Балоғат бекатида

фарзандингизга яқинроқ туринг

Ўтиш ёшини турли олимлар турлича чегаралайдилар. Айримлар 10-14 ёшни бошланиш ёши; 14-18 ўрта; 18-20ни ўтиш ёшининг якуни деб ҳисоблайдилар. Бошқалари эса 10-12; 13-14; 14-16 ва ҳоказо.

Замонавий тиббиёт эса организмнинг анотомик-физиологик ўзгаришларининг 7 ёшдан бошланишини ўрганиб чиқдилар ва шунга кўра, календар бўйича эмас, айнан организмдаги жинсий ўзгаришларга қараб ўтиш ёшини белгилаш лозим деб ҳисоблайдилар.

Ўсиш ва организмнинг физиологик ўзгаришининг тезлашуви натижасида бу ёшда бола ўзида ҳаяжон, кўтаринки уйғониш ва ўз-ўзини ерга уриш ҳиссини сезади.

Мазкур даврда бола ўзига нисбатан кўпроқ диққат-эътиборни талаб қилади. У ўзини улғайган деб ҳисоблайди ва ўзига нисбатан катта одамлардек муносабатни талаб қилади. Лекин мактабда, коллеж ёки лицейда ва уйда унинг мавқеи аввалгидек қолаверади. Натижада болада ўсмир ёшимуаммолар бошланади.

Ўсмирлик ёши муаммолари эмансипация, тенгдошлар билан гуруҳлашиш ва ҳобби реакцияларини келтириб чиқаради.

Эмансипация реакцияси ҳолатида бола катталар назоратидан чиқиш ва мустақилликка эришишни хоҳлайди, унда ўзининг “мен”и пайдо бўлади. Катталар томонидан ўтказилмоқчи бўлган кичкина таъқиб ҳам бола хулқининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Тенгдошлар билан гуруҳлашиш болада ўзаро ҳаракат, жамоа тартибига бўйсуниш, ўз ўрнига ва хоҳишидаги мавқиега эга бўлиш қобилиятларини шакллантиради. Болага ўз-ўзини баҳолаш хусусияти юкланади. У тенгдошларининг фикрларини катталарнинг танқидига нисбатан кўпроқ қадрлайди.

Ўсмирларнинг қизиқишларини билиш, улар ва катталар орасидаги ўзаро муносабатни яхшилайди.

Ўсмир психологиясида пайдо бўладиган янги ҳиссиёт бу – ўз-ўзини англашдир. Ўзини англаш, ўсмир ёшининг асосий якунидир. Бу пайтда у ўзининг янги “мен”ини очади, кучли ва кучсиз тарафларини ўрганишга ҳаракат қилади. Ўзини бошқа одамлар билан солиштира бошлайди. Ўзига нисбатан қизиқиш уйғонади, ўзига мос дўст қидиради.

Қоидага кўра ўсмирда ўқитувчи ёки ота-онага нисбатан жамоанинг болага берган баҳоси кўпроқ аҳамиятга эгадир. Бу ёшда болада ташкилотчилик, ишбилармонлик ва бошқа шахсий қобилиятларини шакллантиришга яхшигина шароит яралади.

Сухомлинский асосий шахс хусусиятларини қуйидагича таърифлайди:

1. Бир томондан жоҳилликка бўйсунмаслик, уни эмоционал қабул қилмаслик, иккинчи томондан ҳаётдаги қийин ҳолатларда ҳал қилолмаслик қобилияти билан уйғунлашади.

2. Ўсмир яхши бўлишни хоҳлайди, идеалга интилади, лекин уни тўғри тарбиялашлари ёқмайди.

Яна ўқинг:  Уйдаги гап кўчага чиқмайди

3. Ўсмир шахс бўлишни истайди. Унда қаҳрамонлик, романтиклик каби ноодатий нарсаларни қилишга истак туғилади. Жараёнга талабнинг борлиги ва ўзида ишонч ҳосил қилиш истагининг борлигига қарамай ўсмир, ҳали бунга қандай эришишни билмайди.

4. Ўсмирда хоҳишнинг бойлиги ва кучнинг чегараланганлиги қарама-қарши қўйилган. Қизиқишларнинг турли-туманлиги ва доимий эмаслиги мана шундан келиб чиқади. Ўсмир ўзининг қобилиятли эмаслигини билиб қолишдан қўрқади. Ўзини жуда яхши кўради, аммо ортида ёрдамга муҳтожлиги яширинган. Кўргазмали ишончлилик ва қатъият ортига яшириниши мумкин.

5. Ўсмирда романтик ҳиссиёт ва дағал қилиқлар уйғунлашган. Гўзалликдан завқланади ва унга сурункали муносабатда бўлади. Лекин ўз ҳиссиётларидан уялади. Бу туйғуларни ёш болаларга хос деб ҳисоблайди. Уни ўта ҳиссиётли деб ҳисоблашларидан қўрқади ва дағаллик ортига бекинади.

Физик кучларнинг қуйилиб келиши уни фаолиятга бошлайди.

Ўсмирлар билан ишлаганда уларнинг асосий ёши ва шахсий хусусиятларини, бу ёшнинг асосий психологик янгиланишини инобатга олиш зарур.

Ўсмир организми ҳам бу пайтга келиб анча ўзгаришларга дуч келади: ҳуснбузарлар чиқади, танадан турли нохуш ҳидлар кела бошлайди. Шунинг учун ҳам тарбиявий соатлар ўтганда, ўқитувчи, албатта, шахсий гигиенага алоҳида тўхталиши лозим.

Бу ёшда болада жуда катта психологик ўзгаришлар юзага келади ва биз буни кўриб чиқамиз.

Биринчи галда бу ёшдаги болаларда уятчанлик ва хафақонлик пайдо бўлади. У арзимаган нарсалардан ҳам хафа бўлади ва бунга катта аҳамият беради. У ўз ташқи кўринишидан уялади, ҳаракатлари букчайган ҳолатга келади, чунки у ҳали ўз танасини илгаригидек бошқара олмайди. Шунингдек ўсмир ўз ҳиссиётларини ҳам жиловлай олмайди. У даккиларга тез хафа бўлади.

Эркинликни талаб қилиш уларда қўрқув уйғотади. Деярли барча ўсмирлар ота-онаси, уларнинг эркинлигини сиқиб қўйганлигидан шикоят қиладилар. Ўсаётган бола ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши табиийдир, лекин ота-она унинг ҳар бир талабини бажаришга мажбур эмас.

Ўсмирлар устидан назорат қилиш зарур. Кўпинча уларнинг баъзилари ота-оналари улар билан қатъиятлироқ бўлишини хоҳлашади. Болани тўғри йўлда уни ўқитаётган қоидалар эмас, соғлом тарбия ва унга бўлган ишонч ушлаб туради. Ўсмирга эса қоида ҳам, ота-онасининг ҳаётдаги бўшлиқларни тўлдирадиган бу қоидаларни ўргатиш учун унга бераётган эътибори ҳам керакдир.

Яна ўқинг:  G‘OLIB O‘G‘LON

Ота-она билан бўладиган келишмовчиликлар ўсмир ўзини улғайган ҳис қилиб, ота-онасининг ўрнини эгалламоқчи бўлгани оқибатида юзага келади. Албатта, ота-онага бу ёқмайди. Ота-она ва фарзанд ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлади. Баъзида бу ота ва қиз, она ва ўғил ўртасидаги зиддиятлар ҳам бўлиши мумкин. Отага қиз, онага эса ўғил бола яқинроқ бўлади, дейишади. Лекин, вақт ўтган сари, яъни балоғат ёшида бола буни унута бошлайди. Чунки, оиладан ташқаридаги бошқа одамларга ўз ҳис-туйғуларини йўналтирган бўлади. У ота-онага бўлган муносабатини йўқотишга ҳаракат қила бошлайди. Шунинг учун ҳам бу ёшда ўғил болалар онасига, қизлар эса отасига дағал муомалада бўла бошлайдилар. Бу муомаланинг ўзгаришига уйдаги муҳит ҳам сабаб бўлади. Агар уйда ўсмир ёшини ҳисобга олиб, бола билан ўзаро дўстона, юмшоқ муомалада бўлинса, шароитга қараб фарзандининг хоҳиш истакларини инобатга олиб иш кўрилса, фарзандга шахс сифатида қаралса, у сезади ва яхши йўлдан юришга ҳаракат қилади. Акс ҳолда ўсмир кўчадан ўзига бошқа машғулот топади ва ёмон йўлга юриб кетиш эҳтимоли юқори бўлади.

Бизнинг менталитетимизда, айниқса, қиз болани фақат турмушга чиқишга тайёрлаймиз. Оқибатда қизларимиз ҳам айни ўқиб, оила қурадиган пайтда турмушга чиқиш ва оилали бўлишни ўйлай бошлайдилар.

Бизнинг аждодларимиз фарзандларини миллий қадриятларимизга асосланиб тарбия қилганлар ва натижада кўпгина буюк инсонлар етишиб чиққанлиги сир эмас.

Ўсмирлик даврини қийин давр деймизу, мана шу қийин даврнинг пайдо бўлиши ва секин ўтишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолаётганимизни сезмаймиз. Вақт эса кутиб турмайди. Биз дунёга келтириб, парвариш қилаётган фарзандларимизга озгина вақт ажратиб, уларнинг кўнглига йўл топа олсак, эртага жамиятимизга фойдаси тегадиган инсонларни етиштириб, уларнинг роҳатларини кўриш, ҳаммадан раҳмат эшитиш насиб этса, ажаб эмас.

Замира ҲАКИМОВА,

Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: