Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйилди

Халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини катта кўтаринкилик билан байрам қилмоқда. Бу буюк сана юртдошларимиз қалбига бемисл фахр-ифтихор, сурур бағишламоқда.

Жорий йилда энг улуғ, энг азиз айёмимиз мамлакатимиз бўйлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя асосида нишонланмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан 31 август куни ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу мақсадларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали равишда гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар номидан ҳарбий оркестр садолари остида Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйилди.

Мустақиллик, тинчлик ва тараққиёт. Бу улуғ тушунчалар доимо ёнма-ёндир. Халқимизнинг тарихий ютуғи – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда бу ҳақиқат яна бир бор ўз ифодасини топмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида Мустақиллик майдонида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, у яхлит меъморий ансамбль, ноёб мажмуа кўринишини олди. Бу ерда олиб борилган бунёдкорлик ишлари бош майдонимизнинг нафақат манзарасини, балки мазмун-моҳиятини ҳам тубдан ўзгартириб юборди.

Бугун Мустақиллик майдонининг кўрку таровати ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Бу ердаги доимо яшнаб турувчи дарахтлару турфа гуллар кўзни қувонтиради. Майин шабададан дарахтлар, ям-яшил майсалар оҳиста тебранади. Кундузлари қуёш нурида, тунлари нурафшон чироқлар шуъласида жилоланувчи фавворалар майдон ҳавосини мўътадил сақлайди. Бу ерга келган одам ажиб сокинликни, унинг замиридаги тинчлик ва осойишталикни янада теран ҳис этади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2005 йил 28 декабрда Мустақиллик монументи олдида Бахтиёр она сиймоси акс этган муаззам ҳайкал қад ростлади. Бугунги тинч, осуда ҳаётимиз, порлоқ келажакка бўлган мустаҳкам ишончимиз ифодаланган, фарзандини бағрига босиб, унга термулиб турган Бахтиёр она сиймосида ҳар биримиз ўз онамизни, беғубор болалигимизни, баркамол авлодимизни кўргандек бўламиз. Мазкур мажмуа эркин демократик давлат, инсон манфаати ва ҳуқуқлари ҳар нарсадан устун турадиган фуқаролик жамияти барпо этилаётган мамлакатимизда аёл зотига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

– Ҳар гал Мустақиллик майдонига келганимизда қалбимизда ўзгача туйғулар жўш уради, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши раиси Акмал Жумабоев. – Давлатимиз раҳбари  томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор туфайли қўлга киритаётган ютуқ ва марраларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бугун юртимиздаги ҳар бир ёш қалбида Ватан келажаги учун масъуллик, Ватан равнақига муносиб улуш қўшишдек эзгу ният мужассам.     

Яна ўқинг:  Xushxabar raqamlar

Ютуқларимиз кўпайгани сари халқимизнинг фаровонлиги, турмуш маданияти ва салоҳияти ҳам юксалиб бораверади. Юксак маънавият ва салоҳиятга эга халқ янги-янги марраларни қўлга киритишга қодир. Мустақиллик йилларида халқимизнинг онгу тафаккури бутунлай ўзгарди. Бугун халқимиз замонавий, юксак даражадаги шарт-шароитларда ҳаёт кечиришга ўрганди. Буларнинг барчаси истиқлол йилларида олдимизга қўйган улуғ мақсадларга эришаётганимиз, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизнинг амалдаги ифодасидир.

Замонлар ўтади, мамлакатимизда янги-янги авлодлар дунё­га келади. Аждодларимизнинг, халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарган, эркин ва обод Ватан барпо этиш йўлида қанот бўлиб, беқиёс имконият ва истиқболларни очиб берган бу кун юртимиз тарихида мангу буюк сана бўлиб қолади.

1 сентябрь куни пойтахтимизнинг барча туманларида байрам тантаналари ўтказилади. Мамлакатимиз вилоятларида байрам тадбирлари, сайиллар давом этади.

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: