Ҳамкорликнинг янги уфқлари

Тошкентдаги Симпозиумлар саройида 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Ислом ҳамкорлик ташкилотининг энг муҳим тузилмаларидан бири бўлиб, унинг сессияси ҳар йили аъзо мамлакатлардан бирида ўтказилади. 2015 йилда Ал-Кувайт шаҳрида бўлган 42-сессияда навбатдаги сессияни Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 19 августдаги қарорига мувофиқ ушбу халқаро анжуманга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди. Сессия тадбирлари учун барча зарур шароит яратилди.

Анжуманда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ташкилотнинг ёрдамчи ва махсус муассасалари раҳбарлари, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Швейцария, Италиянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби қатор тузилмалар вакиллари иштирок этди.

Сессияни Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг амалдаги раиси, Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ кириш сўзи билан очди.

Қуръон тиловат қилинди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур таъзия изҳор этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев сессиянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ияд Амин Маданий Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш мақсадида улкан ишларни амалга оширганини, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшганини, бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлади. Сессияга юксак даражада тайёргарлик кўрилганини қайд этиб, мамлакатимиз ҳукуматига самимий миннатдорлик билдирди.

Сессия Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таклиф этган “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори остида ўтди. Анжуман иштирокчилари мазкур ғоя Ислом ҳамкорлик ташкилотининг бузғунчи мафкурага қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёш авлодда муқаддас ислом дини қадриятлари ҳақида тўғри фикр шакллантириш, юксак маънавиятли ва билимли ёшларни тарбиялаш орқали фаровонликка эришиш каби устувор мақсадларига мос эканини таъкидлади.

Ўзбекистон улкан ижтимоий, маънавий ва иқтисодий салоҳияти билан Ислом ҳамкорлик ташкилотида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимиз бу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик кенг кўлам касб этган.

Яна ўқинг:  Эзгулик йўли

Ташкилотнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси – ISESCO томонидан Тошкент шаҳри 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинган.

Ўзбекистон 2003 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ихтисослаштирилган тузилмаси – Ислом тараққиёт банкига аъзо бўлган. Ўтган даврда мазкур банк билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, қурилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилган.

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига мусулмон давлатларни бирлаштирувчи умумэътироф этилган форум сифатида қарайди, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислигини мамлакатимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасининг эътирофи, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ташкилотнинг жаҳондаги ролини кенгайтириш, ташкилот олдидаги муҳим вазифаларни ҳал этишга ҳар томонлама кўмак беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг ялпи мажлисида Кот д’Ивуар Республикаси ташқи ишлар вазири Абдалла Мабри, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, Судан Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчиси Али Алсаносий, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Қосимов сўзга чиқди.

Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг амалдаги раиси Кувайт Давлати ўз раислик ваколатини Ўзбекистонга топширди. Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017 йилдаги навбатдаги сессиясига қадар Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: