Болаларнинг бўш вақти
“Баркамол авлод” марказида мазмунли ўтади
Босқичма босқич ишловдан сўнг тайёр ёғочга безак солишга келганда, Абдуллоҳ, у қадар шошмади. Хаёлан нақшларга ранг танлаш борасида бироз ўйланиб қолди.
Тўрт йилдан буён ушбу ҳунар сир-асрорларини қунт билан ўрганиб келаётган бўлса-да, у устози Саидкомил акадан маслаҳат олишни сира канда қилмайди. Шунинг учун бўлса керак, Абдуллоҳ ясаган чиройли ва бежрим қутилар, осма лаган ва лавҳлар “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт марказининг намунали ишланмалар пештахтасидан ўрин олган. Ёш бўлишига қарамасдан унинг мақсади аниқ. Келажакда Абдуллоҳ устозлари Саидкомил ака Хўжаев, Жавоҳир Аҳмаджонов каби қўли гул уста-дурадгор бўлмоқчи.
Бугунги кунда “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт маркази кўплаб болажонлар учун том маънодаги илм ва касб-ҳунар ўргатадиган севимли масканга айланган. Айни пайтда ушбу муассасада 39 та тўгарак фаолият юритаётган бўлиб, уларга 734 нафар илм ва ҳунарга чанқоқ ўқувчи-ёшлар жалб этилган.
Марказ томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Баркамол авлод” болалар маркази бадиий ижодиёти йўналиши фаолиятининг методик асослари”, “Ёшларни баркамол шахс қилиб тарбиялашда шарқ мутафаккирларининг қарашлари” номли услубий тавсиялар ҳамда “Карвинг” санъати ва “Ўғил болалар рақси” тўгараклари ўқув қўлланмалари ишлаб чиқилди. Бу эса машғулотларнинг янада мазмунли тарзда ўтилишига замин яратмоқда. Шунингдек, ўқувчилар ўртасида турли кўрик-танловларнинг ташкил этилиши янги истеъдод эгаларини кашф этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, юртимиздаги умумтаълим мактабларининг 5-, 9-синф ўқувчилари ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ижодий ишлар танловининг ўтказилиши шулар жумласидандир. Мазкур беллашув иншо, шеър ва расм йўналишларида ташкил этилиб, унинг бу йилги республика босқичида жами 42 нафар ўқувчи ўз ижодий ишлари билан иштирок этди.
– Марказимиз томонидан кўплаб фестиваль ва танловлар ўтказиш яхши анъанага айланган. Қувонарлиси, ушбу тадбирларда билимга чанқоқ ўқувчи-ёшларимиз фаол иштирок этишмоқда. Бу эса биз устозларнинг ютуғимиз десак, асло муболаға бўлмайди, – дейди марказнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Насиба опа Шомансурова.
Мухтасар қилиб айтганда, ўқувчиларнинг бу ерда олган билим ва кўникмалари келажак ҳаётларида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Маърифат ТОЛИПОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири