Матонат, жасорат ва ватанпарварлик намунаси
Ўзбекистон спортчилари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза медални қўлга киритди
Тошкент халқаро аэропортида 21 сентябрь куни ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, паралимпиячиларимизнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди.
Жорий йилги спорт мавсумида Ўзбекистон фарзандлари дунёнинг нуфузли мусобақалари – XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида бутун жаҳонга мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини намоён қилди. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари ҳам буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшларининг мардлик ва жасоратда, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади.
Спортчиларимизнинг ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида халққа улашган, элнинг қаддини, ғурур-ифтихорини тоғдек кўтарган музаффар онларининг ҳовури босилмай туриб, яна ғалаба нашидаси, бахтиёр лаҳзалар шукуҳи қалбларимизни чулғаб олди.
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган натижалар ана шундай туйғуларни бахш этди. Дунё миқёсидаги нуфузли спорт анжуманида бир юз олтмишдан зиёд давлатдан тўрт мингдан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳслашди.
Ўзбекистон паралимпиячилари ушбу нуфузли мусобақага пухта тайёргарлик кўрди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори асосида паралимпиячиларимиз замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши, Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган нуфузли мусобақаларга тайёрланиши ва уларда муносиб қатнашиши учун барча шарт-шароит яратилди.
XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 32 спортчиси дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза, жами 31 медалга сазовор бўлди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон спорт делегацияси 160 дан ортиқ давлат орасида ўн олтинчи, МДҲ давлатлари ўртасида иккинчи, Осиё мамлакатлари ичида учинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.
– Ўғлим Паралимпия ўйинларига кетиш олдидан албатта олтин медаль билан қайтаман, деб ваъда берганди, – дейди Фирдавс Мусабековнинг онаси Шоира Мусабекова. – У ваъдасининг устидан чиқиб, юзимизни ёруғ қилди. Ўғлимнинг бу ғалабаси бутун халқимизнинг ютуғи, истиқлол берган кенг имкониятлар, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёшларга кўрсатган меҳр ва эътиборининг самарасидир. Мамлакатимиз мустақил бўлмаганда ўғлим шундай катта мусобақаларда манаман деган давлат вакиллари билан беллашиш имконига эга бўлармиди?! Ғалаба қозонишини-ку тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.
– Биз паралимпиячиларимиз билан фахрланамиз, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нурудинов. – Уларнинг матонатига, шижоатига қойил қолмай илож йўқ. Биз, спортчилар XXXI ёзги Олимпия ўйинларидаги ғалабамиздан қандай қувонган бўлсак, паралимпиячиларимизнинг ютуғидан қувончимиз икки ҳисса ошди. Зеро, улар Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон ёшлари нималарга қодирлигини, халқаро майдонларда эришаётган натижаларимиз тасодифий эмаслигини яна бир карра исботлади.
– Спортчиларимизнинг Паралимпия ўйинларидаги ҳар бир чиқишини катта ҳаяжон билан кузатиб бордик, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов. – Бу натижалар, медаллар мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш борасида амалга оширилган улкан ислоҳотлар мевасидир.
…Мана, орзиқиб кутилган дамлар – улкан ҳаво кемасидан қўлларида Ватанимиз байроғини мағрур кўтарган спортчиларимиз чиқиб келмоқда. Карнай-сурнай садолари ёшларнинг “Ўзбекистон!” деган ҳайқириғига уланиб кетади.
Тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, Ўзбекистон халқ артисти М.Азизов, ота-оналар номидан Р.Қўчқорова паралимпиячиларимизнинг бу юксак ғалабаси халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаганини, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизда мустақиллик йилларида спортни ривожлантиришга, бу жараёнда жисмоний имконияти чекланган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратган эътибор ва ғамхўрликнинг улкан самарасини бутун дунёга намоён қилганини алоҳида таъкидлади.
Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Ш.Намозов, Ҳ.Олимова, М.Турсунхўжаев халқимизнинг ишончи, давлатимизнинг ёшларга қаратаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирди. Келгусида бундан-да юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.
Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари усти очиқ автобусга ўтириб йўлга чиқди. Тошкент халқаро аэропортидан Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси биносига қадар музаффар спортчиларимизни кутиб олиш учун йиғилганлар уларни қутлади: “Баракалла, қудратли юртнинг муносиб фарзандлари! Ғалабангиз муборак бўлсин!”
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, халқаро майдонларда матонатини, иродасини, жасоратини кўрсатишини таъминлаш доимий эътиборда.
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг ғалабага бўлган қатъий ишончи, туғилиб ўсган Ватанини баралла мадҳ этишга бўлган интилиши улар кўрсатган натижаларда бутун бўй-басти билан намоён бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 июлдаги Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги ва иштироки тўғрисидаги қарори паралимпиячиларимизнинг тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида муносиб қатнашишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Спортчиларимиз Паралимпия ўйинларида эришган ғалабалари билан нафақат мамлакатимиз, балки дунё тарихида янги саҳифа очди. Паралимпиячиларимиз шарафига Ўзбекистон номи, мустақил мамлакатимиз мадҳияси баралла янгради, байроғимиз баланд ҳилпиради. Улар қайд этган натижалар, рекордлар, қўлга киритган медаллар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилди.
Ҳар қандай ғалаба, эришилган натижа таққосланганда янада залворли кўринади. Биргина мисол, Лондон шаҳрида бўлиб ўтган XIV Паралимпия ўйинларида ўн нафар спортчимиз иштирок этган ва бир кумуш медални қўлга киритган эди. Бу галги мусобақада олтин медалнинг ўзи саккизтага етди. Таъкидлаш жоизки, ҳатто, қатнашувчи спортчилари бизникидан бир неча баробар кўп бўлган айрим давлатлар ҳам шунча олтин медалга эриша олгани йўқ. XV Паралимпия ўйинларида 160 дан зиёд давлатдан 83 давлат спортчиларигина медалларни қўлга киритиш бахтига муяссар бўлди, олтин медалга сазовор бўлган давлатлар ундан ҳам кам – 63 тани ташкил этди.
Спортчиларимиз фақат медалларни қўлга киритибгина қолмай жаҳон ва Паралимпия ўйинлари рекордларини ҳам янгилаб, ўзларининг улкан салоҳиятга, истеъдодга эга, юраги шижоатга тўла эканини исботлади. Нуфузли мусобақада спортчиларимиз томонидан 7 Паралимпия ўйинлари, 6 жаҳон ва 12 Осиё рекорди ўрнатилди.
Нуфузли мусобақанинг дзюдо бўйича беллашувларида қатнашган полвонларимиз 3 олтин, 1 кумуш ва 6 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Вазни 60 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда қатнашган Шерзод Намозов уругвайлик Хенри Боргес, озарбайжонлик Рамин Иброҳимов, япониялик Макото Хиросени енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
– Паралимпия ўйинларидаги ғалабамизни мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаймиз, – дейди Шерзод Намозов. – Олимпиячиларимизни кутиб олиш маросимини кўрганимизда уларга чин дилдан ҳавас қилган, биз ҳам нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиб, ғалаба қозонамиз, деб ният қилган эдик. Бугун ана шу ниятимизга етганимиздан, бизни ҳам олимпиячиларимиз каби катта тантана билан кутиб олишганидан бошимиз осмонга етди.
Паралимпия ўйинларининг сузиш бўйича баҳсларида спортчиларимиз ўзига хос рекорд натижа қайд этди.
Хотин-қизлар ўртасидаги баҳсларда қатнашган истеъдодли спортчимиз Фотима Омилова биттадан олтин, кумуш ва бронза медалга сазовор бўлди. У 100 метрга брасс усулда сузишда 1 дақиқа 12.45 сония натижа қайд этиб, жаҳон рекордини янгилади ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. 200 метрга комплекс сузишда кумуш, 100 метрга баттерфляй усулида сузишда бронза медални қўлга киритди.
– Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш бахтига муяссар бўлганимдан хурсандман, – дейди Фотима Омилова. – Нуфузли мусобақада ғалаба қозонишимда Ўзбекистонга албатта медаль билан қайтишим, ота-онам, устозларим, халқимизнинг ишончини оқлашим керак, деган қатъий ишонч менга ҳар томонлама куч-қувват берди. Зеро, мустақил Ватанимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилиш, биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган юртимизга муносиб фарзанд бўлиш ҳар биримизнинг энг улуғ мақсадимиздир.
Муслима Одилова 50 метрга эркин ва 100 метрга баттерфляй усулда сузишда иккита кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Шоҳсанам Тошпўлатова 50 метрга эркин ва 200 мертга комплекс усулда сузишда икки марта учинчи ўринни эгаллади.
100 метр масофага брасс усулда сузиш бўйича баҳсларда қатнашган Фирдавс Мусабеков 1 дақиқа 04.94 сония натижа кўрсатиб, Паралимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. 100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсларида Кирилл Панков кумуш, Музаффар Турсунхўжаев бронза медални қўлга киритди.
Паралимпия ўйинларининг енгил атлетика баҳслари ҳам спортчиларимиз учун медалларга бой бўлди.
Ушбу спорт турида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига дастлабки медални Ҳусниддин Норбеков келтирди. Тажрибали спортчимиз диск улоқтириш баҳсларида 59,75 метр натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Унинг кўрсатган натижаси жаҳон ва Паралимпия ўйинлари рекорди сифатида қайд этилди.
– Нуфузли мусобақада қўлга киритган юқори натижаларимиз мустақиллигимиз неъмати, мамлакатимизда биз, ёшларга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир, – дейди Ҳусниддин Норбеков. – Паралимпия ўйинларида биз ана шу меҳр ва ғамхўрликни чуқур ҳис қилган ҳолда баҳсларга киришдик. Бу бизга янада куч-ғайрат бағишлади.
Александр Свечников найза улоқтириш баҳсларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Спортчимиз 65,69 метр натижа қайд этиб, Паралимпия рекордини янгилади.
Хотин-қизлар ўртасида енгил атлетиканинг найза улоқтириш баҳсида Нозимахон Қаюмова 44,58 метр натижа кўрсатди ва жаҳон рекордини ўрнатиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади. Ядро улоқтириш мусобақасида Сафия Бурхонова кумуш медални қўлга киритди.
Ўн метрдан пистолетда ўқ отиш баҳсларида иштирок этган Сервер Ибрагимов ва пауэрлифтинг бўйича вазни 80 килограммгача бўлган спортчилар беллашувида қатнашган Аҳрор Бозоров Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига бронза медални тақдим этди.
Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон спортчилари XV Паралимпия ўйинларида ўз маҳорати, матонати ва шижоатини тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Спортчиларимиз келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида бўладиган XVI Паралимпия ўйинларида бундан-да салмоқли натижаларга эришиши шубҳасиздир.
Тантанали маросимда Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов иштирок этди.
Байрам АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири