Икки қош ораси

Адолатхон, ҳой Адолатхон! Ичкарида жавоб бўлавермагач Ҳалимахон норози оҳангда овозини баландлатди. – Ҳали ҳам болани эмизяпсизми? Ҳеч ҳам боладан бўшамасакансиз-да?! Мен қўшни Барнохонникига кетдим. Ҳаммаёқни тартибга солиб, тушликка ош қилинг. Ҳализамон дадангиз келиб қолади. Ичкаридан жавоб бўлавермагач қайнона баланд овозда – Мени эшитяпсизми, ўзи?! – дея жеркиб қўйди. Ичкаридан – Хўп бўлади ойижон, хўп бўлади, – деган жавоб бўлгандан сўнггина қайнонанинг бироз ҳовури тушгандай ташқарига чиқиб кетди…

…Барнохон, ҳой Барнохон! Уйдамисиз? – Ҳалимахоннинг мурожаатига жавобан ичкари ҳовлидан қўшнисининг овози эшитилди.

– Кираверинг, кираверинг Ҳалимахон шу ердаман.

Аёл аста овоз чиққан томонга йўналди. Тор йўлак бўйлаб ҳовлининг кенг саҳнига ўтаркан кичик жуссали, қотмадан келган, хушрўйгина аёл Барнохон дорга кирларни бироз бетартиб, шоша-шоша илаётган эди. Дордаги кийимлар дурустгина сиқилмаганидан қўшни хижолат тортди чоғи ўзини оқлашга уринди:

– Кўрмайсизми, Акбаржон қўлдан тушмайди. Кўкракдан ажралгандан буён у шунақа инжиқ бўлиб қолган. Келиним Камолахон билан болага галма-гал қараб бир амаллаб ишларимизни битирамиз-да.

– Чилласи чиққанига кўп бўлмадику, бунча эрта айирмасангиз?

– Эй, сўраманг! Шўрлик болам дурустгина ўсиб келаётган эди. Нима бўлдию, онанинг сути қочди. Болам оч қолди. Уриниб кўринг, кетини узмай эмизаверинг, сутингиз қайтиб қолар деб Худони зорини қилдим келинга. Аммо у “болам тўймаяпти, қийналиб кетдим”, деган баҳона билан гўдакни айирди қўйди, – деди нолиган оҳангда, Барнохон.

– Дард чеккандир, қаттиқ сиқилмадимикин ёки ўғлингиз хафа қилдими?!, – дея қўшнисига тасалли беришга уриниб сўзларида давом этди қўшни аёл. – Тунов куни қўшни Холида опанинг янги бўшанган қизи оилавий жанжалдан бехосдан сути қочганини, энди ёш она боласини тўйдира олмаётганини ҳасрат билан айтиб бераётган эди шўрлик.

– Қаёқда дейсиз?! Ўғлим Комронжон хотинига қаттиқ гапирган йигит эмас. Оиламиз тинч, ўзингиз биласиз. Ҳайронман. Келиндан сўрасам тузук жавоб ҳам бермайди. Айтарли сабаб ҳам бўлган эмас, чамамда.

Бехосдан ичкари уйдан келган чақалоқ йиғиси икки аёл суҳбатини бузди.

Барнохон қўшни билан суҳбат қуриш илинжида эндигина супага чўккан эди ҳамки, беҳаловатгина ўрнидан қўзғалиб ошхона томондан келининини чақира бошлади.

Яна ўқинг:  Сўзнинг боли билан сийланг

– Камолахон, ҳой Камолахон! Бола турди чопинг! Йиғлайвериб бўғилиб қолмасин.

Дарҳол ошхона томондан келинининг қораси кўринди. Озғингина, бўйчанлиги уни янада ориқ кўрсатган, рангпар, уйқусида ҳаловат йўқлиги киртайган кўзларидан аён бўлган келин чиқиб уй томон ўзини олди. Бироздан сўнг чақалоқни кўтарганча ҳовлига чиқиб гўдагини қайнонасига тутқазди.

– Жоним болам, турдингизми!? – Барнохон гўдакни қўлига оларкан нигоҳида қандайдир энтикиш ва айни дамда хавотир сезилиб турарди.

Икки ойга тўлмаган Акбаржон жуда инжиқ бўлиб қолганди. Эрта кўкрак сутидан айрилган гўдак бемаҳал берилган қўшимча овқатдан сўнг аҳволи оғирлашиб қолди. Бола зудлик билан шифохонага ётқизилди. Ҳозир аҳволи яхшиланган бўлсада, Акбаржон ёшига нисбатан ўсишдан бирмунча ортда қоляпти. Ҳалимахон шу ҳақида ўйлар экан, қўшнисига тасалли беришга уринди.

– Куйинманг, бола етти ёшга тўлгунча етмиш марта дард чекади-я. Ҳали замон кўрмагандек бўлиб кетасиз. Айтганча, ҳозир ҳамма дўконларда она сутини босувчи қўшимча овқатлар борку!?

– Айланай қўшни, ахири шунга мажбур бўлдик-да, Камрон боласининг соғлиғи учун ҳам “миқ” этмай кун ора боласига “фалон” сўмлик қўшимча овқат кўтариб келади. Ўғлимга қийин бўлмасин деб унга бир нарса айта олмаяпман ҳам. Набирамнинг саломатлигини ўйлаб, ўзимнинг бод касалим ҳам унутилиб кетди, Ҳалимахон.

– Ҳа, “ўригидан данаги ширин” деб шунга айтишса керакда?!

– Нимасини айтасиз!! Келинимнинг ҳам уйқусида ҳаловат йўқ. Кечаси ҳам уйқусидан кечиб бир неча марта боласига овқат тайёрлайди. Уни кўриб эмизгани дуруст эдида, деб қўяман. Уни оғир ишларга ундамайман. Келинингиз ҳам осон эмас.

Хуллас, она сутида ҳикмат кўп экан. Гўдак она сути билан боқинг, кўкрак сутининг афзаллиги кўп деб шифокорлар бекорга тез-тез айтишмаяптида, ҳозир. Қадимдан бобо-бувиларимиз ҳам чақалоқ туғилаганида бежизга сутига эга қилсин, дея дуо қилишмаган.

Аёллар суҳбатлашар экан гўдак аста инжиқлик қила бошлади. Ҳалимахон дам ўтириб, дам туриб, баъзан юриб уни қўлида тебратарди. Кошкийди бу ҳаракатлари болани тинчлантирса, аксинча, чақалоқнинг йиғиси янада авжига чиқа бошлади. Унинг ҳам сабри тўлди чоғи ошхонага юзланиб зарда оҳангида – Акбаржоннинг овқати тайёр бўлдими? – деди баланд овозда.

Яна ўқинг:  Тиббиётда самарали ҳамкорлик

Ҳалимахон қўшнисининг сўзларини эшитар экан, кўнглидан алланимлардир ўтди шекили, бироз ўйланиб қолди. Шу тобда уйда қолган келини ёдига тушди. Қилиқлари кундан кунга ширин бўлиб бораётган, эндигина ёшига тўлган набираси Жаъфарни кўз олдига келтирдию, кўнгли бехосдан улар томон талпина бошлади. “Вақт ҳам алламаҳал бўлдиёв. Келинимга бугунги қилган муомалам оғир ботиб сути қочган бўлсая, Жаъфар ҳам Акбаржонга ўхшаб инжиқ бўлиб қолсачи… Худонинг ўзи асрасин…”

Ҳалимахон қўшни билан қисқагина хайр-маъзур қилиб, шошганича уйига чиқди.

Сариштагина ҳовли бўйлаб уйга кириб бораркан, ошхона томон паловхон тўранинг хушбўй иси анқиди. – Адолатхон! Қизим қаердасиз?

– Лаббай, ойижон! – келин ошхонадан шошганича қайнонасининг қаршисига пешвоз чиқди. – Яхши келдингизми? – Адолатхоннинг хушфеъл, ширинсўзлигидан кўнгли энтикиб кетган қайнона келинига тикиларкан “Ойдеккина келиним борда”, дея хаёлидан ўтказди. “Пазанда, ораста”. Шуларни хаёлидан ўтказар экан меҳр билан “Чарчамадингизми, Жаъфар ўғлим ухлаяптими?”, дея сўради. “Узр, ойижон набирангизни зўр-базўр ухлатдим. Шунинг учун ошга бироз кеч қолдим-да”.

– Ҳечқиси йўқ. Болажонимни оч қолдирмасангиз бўлгани. Набирагинам она сутига тўйсин. Сиз бироз дамингизни олинг. Дадангизни ўзим кутиб оламан. Кечга бориб қайнатма шўрва соламан. Сутингизни кўпайтиради.

Ҳалимахон келинини уйга киритиб юборар экан ҳовли этагида сарғайиб пишган арпабодиён уруғларини териб ошхонага ўтди.

Қайнона шошмасдан келини учун дамлама тайёрлар экан аста овоз билан “Набирам дуркун ва соғлом бўлиб ўссин-да, илоҳим. Она сутидан айирмасин. Жаъфаримни сутига эга қилсин…”, дея қўшиб қўйди.

 

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: