Олам жуфт яралган

(ҳикоя)

Кўзларининг нури синган, мадори қуриган момо қизалоқнинг мактабдан келишини интизор кутарди. У дорини доридан фарқламас, қутидаги ёзувларни ўқий олмас, ҳижжаласаям, мағзини англамасди. Набира қиз кампирнинг дастёр-табиби эди.

Норгул чеча момога эмдори қилган дамда ҳам қизалоқ сесканмасдан, унинг хатти-ҳаракатини зимдан кузатарди. Шу-шу Хадичанинг дилида шифокор бўлиш орзуси куртак ёзди. Албатта, пари момонинг панду насиҳатлари, ҳаётий сабоқлари ҳам умидларининг дояси бўлди:

– Ойқизим, ана, элга керак бўлганингда азиз бўласан, сендан ҳам бинойидек дўхтир чиқади…, – ҳар гал Норгул чечанинг коридан сўнг момо бу ҳикматни бот-бот такрорлар эди.

Момо ўзи айтганидек, кексанинг жони ингичка бўлади, дардни кўтаролмайди. Кўп ўтмай ингичка жон узилди. Орадан қанча сувлар оқиб ўтмади, дейсиз. Аммо қизалоқнинг дилидаги орзуси бир дам ҳам тарк этмади. Унинг 9-синфда ўқиб юрганида “ким бўлсам экан?” мавзусидаги иншоси адабиёт ўқитувчисининг кўнглини қалқитиб юборганди. Ўшанда муаллима ҳаяжонланиб Хадичадан яхши адиба чиқади, дея “башорат” қилганди…

– Чарчамадингизми?!. – хаёлларини хазондек сочиб юборди, ортидан ҳарсиллаб келаётган, ҳализамон уларни кўча бошида кутиб олган, бироз қўрс, аммо серсавлат, норғулгина қишлоқ посбони Учқун.

– Чарчаб бўладими?! Ҳар куни бундай масофаларнинг кўпини босиб ўтамиз. Ҳайронман, сиз тоғлик барваста йигит сал қияликда ҳолдан тойиб нафасингиз бўғзингизга тиқиляпти?

Дабдурстдан билдирган фикридан Хадичанинг ўзи ҳам сал хижолат тортди. Ийманиб йигитнинг кўзларига қараб қўйди.

– Отда юраман. Шу от жонивор кўтарганакан-да юкимизни…

– Ўзи, сиз эркаклар шунақа, кўчада от-улов, уйда аёлингиз юкингизни, камига тўқмоқдай иддаонгизни кўтаради. Пиёда ҳам юринг, юриш соғлик учун фойдали…

Норғул йигит каловланиб қолди. Бошқа сўз айтса, ҳозиржавоб хонимнинг дашномлари ёмғирида қолишини англаб гап қориштирмади.

– Беринг, сумкангизни… – розилигига ҳам қарамасдан Хадичанинг қўлидаги йўлхалтани илиб олди. Бир тисарилиб қарадию қиз ҳам ортиқча уринмади. – Нима ўзи бу?..

– Электрокардиограмма, – истамайгина жавоб қилди қиз.

– Юрак дўхтириман, денг… шу аппаратингизга бир тушишим бор, кўксимизда юрак қолдимикан? – Учқуннинг юзи куз осмонидек тундлашди… Хадича бепарво қаради. Бу ҳолат унга таниш, эскирган усул, йигитлар унга кўп бора шундай гап улоқтиради…

Хадича ўрта мактабни тугаллаётган йиллар… “жўжа бирдек жон”: синглиси, укалари барчаси изма-из улғаяётган паллада унинг орзулари олис нуқтадек кўрина бошлади. Қолаверса, қариндошлар ота-онасига “қизинг ўқиб қози бўлармиди”, деб турган бўлса… Пари момосининг тарбиясини олганда, масаланинг бошқа ечимини топди. Вилоят марказидаги тиббиёт коллежида таҳсил олишни дилига тугди ва бунинг уддасидан чиқди. Билим юртида ўқиб юрган кезлари шифохоналарда ўтаган амалиёт сабоқларида ҳам фаол қатнашди. Айниқса, унга Тиббий-ижтимоий патронаж бригадасининг иши анча маъқул келди. Қизиқиши шунчалик катта бўлдики, таътил дамлари бригада шифокорларидан ўтиниб сўраб, олис қишлоқларга сафарга ҳам чиқди. Тиббий ускуналар билан жиҳозланган хорижий русумдаги махсус амбуланс машинаси ҳайратини оширарди. Автоуловнинг бир бурчидан жой теккан бўлса-да, қалбидан ўзини киборлардек ҳис қилган эди ўшанда. Билим юртини тугатгандан сўнг ҳам шу ишга боғланди, қолди. Турмушга келганда бироз омади чопмади. Йўқ, кўнглидан кечгани ўзига аён, аввал бошда рўйхушлик бермади, кейин битай, деб турган ришталарнинг нечасини “оғзи етмаганлар” қайчисиз узди. Нима эмиш, қиз бола… ёлғиз… сафарма-сафар… тинч юрадими, эмиш, ана холос… Ҳамма нарса вақтнинг измида, тизгинида экан. Барчаси унитилди. Аммо унинг кўнглида кемтик жойи бор, ахир олам жуфт яралган.

Яна ўқинг:  Бобомнинг айтгани бор

Болаларга меҳри ўзгача, уларни суйиб эркалайди, ўзи ҳам кўзларини катта-катта очиб бола тилида гапириб, қувонади. Баъзан ота-оналарнинг эътиборсизлигидан ранжийди. Фарзанд парваришига бармоқ орасидан қараган ота-оналарни кези келса, койийди. Тўғрида, озгина эътиборсизлик ортидан қанча норасидаларга ногиронлик тамғаси босиляпти. Хадича уларнинг кўпини кўрган, ишхонага ёрдам сўраб келганида, ҳужжат тайёрлаш ишларига бажонидил кўмаклашган. Чеҳрасида доим табассум балқиб туради. Ҳар куни янги одамлар билан суҳбатлашади, катта-ю кичикка бирдек иззат-икром кўрсатади. Сўзга чечанлиги ҳам шундан.

…Гулдор нимчаси ўзига ярашган, сочларини икки ўриб олган ўн ёшлар атрофидаги қизалоқ дарвоза олдида уларни кутиб олди.

– Ассалому алайкум!!!

– Вой, бунинг бийронлигини қаранглар, яхшимисиз, қизим. – Хадича қизалоққа табассум қилиб унинг бошини силади. Жажжи мезбонга қизим, деб мурожаат қилишида бошқа маъно ҳам бор эди. Хира пашшадек ортидан эргашган янги танишига гўё унинг оиласи, фарзандлари бор эканини уқтириб қўйиш эди. – Ким бор уйда, онангиз борми?

– Бор, ошхонада…

Маҳалла маслаҳатчиси етовида қолган шифокорлар ҳам ҳориб, ортдан етиб келди. Амбуланс автомашинаси қияликда жойлашган бу хонадон остонасига келолмай, паст кўчада манзил сақлади.

Ораста ҳовлидан бирма-бир эшик ҳатлаб айвонга, ундан шинамгина уйга ўтишди. Оппоқ чойшабда ётган, хасталикдан кўзлари киртайиб қолган момо хижолатомуз аста қимирлади. Ҳамма кетма-кет момога салом берди.

– Вуй, келингизар, меҳмоннар… – кампир яна ўнғайсизланди.

– Момо, бу кишилар катта дўхтир, – сўз бошлади маҳалла маслаҳатчиси, – дардингизга оро кирайлик, деб келишибди…

– Келингизда болам, мана ётибмизда, Худойнинг дийдорини кутиб…

– Унақа деманг, ҳали узоқ яшайсиз, – терапевт Шоҳиста Холдоровна момонинг қон босимини ўлчаш учун танометрни беморнинг билагига ўради. Сўнгра фонендоскопни қулоғига тақди. Орага жимлик чўкди. Момо ҳали ҳам жонсарак, кўзлари билан набирасини қидирарди.

– Энангга айт, меҳмоннарга дастурхон ёйсин…

– Оввора бўлмасин, – Хадича орқага тисарилган қизалоқнинг қўлидан тутиб қолди, – ундан кўра кел, менга ёрдам бериб тур.

Хадича ЭКГ ускунасининг узатгичларини қизалоқ билан ёйиб чиқди. Унинг қисгичларини тайёр ҳолатга келтирди. Ҳамшира қизни зимдан кузатиб турган барваста посбоннинг нигоҳини чалғитиш учун тиббий ускунани электрга улашни унга буюрди. Бу илтифотдан Учқуннинг кўзлари ёниб, чаққон илдамлади. Хадича қизалоқнинг хатти-ҳаракатларида ўзининг болалигини кўрди. Кейин жилмайиб: – Келажакда шифокор бўласана…, – деди. Қизалоқнинг икки юзи олмадек қизарди.

– Вой, фолчимисиз? – Маслаҳатчи жувоннинг юзи ёришиб кетди. – Бу қиз дўхтир бўламан, дейди. Момосининг табиби бу…

Қизалоқ унга берилган тавсифдан қалбида чексиз ғурур тугди. Кампир зарур текширувлардан ўтди. Меҳмон шифокорлар тавсияларни ёзиб қизалоққа тутди. Айвондан келган иссиқ ноннинг иси хонани тўлдирди. Тандирнинг тафтидан икки юзи анордек қизарган ёш жувон дастурхон устида иккита қайноқ нон билан кириб келди:

Яна ўқинг:  Sog‘liq, boylik, shodlik...

– Узр, энди тайёр бўлди-да… олинглар!

Момо билан хайр-хўшдан сўнг ҳамма ҳовлига чиқди. Шоҳиста Холдоровна офтобадаги илиқ сувга қўл чая туриб, эл расмини адо этиш учун оғиз жуфтлади:

– Қизим, ана энди нонни олиб чиқинг, тузини таътиб кўрамиз… Тезроқ қайтмасак, ҳавонинг ҳам авзойи бузиляпти…

Салқин ҳаво этни жунжиктиради. Устига-устак ёмғир севалай бошлади. Қишлоқ гузарига келгунга қадар у шаррос жалага айланди. На илож, уларни кутиб турган қишлоқ аҳлини ҳам Амбулансда бирма-бир тиббий кўрикдан ўтказишди, уларга бепул дори-дармонларни истеъмол тартибларини тушинтириб тарқатишди. Кузнинг куни бир тутам эмасми, тунд ҳаво қоронғуликка синга бошлади. Учқун бир дам ҳам Хадичадан нари кетмади. Тиббий кўрик якунига етганда бригада шифокорларининг барчаси ҳолдан тойди. Қишлоқ фуқаролар йиғини раисининг янгилиги эса бу чарчоқни чандон ошириб юборди.

– Азиз меҳмонлар, бугун қишлоғимизда тунайдиган бўлдингиз! – Неъмат ака марказдан келган вакилларга ҳамиша расмий оҳангда сўзлайди. – Сой ёқасидан автоулов юрадиган йўлни қирдан тушган пўртана сув ювиб кетибди. Биз таваккал қилиб жонингизни хатарга қўёлмаймиз…

Ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлди. Аслида бригада шифокорлари бундай ҳолатга кўп бора тушган. Йўлнинг азобини, меҳнатнинг машаққатини татиб кўриб кўникиб қолган. Аммо бировнинг хонадонини ташвишга қўйиб, беҳаловат қилиш ҳеч кимнинг истаги эмасди. Биргина Учқуннинг севинчи кўзларини янада равшан этарди:

– Раис бува, бир кеча минг кечами, бизнинг уй бир қадам, озгина тараддуд ҳам бошлаб қўйганмиз, меҳмонимиз бўлишади.

– Онаси зап пазанда Учқунжоннинг… – Маҳалла маслаҳатчиси ҳам гапга қўшилди. Аммо негадир ҳеч ким, “нега онаси, аёли-чи?” деб ўйлаб кўрмади… Аслида, жой масаласини муҳокама қилишга на шифокорларда, на мезбонларда энди тоқат қолганди.

Сувга тушган жўжалардек меҳмонлар бир-бирига яқин ўтирарди. Хонадоннинг бош бекаси ҳақиқатда, эпчил, йўқни йўндирадиган, борни дўндирадиган аёл экан. Дастурхон бир зумда қаймоғу асал, писта-бодомга тўлди. Ошхонада яна кимлардир куймаланарди. Бир пас туриб Учқун икки нафар кўзмунчоқдек қизнинг бошини силаб айвондан меҳмонхонага киритиб юборди:

– Бу менинг қизларим… – Ўзини ноқулай ҳис қилди чоғи, остона ҳатламасдан ҳовлига қайтиб кетди.

– Вой, буларнинг ширинлигини, – Хадичанинг кўзлари ёниб кетди. Ҳамма уйнинг кичик мезбонларига илтифот кўрсатди.

– Ойисининг қизими, булар? – чечанлиги тутди ҳамшира қизнинг. Қизалоқлар ҳеч сўз демай, қимтинибгина айвонга чиқиб кетди. Қизнинг сўзи оғзида қолди. Маҳалла маслаҳатчиси ўнғайсизланди:

– Вой, Хадичахон-эй, ҳали айтмабман, бурунги йили онаси қайтиш қилганди, раҳматли бир йил бетоб бўлиб юрди, кўрсатмаган дўхтири қолмади, қисмат экан… – Хадичанинг танаси музлаб қолди. Бир зум ўзини англамади. – Булар ҳам сиз тарафларда, марказда яшарди, Учқуннинг уйи бор, давлат идорасида ишларди. Икки қизалоқнинг онадан кейин тарбиясини, парваришини ўйлаб қишлоққа қайтди.

Яна ўқинг:  Беминнат ёрдам бермоқда

У бошқа “лом-мим” демади. Ҳовлига чиққанида муздек ёмғир томчиларининг ҳароратини ҳам ҳис қилмади. Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлагиси келди. Нима учунлигини ўзи ҳам сезмасди. Биринчи кўришганда Учқунга дашном бергани учунми, гулдек келинчакнинг қазоси, қизалоқларнинг етим қолгани учунми, онаизорнинг куйиб-пишиб, танимаган, етти ёт бегона кишиларни меҳмон қилиб оввора бўлаётгани учунми, ўзининг тақдириданми, қисматнинг заҳриданми, англамасди…

Айвонга Хадича бўш идишларни олиб чиққанида, бу пайтни кутиб турган Учқун ўчоқ бошидан уни имлаб чақирди. Иккиси бир дам ёлғиз қолди:

– Тушунгандирсиз, кўчада юкимни от, уйда мана шу онаизорим кўтаради. Лекин мен қизларимнинг қалбидаги юкини, норасидаларнинг ғамини кўтара олмаяпман, шуни айтмоқчи эдим. Негадир, сиз билан бугун кўришган, ҳали суҳбатлашмаган бўлсакда, дардимни айтгим келди, – тушкин жилмайди Учқун. Балки вазиятдан чиқиш учун, ғамини енгиш учун шундай қилгандир. – Менга телефон рақамингизни бераоласизми?..

Демак, у ҳаммасидан хабардор. Хадичанинг дардли “дастурхони”ни кимдир ёзган, тақдирини сўзлаб берган. Ҳойнаҳой, Шоҳиста Холдоровна… Энди қиз баттар ғамга ботди. Йигитнинг кўзларига ҳам боқмасдан уйга кириб кетди. Тонгга қадар хонадан чиқмади, тонгга қадар мижжа қоқмади ҳам. Алламаҳалда ҳовлида отнинг дупури, томоқнинг қирилиши, пичирлаган овоз, айвонда оҳиста оёқ товуши эшитилди. Онаизор безовталанди чоғи:

– Ҳа, болам, ярим тунда от миниб қаёқларда юрибсан, дамингни олсангчи?!.

Демак, Учқунга унинг мум тишлагандек жим тургани, ноўрин ғазаблангани оғир ботибди. Йўқ балки, бу жиддий эмасдир. Йигит у билан ҳазиллашган. Ахир шу дамгача, қанчадан қанча йигитлар Хадичага гап улоқтирган, қанчадан қанча кўзлар унга суқланиб қараган, буларнинг барчасига парво қилганида аллақачон юрак етишмовчилигига гирифтор бўларди. Лекин Учқуннинг кўзларига боққанида ўзининг ҳам юраги ҳаяжондан ҳапқириб кетдику… Бу тун Хадича учун жуда оғир кечди, туши билан ўнггида хаёллари қоришиб кетди. Хуллас, барчаси алмойи-алжойи…

Эрталаб нонуштадан сўнг меҳмонлар шошиб йўлга отланди. Негадир Учқун кечагидек сермулозамат эмас, боқишларида ҳам маъно-муҳаббат, ҳаракатларида умид кўринмай қолди. Бу ҳолдан қизнинг қалбига “ғул-ғула” тушди. Нима учун бетоқат бўлаётганини, нимага талпинаётганини, кимдан нима кутаётганини… асов тулпордек югани қўлдан кетган ҳисларининг жиловини ололмаётган эди. У бутунлай ажиб бир ҳиссиётнинг измига тушиб қолди. Айни дам у барча эзгуликларга куч топа оларди. Ҳаммаси бир лаҳзада содир бўлди. Меҳмонхонага шошиб қайтиб кирди, сумкасидаги ён дафтарининг бир варағини йиртиб олиб, қўл телефонининг рақамини анор донасидек териб ёзди. У бироз ўйланиб кўнгли хотиржам бўлмади чоғи, ишхонасининг рақамини ҳам қўшиб қўйди.

Хайрлашаётганда норасидаларни маҳкам бағрига босди, тўнғичининг қулоғига пичирлаб, хушбичим нимчасининг чўнтагига варақни бошқаларга сездирмай солиб қўйди. Қизалоқ жилмайди, зимдан кузатиб турган Учқуннинг ҳам чеҳрасига ойдин табассум югурди…

Машина тоғ йўлларида тўлғониб пастликка ина бошлади. Улов ичини хотин-қизларларнинг ғала-ғовури тутиб кетди… Ҳайдовчи шовқинни бостириш учунми ёки ўзининг қониб қўшиқ эшитгиси келдими, радионинг овозини созлади:

Олам битта қўшиқнинг садосидан яралган,

Ва икки жисму жоннинг савдосидан яралган…

 

Фахриддин ҲАЙИТ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: