Энг яхшиси бўлмоқчиман

Бир синфда аълочи бир бола ўқирди. Лекин унда кўролмаслик одати бор эди. Синфнинг энг яхши ўқувчиси мен бўлишим керак, бошқалар ҳамиша мендан орқада юриши керак деб ҳисобларди у.

Шунинг учун шериклари дарсда жавоб бераётганда ўртага гап қўшиб, уларни адаштирар, дафтарларига хато жавобларни ёзиб қўяр, хуллас, очиқ душманлик қиларди. Буни сезган ўқитувчиси бир куни уни хаттахта ёнига чиқариб, нега бундай қилаётганини сўради. Болакай ичидагини яширмади:

– Устоз, ҳеч ким мендан зўр бўлиши истамайман. Энг яхши, энг аълочи ўқувчи ўзим бўлишимни хоҳлайман, – деди у.

Устози хаттахтага тенг узунликдаги иккита чизиқ чизди. Сўнг сўради:

– Қара, ўғлим, ҳозир тахтадаги чизиқларнинг узунлиги бир хил. Биринчиси меники, наригиси сеники. Сеники узунроқ бўлиши учун нима қилиш керак?

– Сизнинг чизиғингизни ўчириб, қисқартириш керак, – деб жавоб берди бола.

– Бунинг яна бошқа бир усули бор, мантиқли ва тўғри усули бор, – деди ўқитувчи ва бўр билан битта чизиқни давом эттириб узайтирди. – Кўрдингми, бу ҳолда ҳам сенинг чизиғинг меникидан узун бўлди. Менинг чизиғимга эса зарар етмади. Агар бошқалардан аълочи бўлмоқчи бўлсанг, уларнинг оёғидан чалишинг эмас, ўз қобилиятларингни кучайтиришинг керак. Шунда синфнинг энг яхшиси бўласан, ўртоқларингга ҳам зараринг тегмайди. Улар сенга ҳавас билан қарайди, ҳурматингни жойига қўяди.

Кичик синфдаги болалар орасида тез-тез кўзга ташланиши мумкин бўлган бу ҳолат, афсуски, кап-катта кишилар ўртасида ҳам учраб туради. Аслида, ўқитувчи айтган ҳақиқатни англаб етиш унчалик қийин иш эмас. Бунинг учун ҳаётга очиқ кўз ва уйғоқ виждон билан қараш керак, холос.

 

Ориф ТОЛИБ

Яна ўқинг:  Ўзбекистон саломатлик рейтингида МДҲ мамлакатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: