Қизларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи
Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон хотин-қизлар терма жамоаси аъзолари Иорданияда ўтган II Афро-Осиё чемпионатида 10 та олтин, 3 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Тажрибали атлетимиз Марина Сисоева вазни 53 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида штангани даст кўтаришда 82 килограмм, силтаб кўтаришда 103, икки курашда 185 килограмм натижа қайд этиб, учта олтин медалга сазовор бўлди.
Вазни 58 килограммгача бўлган қизлар баҳсида Муаттар Набиева штангани силтаб кўтариш баҳсида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 69 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги атлетлар мусобақасида ғолиблик учун кураш мамлакатимиз спортчилари ўртасида кечди. Якунда Манзура Мамасолиева учта олтин медални қўлга киритган бўлса, Гулноза Аҳмадова учта кумуш медал билан тақдирланди.
Вазни 75 килограмм гача бўлган спортчилар беллашувида ҳам биринчи ўрин терма жамоамиз аъзоси Омадой Отақўзиевага насиб этди. Илк бор халқаро майдондаги мусобақаларда иштирок этаётган умидли спортчимиз Долера Давронова вазни 75 килограммдан оғир бўлган атлетлар баҳсида учта бронза медал билан тақдирланди.
Чемпионатда Ўзбекистон хотин-қизлар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Т. ОРТИҚОВА