Фарзанди камолида бахтиёрлик нашидаси
Бразилия пойтахти Рио-де-Жанейро шаҳрида бошланган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон спорт делегацияси сафида фарзанди Элмурод Тасмуродовни кўрган Зулфиқор ака Тиллаев телевизор қаршисида ўтира олмади. Ҳаяжондан туриб кетди.
– Илоҳим, курагинг ерга тегмасин! Ватанимиз байроғини баланд кўтар. Ўзбекистон ёшларининг кучини, қудратини намойиш қил.
Элмурод Тасмуродов мустақиллик тенгдоши – 1991 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилган. Полвонлик ота-боболаридан мерос.
Болалик йилларидаги оғир шароит ва етишмовчилик сабаб боксчи бўлиш орзуси ушалмай қолган Зулфиқор ака кейинчалик бор умидини ўғлидан кутди. Элмуродни беш ёшидаёқ аввалига бироз чиниқсин, кейин боксга бераман, деган мақсадда кураш тўгарагига олиб борди. Дастлаб, мактабда, сўнгра туман миқёсида муваффақият қозона бошлаган Элмурод кейинчалик мамлакат ва халқаро мусобақаларда ҳам катта натижаларга эришди. 2008 йили ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони бўлди. Ёшлар ўртасида қитъа ва жаҳон чемпионатларида бронза медални қўлга киритди…
Шундан кейин отаси ҳам боксчи қилиш орзусидан кечди, ўғил юнон-рум курашида қолди.
Бугун Элмурод спорт оламининг энг нуфузли мусобақаси – ёзги Олимпия ўйинларининг юнон-рум кураши бўйича 59 килограмм вазн тоифасида бронза медали соҳиби!
– Элмуродбек тенгқурларига ҳар жиҳатдан ўрнак, – дейди “Янгиовул” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Мустафо Мусоқулов. – Маҳалламизда унга ҳавас қилиб, спорт билан астойдил шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Маҳалла раиси сифатида бунинг нақадар катта тарбиявий аҳамиятга эга эканини жуда яхши биламан. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган олижаноб мақсад ҳам шу-да.
– Ўғлимнинг ҳар бир чиқишини бутун қишлоқ бизнинг уйга йиғилиб кузатдик, – дейди Элмуроднинг онаси Замира опа. – Ҳовлимизга одам сиғмай қолди. Элмуроджонимнинг ҳар бир муваффақиятидан кейин йиғилганлар отасини, мени алқашганида теримга сиғмайман денг, кўзларимдан “дув-дув” ёш оқади. Мустақиллик ёшларимизга истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиш, биз, ота-оналарга дилбандларимиз ютуғидан бахтиёр юриш бахтини берди. Мустақиллигимиз тенгдоши бўлган ўғлимнинг ютуқлари давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
И. АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири