Эмлаш – вирусли гепатит профилактикасида муҳим омил
Вирусли гепатит А касаллиги ўткир юқумли жигар хасталиги бўлиб, унинг қўзғатувчиси вирус ҳисобланади. Дунёда ҳар йили ўн миллионга яқин одам ушбу хасталикка чалинади.
Ўзбекистон Республикасида вирусли гепатитларнинг А, В, С турлари кўпроқ учрайди. Мактабгача ёшда бўлган болалар ва кичик мактаб ёшидаги болалар бошқаларга нисбатан ушбу хасталикка кўпроқ чалинади. Вируснинг организмга тушиши ва касалликнинг илк белгилари пайдо бўлиши 15 кундан 50 кунгача бўлган инкубацион даврни ўз ичига олади. Хасталик вирус билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари, сув, ўйинчоқлар ва ифлос қўллар орқали юқади. Вирус ташқи муҳитга чидамли бўлиб, у 60°C ҳароратгача бўлган чучук ва шўр сувда бир неча ойгача сақланиши мумкин.
А гепатит касаллиги жигар тўқималарининг яллиғланиши ва некрозли ўзгаришларга ва интоксикация (заҳарланиш) белгиларининг пайдо бўлишига, жигар ва талоқнинг катталашиши билан кузатилади.
Жигар фаолияти клиник ва лаборатор таҳлилларининг салбий томонга ўзгариши, сариқлик белгиларининг пайдо бўлиши, пешоб рангининг тўқ рангга кириши ва бемор ахлатининг рангсизланиши билан тавсифланади. Бемор ҳолсизлик ва иштаҳасининг йўқолиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, мушакларидаги оғриқдан шикоят қилади. Яшаш ва иш жойларининг санитария жиҳатдан қониқарсиз ҳолатда бўлиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, аҳолининг зичлиги, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш қоидаларининг бузилиши, сифатсиз ичимлик сувидан фойдаланиш вирусларнинг кўпайишига шароит яратади.
Бу хасталикнинг олдини олиш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш зарур. Яна шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, овқат тайёрлаш ва овқатланишдан олдин, жамоат жойларига ҳамда ҳожатхонага боргандан сўнг қўлни яхшилаб совунлаб ювиш шарт. Бундан ташқари озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва уларни сақлаш жараёнларида санитария-эпидемиология қоидаларига эътибор бериш даркор. Шунингдек, мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин оқар сувда, сўнгра қайнаган илиқ сувда ювиш ҳамда хоналарни тез-тез шамоллатиш, эшик тутқичларини совунли сувда ювиш, ҳар куни хонадаги барча анжомларни нам латта билан артиш керак. Пашшаларга қарши кураш ҳам нафақат ичак инфекцияларининг, балки бу хасталикнинг ҳам олдини олади.
А вирусли гепатит касаллигига қарши болаларни эмлаш энг самарали усул ҳисобланади.
Л. КУДАШЕВА,
Республика ДСЭНМ эпидемиология бўлими мудири