Чўгирма ҳақида нима биламиз?

Хоразм воҳасининг бетакрор Хива шаҳридаги Ичанқалъа музейига ташриф буюрасангиз, гўё ўзингизни эртаклар оламига тушиб қолгандек сезасиз. Санъат даражасига кўтарилган турли хилдаги ҳунармандчилик буюмларини кўриб, кўзингиз қувнайди.

Оилавий тадбиркор Шокир ака Абдуллаев томонидан тайёрланган чўгирмалар растаси ҳам ҳар доимгидек харидорлар билан гавжум. Маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар дўкондаги бош кийимлардан ўзларига манзур келганини харид қилишади. Бу эсдалик уларга бир умр Хива хотиралари, шунингдек, моҳир ва изланувчан ҳунармандни ёдга солиб турса, ажаб эмас.

Шокир ака ҳунармандлар сулоласининг еттинчи авлоди. Сулолага тамал тошини Аминбой бобо қўйган. Кейинги авлод вакиллари, жумладан, Шокир акага ҳам касбга бўлган ҳурмат ва садоқат аждодлардан мерос сифатида ўтган, десак янглишмаймиз. Зеро, унинг ўз ишига ихлоси баланд. Уч ўғли – Аминбой, Муҳаммаджон ва Ферузбекларни ҳам шу касбга йўналтирган. Рўзғорининг кам-кўстини ҳам ана шу ҳунар орқали тўлдириб келаяпти. Қолаверса, Шокир ака воҳада шахсий фермер хўжалигини ҳам ташкил қилган. У чўгирма тайёрлашда асосий хомашё саналган қўзи терисини бевосита шахсий хўжалигида етиштиради.

– Ҳунар инсоннинг меҳр-муҳаббати билан баркамол бўлади. Кишининг касбига ихлоси бўлмаса, ишида унум ҳам бўлмайди, – дейди Шокир ака. – Ўзбекларда қадимдан бош кийим давлат, ғурур, ифтихор рамзи саналган. “Оёғингда махсинг бўлмаса ҳам бошингда чўгирманг бўлсин”, дейди нуронийларимиз. Бу эр кишининг бош кийими нечоғлик қадрли эканидан дарак беради.

Дарҳақиқат, ўтмишга назар солар экансиз, ХХ аср бошларида Хоразм аҳолиси ўртасида бошяланг юриш одобдан ҳисобланмаган. Маълумотларга қараганда, қариялар ҳатто кечаси ухлагани ётганларида ҳам юмшоқ читдан, ичига пахта солиб, астар қилинган конуссимон бош кийим – тўппи (шабпўш) кийиб ётганлар. Чўгирма бошқа бировники билан алмаштирилмаган ёки ўзгага бериб турилмаган. Отанинг бош кийими фақат унинг ўғлига мерос қолдирилган. Ота юзини ерга қаратган фарзанд чўгирмадан маҳрум бўлган. Хоразм воҳасида чўгирма билан боғлиқ яна бир удум сақланганки, қиз боланинг бўй етганлигини билиш учун уни отасининг чўгирмаси билан аста уриб кўришган. Агар қиз йиқилиб тушмаса, уни турмушга узатишган. Илгари сафарга чиқилса, от эгарининг устига қўйиб, ундан ёстиқ сифатида фойдаланишган. Уйқудан уйғониб, бир-икки силкитилса, чўгирма яна асл ҳолига келган.

Яна ўқинг:  МУАЛЛИМ БОБОНИНГ БОЛАРИЛАРИ

 

Шунингдек, чўгирма воҳа аҳолисининг этник хусусиятларини янада яққолроқ намоён этадиган бош кийимдир. У уч хил – “тўгалак чўгирма”, “шерози” ва “силкима” чўгирмалардир.

 

Устки қисми тери ёки қалин матодан текис қилиб тикилиб, атрофига босма шаклда қоракўл ёпиштирилган тўгалак чўгирма воҳада XIX асрдан бери кийилиб келинган. Уни авваллари фақат ҳукмдорлар, кейинчалик эса аҳолининг барча табақа вакиллари кийган. Калта жунли Ҳазорасп услубида тикилгани эса шерози чўгирма деб аталган. У янги туғилган қўзичоқнинг терисидан тикилган. Ушбу бош кийимнинг кўриниши ихчам бўлиб, ҳозирги телпаклардан бирозгина фарқ қилган. Учинчиси аҳолининг қуйи табақаси ҳамда воҳада яшовчи туркманлар кийган узун жунли силкима чўгирмадир. У қўйнинг узун жунидан, думалоқ шаклда ва анча катта ҳажмда тикилган. Хоразмнинг табиий шароити ва жуғрофий муҳити ҳам жун ёки теридан тикилган кийимларнинг мавжуд бўлишини тақозо этади. Қолаверса, пўстин ва чўгирма каби уст-бошлар тана ҳароратининг нормал ҳолатда бўлиши, қаттиқ бўрон ёки чўл шамоли туфайли содир бўладиган турли ножўя таъсирлардан кишини асрайди. XX аср давомида Хоразм воҳаси эркакларининг асосий бош кийими қиш фаслида чўгирма, ёз фаслида тахя (дўппи) бўлиб, воҳа иқлимига жуда мослиги учун уларни халқ севиб кийган. Ҳатто, кексалар ёз фаслида ҳам чўгирмани бошидан ечишмаган. Бунинг ўзига хос сабаби бор: ёз фаслида бош терлаганда, чўгирма ўзига терни шимиб олган ва бошни ёзнинг жазирама иссиғидан асраб, намлантириб турган. Ҳозирги кунга келиб, чўгирма халқимизнинг анъанавий бош кийимлари саналади ва қадрият сифатида эъзозланади.

Қаҳрамонимиз ҳам ҳозирда шерози ҳамда силикима чўгирмаларини тайёрлайди. Ҳар бир бош кийимига алоҳида эътибор ва қунт билан ёндашади.

– Чўгирмани тайёр ҳолга келтириш узоқ давом этадиган жараён, – дейди чўгирмадўз Шокир ака Абдуллаев. – Аввало, қоракўл терилари орасидан муносибларини танлай билиш керак. Кейин тери ошланади, қайта-қайта ишлов берилади, қуритилади. Шундан сўнггина бичилади. Битта чўгирма учун камида бир ҳафта меҳнат сарфланади. Бундай телпакларни тайёрлаётганимизда кўп изланамиз. Қадимий намуналарни ахтариш учун манбаларга мурожаат қиламиз. Шу боис, бизнинг касбимизда билим ва маҳорат бирдек зарур.

Шокир ака Абдуллаевнинг мўъжазгина устахонасида кўпгина шогирдлари ундан ҳунар сир-асрорларини ўрганиб келмоқда. У ҳунари ортидан 2008 йил “Ташаббус” кўрик – танловининг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Дунё кезди, эл дуосини олди. Ана шундай моҳир ҳунармандларимиз бор экан, асрлар оша бизгача етиб келган миллий қадриятларимиздан келажак авлод ҳам бирдек баҳраманд бўлади, албатта.

Яна ўқинг:  15 минг болага манзилли ёрдам кўрсатилди

 

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: