъаналар ХIV-ХV асрга келиб дунёвий ва фалсафий тушунчалар билан уйғунлаша бошлаганини чуқур англайди. Шоирнинг шахсий кутубхонасида Мирак Наққош, Ҳожи Муҳаммад, Султон Али Машҳадий, Камолиддин Беҳзод, Ёрий Музаҳҳиб каби мусаввирлар, Ҳофиз Муҳаммад, Зайниддин Маҳмуд, Султон Муҳаммад Нур каби хаттотлар ижод этгани ҳам бунга далил. Навоий кўпгина умидли мўйқалам соҳибларини ўз атрофида жамлаб, уларга устозлик қилади. Бу истеъдодли ёшлар кейинчалик султон Ҳусайн Бойқаро саройида, сўнг Эрон, Ҳиндистон, Рум ҳукмдорларининг нигорхоналарида фаолиятини давом эттириб, Шарқ миниатюра санъатини Италия Ренессанси билан бўйлаштирган юксак чўққига кўтаришди.

Улуғ шоир нафис ижод аҳлига ҳомийлик қилиш билан бирга, тасвирий санъатнинг инсон маънавиятидаги ўрни, унинг бадиий-ғоявий масалаларига ҳам бефарқ эмасди. Навоийнинг миниатюра, меъморчилик, амалий санъат каби ижод турларига бўлган жиддий эътиборини буюк шоир қаламига мансуб асарлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу борада, айниқса, шоир яратган бебаҳо хазина – “Хамса”нинг тўртинчи жавоҳири “Сабъаи сайёр” достони катта қизиқиш уйғотади. Ушбу достон Навоийнинг санъат борасидаги қарашлари энг ёрқин намоён бўлган асарлардан бири сифатида муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидлаш лозимки, тасвирий санъат достоннинг умумий ғоявий-бадиий концепцияси билан бақамти шаклда талқин этилади. Яъни мусаввирлик, меъморлик каби ижод турларига асарда юз берувчи воқеалар билан уйғунликда назар солинади. Жумладан, достоннинг муқаддима қисмидаёқ муаллиф ғаройиб туш кўрганини, етти гумбазни сайр этиб, Хизрваш пир билан учрашганини, у шоирни “Сабъаи сайёр” достонини яратишга чорлаганини ҳикоя қилади.

Яна ўқинг:  Математикларимиз муваффақияти

Санга будур бу қисса исноди

Ки, солиб, етти қаср бунёди.

Чун тугатгайсен ул рафеъ қусур,

Солғасен етти қаср аро етти ҳур.

Ул сифатким, алар келиб ҳамранг,

Топқай ул навъ ила булар ҳам ранг.

Хизрваш пир тилидан айтилган юқоридаги мисралар замирида достон яратилиши етти қаср қурилишига ўхшатилиб, унинг муаллифи замонасининг улуғ муҳандис-меъморига айланади. Бу қиёс достон давомида Шоҳ Баҳром учун бунёд этилувчи қасрларга урғу бериш билан бирга, шоир зиммасига катта меҳнатни талаб этувчи мушкул вазифа юкланаётганига ҳам ишора қилади. “Ганжа ганжури” (Низомий) ва “Ҳинд соҳири”(Деҳлавий)дан сўнг бу ишни амалга ошириш учун шоир адабиёт майдонида муҳташам обида тиклаши лозим эди. Меъморлик Темурийлар даврида юксак санъат даражасида равнақ топганини ҳисобга олсак, бу ўхшатиш чуқур мазмунга эгалиги аён бўлади.

Достондаги асосий воқеалар айнан шоҳ ва мусаввир учрашувидан бошланиши ҳам эътиборга лойиқ. Гарчи Моний образи шоирнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам мавжуд бўлса-да, унда Шарқ оламининг афсонавий мусаввири Чин шаҳзодасига наққошликдан сабоқ берган эпизодик қаҳрамон сифатида намоён бўлади. “Сабъаи сайёр”да эса Моний асосий қаҳрамонлардан бирига айланиб, унинг иштироки воқеалар ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Айнан Моний қиёфасида Навоийнинг комил мусаввир ҳақидаги қарашлари ёрқин акс этади. Шоҳ ва мусаввир учрашуви саҳнасида Баҳром ҳаёт лаззатларига ружу қўйган ҳукмдор сифатида намоён бўлса, Моний, аксинча, етти иқлим бўйлаб сафар қилувчи раҳнавард донишманд сифатида гавдаланади. Навоий учун принципиал аҳамиятга эга иккинчи муҳим жиҳат эса учрашув давомида Шоҳ Баҳром аввал Монийнинг “сўз”ини тинглашни истаганида кўринади. Яъни ҳукмдор биринчи навбатда даштнавард мусофирнинг тилу забонидан баҳраманд бўлишни хоҳлайди. Фақат шундан сўнггина Баҳром “лўбати хитойизод” Дилором суратига назар солади. Бу воқеа достон муқаддимасида Навоий алоҳида эътибор қаратган “ҳам аввал сўзу ҳам охир сўз” ғоясига мос келиб, шоир сўз барча ижод турлари, хусусан, тасвирий санъат учун ҳам пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлайди. Демак, Навоий назаридаги идеал мусаввир – аввало, сўз санъатидан, дунёвий илмлардан хабардор бўлиши лозим. Монийнинг “Кўп билик бирла хотирим маъмур, Лек тасвир ила бўлуб машҳур” деган сўзлари ҳам буни тасдиқлайди.

Навоийнинг афсонавий мусаввирга берган таърифлари орасида “суратгар” сўзининг учраши ҳам тасодиф эмас. Бу аслида “заргар” сўзининг ислоҳи ҳисобланиб, мазмунига кўра “сурат заргари”, бугунги тилда “портрет устаси” маъносида келади. Шоир бу орқали Моний портретлари заргарона маҳорати, гўзаллиги ва нафислиги билан ажралиб туришига урғу берган. Шу боис Шоҳ Баҳром Дилоромнинг нафис суратини кўрганида қимматбаҳо жавоҳир билан юзлашгандек, ҳайратга тушади. Аммо Баҳром табиатидаги бу эврилиш биргина эстетик таассурот натижасида юз бермайди. Навоий тасвирий санъат инсоннинг ички руҳиятига, қалб дунёсига таъсир этиш қудратига эга эканини яхши билади ва шу сабабли асосий эътиборни Баҳромнинг сийратида, ички оламида юз берувчи психологик ўзгаришларга қаратади. Дилором суратини кўрган заҳоти Баҳром ҳеч кимга сўз демай, сукутга кетиб, оқшомга қадар суратдан кўз узмайди. Шоҳ элчилари Дилором қўлини сўраш мақсадида Хитой хони ҳузурига жўнаганидан сўнг ҳам сурат ва мусаввир ёр ишқида ёнаётган Баҳром учун ягона овунч бўлиб қолаверади.

Яна ўқинг:  БАРҲАЁТ ИЛМИЙ МЕРОС

Нома ҳоқонға доғи топти вуқуъ,

Анга бўлди баҳо ҳусули ружуъ.

Билиб ул хайл азм ишин лозим,

Бўлдилар айтқон тараф озим.

Қолди Баҳрому нотавон жони:

Илгида сурат, оллида Моний.

Санъат инсонга таскин бериши, хаста руҳиятига шифо бағишлаши ҳақидаги ғоя достоннинг кейинги воқеаларида ҳам поэтик ифодасини топади. Баҳром севикли ёридан айрилгач, муҳаббат дардига чалиниб, вужуди хаста ва заиф аҳволга келади. Бундан хавотирга тушган сарой аъёнлари тўрт юз табибни чорлаб, икки йил давомида шоҳни даволашади. Баҳромнинг беҳоллигию девоналиклари камайгач, тўрт юз аллома шоҳ учун гўзал иморатлар қуришга киришиш кераклигини маслаҳат беради. Табибларнинг фикрича, қасрларнинг қурилиш жараёни, уларни безаган нақшу нигорлар шоҳни соғайтириши, унинг дардига шифо бериши лозим эди. Ниҳоят бу иш якунига етгач, шоҳ аъёнлари Монийга “Сиҳҳатиға яна сабаб бўлғил” дея қасрларни безатишга ёрдам беришини сўраб мурожаат қилишади.

Моний мамлакатдаги бор наққошларни тўплаб, ҳар бирига алоҳида иш топширади. Усталарни нақшбандлик, заркорлик каби соҳалар бўйича етти гуруҳга ажратиб, уларга ишбошилар тайинлайди. Ўзи бўлса амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар режасини тузиб, наққошлар ишини назорат қилади. Достоннинг ушбу бобларида бунёдкорлик ишлари юксак маҳорат билан тасвирланиши, албатта, ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Бунёдкорлик жараёни шундай ишонарли ва изчил ҳикоя қилинадики, шоирнинг ўзи ҳам меъморлик ва амалий санъат соҳалари билан яқиндан танишлиги сезилиб туради. Навоий Ҳирот ҳамда салтанатнинг турли ҳудудларидаги бунёдкорлик ишларига бошчилик қилганини ҳисобга олсак, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Шу сабаблими, шоир қаламга олган юқоридаги воқеалар ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Камолиддин Беҳзоднинг “Ҳаварнақ қасрининг қурилиши” номли машҳур миниатюрасига монанд тарзда Навоий ҳам бунёдкорлик жараёни тасвирида замондошлари тимсоли, реал воқеа ва ҳолатлардан кенг фойдаланган.

Юқорида келтирилган мисоллар “Сабъаи сайёр” достонида тасвирий санъат талқини тасодифий эмас, балки аниқ изчилликка эга эканини кўрсатади. Бу жараён асардаги воқеалар ривожи билан уйғунликда кечгани учун ҳам табиий ва ҳатто зарур бадиий хусусият сифатида қабул қилинади. Етти қасрни бунёд этиш ва безаш ишлари якунланганидан сўнг асарнинг асосий негизини ташкил этувчи етти ҳикоят баёни бошланади. Айнан шу жараёнда тасвирий санъат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган колорит тушунчасининг гўзал талқинини кўрамиз. Етти қасрнинг ҳар бири алоҳида рангда безатилиб, шоҳ навбатма-навбат уларда базм қуради. Ҳар бир рангга хос хусусиятлар ҳафта кунлари, қасрларнинг умумий руҳияти, мусофирлар томонидан сўзланувчи етти афсона мазмунига ҳам кўчади. Бу жараёнда шоир қаср интерьери, қаҳрамонлар либосию базм ашёларидаги ранг ифодаларини ҳам назардан қочирмайди. Буни ҳозир Оксфорднинг Бодлиян кутубхонасида сақланаётган “Хамса” достонларининг XVI асрда Ҳиротда кўчирилган нусхалари учун ишланган бетакрор миниатюралар мисолида ҳам яққол кўрамиз. Шубҳа йўқки, ушбу гўзал санъат асарларининг яратилишида Навоий қўллаган тасвирий деталлар асосий илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган.

Яна ўқинг:  Мен сиздан шифо топдим...

“Сабъаи сайёр” достони асосидаги кузатишларни хулоса қиларканмиз, Ҳазрат Алишер Навоий ўз даврининг етук тасвирий санъат билимдони бўлганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Зотан, Навоий аслида буюк сўз мусаввири. У ўз даврининг мутафаккир ижодкори сифатида тасвирий санъатнинг амалий ва назарий масалалари, мусаввир, меъмор ва ҳунармандлар ижодининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида кенг маълумотга эга бўлган. Улуғ шоир ана шу тажрибалардан адабий ижодда кенг фойдаланиб, сўз ва тасвир санъатларини мусаввирона маҳорат билан уйғунлаштиришга муваффақ бўлгани улкан ютуқдир. Келажак авлодлар учун ибрат бўлиб хизмат қилувчи ушбу муҳим жиҳат бугунги кун рассомларини, тасвирий санъат ижодкорларию санъатшуносларни Навоий ижодига янада теран назар солишга, қунт билан ўрганишга ундаши лозим, деб ўйлаймиз.

 

Азизхон ИМОМОВ

 

“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаcи сайтидан олинди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: