Замонавий шифохона эл хизматида

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 4-шаҳар клиник шифохонаси тубдан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилган узлуксиз чора-тадбирлар инсон саломатлигини асраш ва жамият тараққиётини юксалтиришнинг муҳим омили бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. 4-шаҳар клиник шифохонаси пойтахтимизнинг Яшнобод, Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Сергели туманлари аҳолисига хизмат кўрсатади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 18 ноябрдаги Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги инвестиция дастури тўғрисидаги қарори асосида ушбу тиббиёт муассасасида босқичма-босқич қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди. Бу ишларга 27 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилди.

Реконструкция ишлари натижасида клиниканинг барча бўлимлари замонавий қиёфага кирди. Биноларнинг атрофи тубдан ободонлаштирилиб, яшил ҳудудлар барпо этилди. Барча бўлимлар жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари асосида янги тиббий диагностика воситалари, жиҳозлар билан таъминланди. Замонавий УТТ, МСКТ, рентген, лапароскопик воситалар, физиотерапия муолажаларини ўтказишда қўлланиладиган тиббий асбоб-ускуналар бунга мисолдир.

– Муассасамиз аҳолига тиббиётнинг барча йўналишлари, хусусан, тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш борасида энг замонавий шароитларга эга бўлди, – дейди 4-шаҳар клиник шифохонаси бош шифокори Содиқ Алимов. – Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш муҳим вазифамиздир. Шу мақсадда диагностика ва даволаш амалиётига жаҳон тиббиётининг янги услубларини татбиқ этиш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Шифохонамизда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва бир қатор ихтисослашган марказларнинг махсус кафедралари жойлашгани илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш, тиббиёт ютуқларидан оқилона фойдаланишда муҳим омил бўлаётир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икромов сўзга чиқди.

 

Б. ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Ёнғичқолида янги ҚВП

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: