Умид нашидаси

Замирахон ҳар галгидан барвақтроқ уйғониб, қайнонаси ўтирган хонага кирди-да, эрталабки нонуштани тайёрлашга киришди. Қишнинг сўнгги кунлари бўлишига қарамай, “аямажуз” момо ҳали заҳрини қўяй демайди.

Иссиқ ўрнидан қўзғалмай китоб мутолаасига тутинган бувисининг дастёри, 13 ёшли Мумтозбонуга юзланиб:

– Турақол қизим, мактабга кеч қолмагин тағин, – дея ташқарига чиқиб, ошхона томон йўл олди. Аёл оила аъзолари учун нонуштага ул-бул тайёрлади-да, кенжа қизлари ва турмуш ўртоғини уйғотгани ҳовли этагидаги уйга кириб кетди.

Қишнинг сукунатга чўмган тонги эринибгина отар, аҳён-аҳёнда хўрозларнинг қичқириғи қулоққа чалиниб қоларди. Орадан кўп вақт ўтмай, ҳовлида ниманингдир қаттиқ гумбурлагани эшитилди. Кучли зарбанинг акс-садоси ҳар томонга тарқалиб, қишлоқ аҳлини оёққа турғазди. Ваҳима билан ҳовлига чиққан Замира опа не кўз билан қарасаки, қаршисидаги қайнонаси ва қизи Мумтозбону ётган хона ўт ичида қолганди. Оловнинг кучидан осмонни зумда қора тутун қоплади.

Ўшанда бир дам электр чироғининг ўчиб, ёниши туфайли хонада димланиб қолган табиий газ ўз кучини кўрсатганди. Ўтнинг зарб билан тарқалиши хонага кириш эшигини эритиб юборган, ичкарига ўтишга ҳеч илож қолдирмаганди. Қўшниларнинг уриниши билан уй эгалари бир амаллаб буви ва набиранинг олдига киришга муваффақ бўлишди. Шаҳзода буви билан Мумтозбону хонада ҳушсиз ётарди…

Бахтсиз воқеадан сўнг буви оловнинг оғир жароҳатларига бардош бера олмай, оламдан ўтди. Мумтозбону эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

Вақт олий ҳакам, ҳар дарднинг давоси бор дейишади. Орадан йил ўтиб, барчаси унут бўлгандай, гўё. Аммо муштипар она бўйи етиб қолган навниҳол қизалоғининг чандиқли жисмига боқиб кўз олдидан ўша машъум кун гавдаланаверди. Унут бўлмади. Энг даҳшатлиси, қизалоқ икки оёғи кучли куйиш оқибатида буткул юришдан қолди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг фаолиятидан бохабар бўлган ота-онанинг хавотири бир мунча аригандай бўлди. Юрагида умид чироғи ёнди. Дилбандининг аҳволидан фонднинг Андижон вилоят минтақавий филиалини бохабар қилган кундан бошлаб, Замира опа яна қизалоғини соғлом ва кўркам кўришга иштиёқи кун сайин ортиб борди. Жаҳонгир ака ва Замира опа кўп кутиб қолишмади. Улар 2014 йил бошларида фондга мурожаат этгач, йил ўрталарига келиб, Мумтозбону германиялик мутахассислар кўригидан ўтди. Малакали шифокорларнинг узоқ текширув ва таҳлилларидан сўнг унга чет элда даволаниш учун йўлланма берилди.

Яна ўқинг:  Франциялик шифокорлар 12 болани жарроҳлик операциясидан ўтказди

Замира опа фарзандини хорижга бир йил муддатга жўнатишини ўйлаб кўнгли бузилди. “Шу тобгача қизим билан икки кундан узоқ вақт айро яшамаганмиз. Қандай чидайман, дадаси”, дея қилган кўз ёшларига турмуш ўртоғи Жаҳонгир ака тасалли бериб, тўнғич қизини соғайиб кетиши учун чет элга кузатишди.

Мумтозбону куз ойларида Германияга жўнаб кетди. Бир йил давомида беш маротаба жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган қизнинг аҳволи кун сайин яхшиланиб бораверди. Дилбандининг дийдорига интиқ бўлган ота-она фарзандининг аҳволидан фонд орқали бохабар бўлиб туришди. Орадан йил ўтиб, Замира опа ва Жаҳонгир ака Мумтозбонуни кутиб олгани аэропортга чиқишди. Германиядан учган самолёт манзилга қўнганлиги ҳақидаги хабар ота-онанинг кўнглига англаб бўлмас ҳаяжон ва қўрқувни соларди. Дилбандининг дийдорига тўйишдек иштиёқ уларга сира тинчлик бермасди. Яқинлари қаршисига даволаниб қайтган болалар орасидан Замира опа аравачада ўтирган қизалоғини изларди. Бироқ, Мумтозбону ота-онасининг қаршисига аравачада эмас, ўз оёқлари билан юриб, пешвоз чиқди…

– Ҳозирги ҳолатимни кўриб, мени бундан бир неча йил аввал олов ичида қолган дейиш қийин. Чунки, саломатлигим тўлиқ тикланган. Бунинг учун ҳукуматимиздан беҳад миннатдорман, – дейди Мумтозбону Машрабова.

Мумтозбону ҳозирда 16 ёшни қаршилаган. Қизалоқ хушрўй бўлиб камол топди. У академик лицейнинг биринчи босқич ўқувчиси. Келажакда моҳир шифокор бўлиш ниятида. Эҳтимол бу орзу унга ўз оёқлари билан юришдек бахтни ато этган шифокорларнинг беминнат саъй-ҳаракатларини кўриб, туғилгандир. Уларга ҳавас қилгандир. Яқинда навбатдаги тиббий-кўрик давомида Мумтозбону хорижлик шифокорлар билан бевосита немис тилида ўз аҳволи яхшилигини ва улкан орзулари ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. У шифокорлардан ва албатта, шу имкониятни яратиб берган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондидан жуда миннатдор.

 

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: