Ёшлар манфаати қонун билан ҳимояланган

Ўтган 25 йиллик истиқлол йўли давомида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг илмий, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Бу борада иқтидорли ўғил-қизларимизни рағбатлантиришга йўналтирилган лойиҳалар, кўрик-танлов ва фестивалларнинг мунтазам ўтказилиб келинаётгани ва уларда юртимиз ёшларнинг фаол иштирок этаётгани қувонарли, албатта. 2016 йилнинг 14 сентябрида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши эса ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг келажагини белгилаб берди.

Бу галги давра суҳбатимиз мазкур Қонун ёшларнинг ҳаётида қандай ўрин эгаллагани ва унинг ижроси юзасидан қилинаётган ишларга бағишланди.

 

Жолдасбай АБДИЖАМИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

Таҳлилий ўрганишлар шуни кўрсатдики, 1996 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун ҳозирги кун талабларига жавоб бермасдан қолмоқда. Қонунни такомиллаштириш, уни замон руҳига мослаштиришни даврнинг ўзи тақазо қилади. Шу муносабат билан 2016 йилнинг 14 сентябрида “Ёшларга оида давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат 4 боб 33 та моддани ўз ичига олади. Қонунда “ёшларга оид давлат сиёсати”, “ёшлар (ёш фуқаролар)”, “ёш оила”, “ёш мутахассис”, “ёшлар тадбиркорлиги” каби 5 та асосий тушунчанинг мазмуни очиб берилган.

Ушбу Қонунни ишлаб чиқишда бутун мамлакатимиз аҳолиси, жумладан, таълим муассасалари, уларда таълим-тарбия олаётган ёшлар иштирок этди. Уларнинг таклиф ва фикрлари Қонун номларига сингдирилди. Ҳужжатда ёшлар ҳаётининг барча жабҳалари қамраб олинган ва ҳуқуқий муҳофаза қилинган.

Бир сўз билан айтганда ундаги ҳар бир модда, белгилаб берилган устувор йўналишларнинг барчаси ёшлар, уларнинг манфаати учун хизмат қилади. Ўйлайманки, янги Қонун ёшларимизни ақлан етук, маънан баркамол, ўзининг қатъий фуқаролик позициясига эга бўлиб улғайишларида муҳим аҳамият касб этади.

 

Кумушхон АБДУСАЛОМОВА,

ЎзМУ талабаси:

Болаликдаги қизиқишларим мени адабиёт остонасига етаклаб келди. Айни дамда бадиий ижод билан шуғулланиш баробарида, ўз орзуимдаги таълим йўналишида таҳсил оляпман. Ўтган йиллар оралиғида кўплаб шеърий машқларим матбуотда эълон қилинди. 2015 йилда илк тўпламим Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида, “Куйламасам бўлмайди” номи билан чоп этилди ҳамда юртимиз бўйлаб тарқатилди. Бунинг замирида, аввало, Ўзбекистонимизнинг тинчлиги, ёшлар сиёсатининг изчиллик билан амалга оширилаётгани ва қонун устуворлиги мужассам.

Жорий йилда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-боб 25-моддасига эътибор қаратадиган бўлсак, унда мен каби иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини ривожлантириш мақсадида нафақат маҳаллий, балки халқаро тажрибалар алмашинувининг ҳам инобатга олиниши таҳсинга лойиқ. Бу эса ўзбек ёшларининг дунё саҳнидаги ўрни ва аҳамияти катта эканлигидан далолат беради.

 

Аббосбек АБДУРАҲИМОВ,

Яна ўқинг:  БАЙРАМ ШОДИЁНАСИ

Андижон давлат университети қошидаги 3-академик лицей ўқувчиси:

Қонуннинг 23-моддасида биз ёшларнинг ўн икки йиллик бепул таълим олишимиз, ўз қизиқишларимизни инобатга олган ҳолда спорт-соғломлаштириш, маданий-маърифий ишларда фаоллигимиз давлат томонидан кафолатланиши, таълим кредитлари олиш каби йўналишларни давлат назоратида экани таъкидлаб ўтилган.

Қонуннинг 26-моддасида эса ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доир бир қатор вазифаларнинг белгилангани ушбу муҳим ҳужжатнинг ёшлар ҳаётидаги роли катта эканидан далолат беради.

Бундан кўриниб турибдики, бугунги кунда республикамизда ёшларга оид давлат сиёсати изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу ҳам бўлса, аввало, биз ёшларнинг манфаатини кўзлаб қилинаётган эзгу ишларнинг бир намунасидир.

 

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг изчиллик билан олиб борилиши келажагимиз эгаларини ҳар томонлама етук кадрлар бўлиб улғайишлари учун замин яратади. Бу эса юрт равнақи йўлидаги сай-ҳаракатларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Исфандиёр БУРГУТБОЕВ ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: