Омонмисиз, Одам Ато ўғиллари?

Ҳаёт жуфтликдан иборат. Оила қасрининг маликаси аёл бўлса, шоҳи эркакдир. Наслнинг соғлом бўлиши нафақат онанинг, балки отанинг ҳам соғлигига боғлиқ. Шунинг учун қиз болаларнигина эмас, ўғил болаларнинг ҳам соғлиғига гўдаклигидан эътибор бериб, парвариш қилиш зарур. Нафақат ёш йигитлар, ёши ўтган эркаклар ҳам ўз соғлиқлари ҳақида қайғуриб, вақти-вақти билан андролог-сексопатолог ҳузурида бўлиб, профилактик муолажалар олиб туришлари лозим. Халқ табиблари ҳам бу борада безарар табиий гиёҳлардан тайёрланган дамламалар ва гиёҳшарбатларни тавсия этадилар.

Ўғил болалар гўдаклигида “оёқ”да ўтказган турли хасталиклар(грипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар), “тепки”(паротит), пешоб-таносил аъзоларининг турли яллиғланиш хасталиклари ўз асоратини у вояга етгач билдиради.  Яъни, ўз вақтида олди олиниб даволанмаган, юқорида таъкидлаб ўтилган касалликлар фарзандингизни бепуштликка олиб келиши мумкин. Шунингдек, ўсмир йигитлар машҳур спортчиларга қизиқиб, кучи етса-етмаса оғир тошлар-штангалар кўтаришади. Баъзан залворли юкларни елкаларига олишади. Ота-оналар ҳамиша фарзандларига у ўғилми ёки қизми болаликдан оғир юк кўтариш организмнинг ички аъзоларини зўриқтиришини ва жинсий аъзолар фаолиятини ҳам издан чиқарар даражада зарар эканлигини тушунтиришлари зарур. Зўриқиш натижасида ўғил болаларда моякларни озиқлантирувчи веналар кенгаяди. Бунинг натижасида варикоцеле(мояк истисқоси) пайдо бўлади. Шунингдек, баъзан ўғил болалар иссиқ кунлари чўмилишга борганда ҳўл ич кийимларини алмаштирмасдан юрадилар ёки исиб кетсалар нам чойшабга ярим белидан ўраниб олишади. (Айнан шу ҳолатнинг ҳаётда гувоҳи бўлганман). Бунда ҳам совқотиш натижасида пешоб-таносил аъзоларининг яллиғланиши келиб чиқади. Айрим ҳолатларда нафақат ўғил болалар, эркаклар ҳам тор, сиқиб турувчи ва сунъий толали (синтетик) ич кийимлар кийишади. Бу ҳам жинсий аъзоларда қон айланишининг бузилиши ва яллиғланишини келтириб чиқаради.

Бизнинг шарқона тарбиямизда кўп жиҳатдан жинсий тарбияга оид нозик масалаларга эҳтиёткорлик билан ёндошилади. Яқин-яқинларгача қизларни гинекологга кўрсатиш, ўғил бола ёки эркакларнинг андролог-сексопатолог ҳузурида бўлиши ортиқча гап-сўз, “шов-шув” ларга сабаб бўлар эди. Аҳоли ўртасида тиббий саводхонликка етарли эътибор берилмаслиги эса кўпгина йигит-қизларнинг бахтсизлигига, жинсий ожизлик хасталигининг ўз вақтида мутахассис томонидан аниқланиб, даволанмаслиги натижасида оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлган.  Халқимизда “Касални яширсанг, иситмаси ошкор этади” деган мақол мавжуд.

Ҳар бир жинснинг ўз хусусиятлари мавжуд бўлади. Ўзидан соғлом насл қолдирмоқ истаган ҳар бир эркак соғлиғига жиддий эътибор бермоғи керак.(Бу сўзлар бўлажак оналарга ҳам таалуқли). Ҳеч кимга сир эмаски, турли зарарли одатларга муккасидан кетган(гиёҳванд, ичкиликбоз, кашанда) ҳамда жинсий хасталиклар билан оғриб, ўз вақтида даволанмаган, тўйиб ухламаган, руҳан ва жисмонан чарчаган, асабий, турли сурункали касалликларга дучор бўлган(сил, заҳм (сифилис), қандли диабет, бронхиал астма(зиққинафас) каби касалликлар) эркаклардан турли туғма нуқсонли гўдаклар, Даун синдроми(ақли паст) болалар туғилиш кўп учрайди. Шу сабабли қадимда аждодларимиз нафақат инсоннинг тан соғлиғи, балки руҳий саломатлиги ҳамда соғлом турмуш тарзига ҳам катта эътибор қаратганлар.

Бунда айниқса, бўлажак куёвлар ўз жуфтларининг ҳар томонлама баркамол бўлишларини эътиборга олганлар. Ҳатто, буюк бобокалонимиз Амир Темур ўз ўғилларига жуфт танлашни давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифа деб қараганлиги “Темур тузуклари”да ёзиб қолдирилган. Шунингдек, қадимда табиблар эркаклар учун  махсус шифобахш парҳез таомлар буюришган. Бу хусусида алоҳида рисолалар ҳам битилган. Уларнинг тавсиялари ҳозирда ҳам ўз кучини йўқотмаган. Қуйида биз “Здоровье” журналида берилган “Эркаклар овқати таркибида витаминлар ва минералларнинг аҳамияти” деб номланган мақоланинг айрим бандларини келтириб ўтамиз.

А дармондориси ва унинг таркибига кирувчи каротин моддаси жинсий аъзонинг шиллиқ қаватига ижобий таъсир этади ҳамда жинсий гормонлар ишлаб чиқаришни фаоллаштиради. Бу дармондорилар эса помидор, сабзи, қизил қалампир, тухум, мол гўшти, жигар, сут, творог, сметана, пишлоқ таркибида мўлдир.

Яна ўқинг:  Тез толиқиш юрак хасталигидан дарак

В1 ва В2 дармондорилари эса организмининг умумий қувватини оширибгина қолмай, жинсий майлга ҳам ижобий таъсир этади ва эркаклар асаб тизими фаолиятини яхшилайди. Ушбу дармондорилар сут маҳсулотлари, тухум сариғи, мол жигари, сули ва  гречихали бўтқа, ловия ва яшил нўхат, ерёнғоқ, қўзиқорин таркибида бўлади.

В6 дармондориси жинсий майлни сўнишига  йўл қўймайди ҳамда пролактин гормонининг салбий таъсирини камайтиради. Бу дармондорили маҳсулотларга ёғсиз мол гўшти, балиқ, тухум сариғи, сут маҳсулотлари, хамиртуриш киради.

С дармондориси организмнинг умумий куч-қувватини ошириб, томирлар деворини мустаҳкамлайди. Инсон вужудини турли юқумли инфекцияларга чидамли қилади ҳамда эркакларнинг жинсий ҳаётга бўлган қизиқишни уйғотади. Баъзи маълумотларга кўра аскорбин кислота(витамин С) етишмовчилиги сперма(эркаклар уруғи) таркибига салбий таъсир этиб, ҳатто, уларнинг бепуштлигига ҳам сабаб бўлар экан. Шу сабабли кучли жинс вакиллари доим соғлом бўлишни истасалар, смородина(қора, қизил ва сариқ қорағат) узум, ертут, лимон, апельсин, чаканда(облепиха), наъматак мевалари, қизил булғор қалампири, сабзи истеъмол қилиб юрсинлар. Чунки, юқорида таъкидланган маҳсулотлар таркибида С дармондориси кўп бўлади.

 

Е дармондориси организмда эндокрин тизимининг, айниқса, жинсий безлар ҳамда мушаклар фаолиятини меъёрда ишлашида катта аҳамиятга эгадир. Олимлар бу дармондорини “кўпайишнинг асосий омили” деб номлашган. Чунки, бу дармондори ярим тўйинмаган ёғ кислоталарнинг аъло манбаидир. Улардан простагландинлар деб номланувчи биологик фаол моддалар ҳосил бўлади. Простагландинлар эса эрекцияни юқори даражада таъминлайди. Бу дармондори шафтоли мойи ва тухум сариғи, мол жигари, ловия, яшил нўхат, шовул, сархил оқ қўзиқоринлар, кунгабоқар, жўхори, зайтун таркибида кўп бўлади.

Эркаклар жинсий ҳаётида нафақат дармондорилар, шунингдек, минераллар ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Рух – жинсий безларнинг ривожланиши учун ўта муҳим бўлган минералдир. У простата (уруғ бези)нинг меъёрда фаолият юритишини таъминлайди. Организмда тестостерон жинсий гормонининг бошқарилишида иштирок этади. Рух минерали булғор қалампири, сабзи, карам, саримсоқпиёз, ёғсиз мол гўшти, қипиғи олинмаган (кепакли) буғдойдан тайёрланган нон, бодом, ёнғоқ таркибида бўлади.

Селен­-  бу минерал модда ҳам эркаклар репродуктив фаолиятига ижобий таъсир этади. Селен бепуштлик муаммосидан азият чекаётган эркаклар учун фойдали. У сперма сифатини оширади. Шунингдек, эркаклар жинсий гармони тестостерон гармони биосентизида иштирок этиб, жинсий аъзолар ишини яхшилайди. Эркаклар учун селеннинг кундалик миқдори 55-70 мкг. Саримсоқпиёз, уй товуғи, тухуми, (айниқса, унинг сариғи), маккажўхори, помидор, балиқ таркибида селен минерали мавжуд.

Фосфор– потенция (жинсий қўзғалиш)ни кучайтиради. Организмда фосфор етишмовчилиги эса сперма (уруғ)нинг сифати ва миқдорига таъсир этади. Фосфор минерали балиқ, денгиз маҳсулотлари (креветка, кальмар), пишлоқ, бодринг, нўхат, салат ўсимлиги ҳамда қипиғи олинмаган (кепакли) буғдойдан тайёрланган нон таркибида бўлади.

Магний – бу минерал чарчоқ ва асаб бузилишининг олдини олади. Агар организмда магний етишмаса, фосфор яхши ўзлаштирилмайди. Фосфор эса потенция учун маъсул.

Магний минерали қизил олча, тарвуз, шивит, петрушка, яшил салат ўсимлиги, лавлаги, сабзи, нўхат, бодринг, ловия, ёнғоқ, асал, кунгабоқар таркибида мўлдир.

Темир – ушбу минерал модда гемоглобин таркибига кириб, организмда қон ҳосил бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Ҳаммамизга маълумки, темир моддаси етишмовчилиги камқонлик (анемия)га олиб келади. Бунинг натижасида эса эркакларда жинсий майл (потенция) сусайиб кетади. Организмнинг темир моддасига бўлган эҳтиёжини қондириш учун ёғсиз мол ва товуқ гўшти, жигар, креветка, кальмар, шовул, исмалоқ, яшил салат ўсимлиги, қизил лавлаги, редиска, олма, узум, нок, анжир, тухум сариғи, гречиха ёрмасидан тайёрланган бўтқалар истеъмол қилиш тавсия этилади.

Қуйида биз эркаклар жинсий майлини меъёрда сақлашга ёрдам берувчи, халқ табобатида кенг қўлланиладиган доривор гиёҳлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз:

Яна ўқинг:  ЁЗНИНГ ЁРҚИН РАНГЛАРИ

Буларга жень-шень, хитой лимони, “олтин илдиз” (пушти родиола), экма пастернак, маньчжурия аралияси ва медуница киради. Жень-шень хом ашёсидан тайёрланган дори-дармонларни йилнинг совуқ фаслида ичиш тавсия этилади. Узоқ вақт ва белгиланган миқдордан ортиқча истеъмол этиш акс таъсир этишга олиб келади. Натижада уйқусизлик, бош оғриғи, юрак уришининг тезлашиши ва унда оғриқни пайдо бўлиши ҳамда жинсий заифликни юзага келтириши мумкин.

Шунингдек, уни қон босими юқори бўлган беморларга (юрак ритми бузилиб, тахикардия ҳолати кузатилса ва беморнинг соғлиғи оғирлашиб қолса ҳамда шу каби ҳолатларда) ва 16 ёшга тўлмаган ўсмирларга тавсия этилмайди ҳамда иссиқ фаслларда истеъмол этиш мумкин эмас.

Сабзи

 Янги тайёрланган сабзи шарбати 2 ош қошиқдан бир кунда уч маҳал ичиш ва пиёздан тайёрланган доривор малҳам ҳам эркаклар учун фойдалидир.

Пиёз

 1 ош қошиқ қирғичдан чиқарилган пиёз бўтқасига 1 стакан қайноқ сув солинг ва уни 10 дақиқа давомида кастрюлькага сув солиб, стаканни малҳам билан унинг ичида паст оловда милдиратиб қайнатиш керак. (Диққат! Стакан ёрилиб кетмаслиги учун кастрюлькага тўрт қават қилиб дока солинг). Кейин тайёр бўлган малҳамни совутиб, докадан сузиб олинг. Сизга қанча пиёзли малҳам керак бўлса юқорида айтиб ўтилган миқдорни бир неча бор кўпайтириб, ўзингизга керагича тайёрлайсиз.

Ёнғоқ

 Потенция (жинсий майл)ни кўтариш учун 1 стакан ёнғоқ мағзини бир кунда 2-3 бўлиб ейиш керак ва эчки сути ҳам ичиш лозим.

Мўмиё

 Бу доривор восита билан асал аралашмаси ҳамда тухум сариғи ҳам эркаклар учун доривордир. Тавсия этилган малҳамлар умумий куч-қувватни тиклайди ҳамда тос суягида жойлашган жинсий аъзоларни бақувват қилиб, уларнинг қон билан таъминланишини яхшилайди.

Бедана тухуми

Бедана тухуми – бебаҳо неъмат. У бактерияларга қарши курашиш хусусиятига эга. Шунингдек, иммунитетни кўтариб,хавфли ва хавфсиз ўсмаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Бу парранда тухуми жуда кўп микроэлементлар ва витаминларга бой маҳсулот ҳисобланади. Тухумнинг таркибида холестерин мавжуд эмас. Товуқ тухумига нисбатан бедана тухумида А витамини – 2,5, В1 витамини – 2,8, В2 дармондориси – 2,2 баробар кўп учрайди. Д витамини эса бедана тухумида фаол ҳолатда учраб, осон ўзлаштирилади. Бу витамин рахитнинг ривожланишининг олдини олади. Фосфор ва калий микроэлементлари беш баробар кўплиги, темир моддаси эса 4,5 баробардан зиёдлиги билан бедана тухумининг нақадар шифобахшлигини тасдиқлайди.

Японияда ҳар куни мактаб ўқувчиларига тушликда 2 донадан бедана тухуми берилади. Унинг таркибидаги фосфор микроэлементи ақлий ривожланишга кўмак беради. Шу элемент эркакларда потенция  (жинсий майл)ни қўзғатувчиси ҳисобланади. Яна товуқ тухумига нисбатан бедана тухуми таркибида мис, кобальт ва турли аминокислоталар анча кўп учрайди. Тирозин, реонин, лизин, глицин, гистидин каби ўринбосарлари бўлмаган аминокислоталар бу парранда тухумида мўл. Маълумки, тиразин аминокислотаси моддалар алмашинувида   муҳим ўрин тутади. Чунки, у терининг соғлом кўринишига сабабчи бўлувчи пигментнинг шаклланишига ёрдам беради. Шу туфайли косметика саноатида ҳам қўлланилади. Бедана тухумида лизоцим кўп миқдорда учрайди. Бу биокимёвий модда ичакларнинг соғлом микрофлорасини меъёрда сақлашга ёрдам беради. Яна шунингдек, лизоцим бедана тухумида хасталик чақирувчи турли бактерияларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Сальмонелла (ичак касаллигини келтириб чиқарувчи микроорганизмлар) бедана тухумида учрамайди.

Чунки, бедана тухуми пўчоғи остидаги юпқа парда мустаҳкам. Тухумга ҳаво кирадиган тешиклар кичикроқ жойлашган. Шунинг учун ҳам бедана тухумига микроорганизмларнинг кириши қийин ва бу тухумни хом истеъмол қилиш мумкин. Товуқ тухуми айрим одамларда аллергияга сабаб бўлади. Чилла яра (диатез) билан оғриган гўдакларга бу маҳсулот тавсия этилмайди. Аммо, бедана тухуми бундан мустасно. Аксинча, бу тухум таркибидаги овомукоид оқсиллари аллергик реакцияларнинг олдини олади.

Яна ўқинг:  Илон заҳри оғир буйрак касалликларидан халос этувчи восита

Бедананинг тана ҳарорати юқори (42 0С даража) бўлади. Бу эса уни турли юқумли хасталикларга чалинишининг олдини олади.Уй шароитида ва фермаларда боқиладиган беданаларни вакцинация қилиш(эмлаш)га эҳтиёж қолмайди. Натижада касалликларни олдини олиш учун эмланадиган кимёвий моддаларнинг парранда гўшти ва тухумида тўпланишига йўл қўйилмайди. Таомномага бедана тухумининг киритилиши гастрит (меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши), ўн икки бармоқ ичак яраси ва меъда яраси, панкреатит (меъда ости безининг яллиғланиши)ни даволашда ижобий самара беради.

Россиялик шифокор мутахассислар бедана тухумини Чернобиль атом станцияси портлашида нурланган катта ёшдаги аҳоли ва болалар рационида қўллаб ижобий натижага эришди. Экологик жиҳатдан ноқулай бўлган бу ҳудудда болаларга 2-6 дона (ёшига қараб), катталарга эса 4-6 донадан наҳорга оч қоринга ичиш учун бедана тухуми берилди. Хом тухумни ютгач, қайноқ сув ҳам ичиш керак. Мунтазам равишда 3-4 ой хом бедана тухуми ютган беморлар тузалиб кетгани кузатилди. Тез-тез касалликка чалинувчи (иммунитети паст), бронхиал астма (зиққинафас), сил касаллигига чалинган беморларга ҳам хом бедана тухуми истеъмол этиш буюрилади. Икки хафтадан сўнг аста-секин унинг шифобахш хусусияти билинади.

Юқорида таъкидлаганимиздек бедана тухуми потенция (жинсий майлнинг кўзғалиши)га кучли таъсир этувчи биостимулятор ҳисобланади. Болгар халқи “ёшлик” деб номланувчи коктейль ҳам кашф этишган. Бунинг учун 120 грамм кола, 20 грамм коньяк ёки ром, бир чой кошиқ шакар, 2 дона янги бедана тухуми аралаштирилади. Кейин унга бир бўлак лимон кесиб солинади. Ҳаммаси обдон аралаштирилгач, газли сув ҳам солинади. Сўнгра уни оч қоринга овқатланишдан 40 дақиқа олдин ичиш мақсадга мувофиқ.

Ушбу муолажа беморнинг аҳволи яхшиланишига қараб  давом эттирилади. Бироқ, меъда-ичак тизимида яллиғланиши ва яраси мавжуд хасталарга бу коктейль тавсия этилмайди.Бедана тухуми кекса эркак ва аёллар ҳамда ёш болаларга ҳам тавсия этилади. Кексаларнинг тишлари тез емирилиб кетиши ва сочлари тўкилишининг олдини олади.

Бедана гўшти иссиқ мижоз таомлар сирасига киради. Аммо буюк аллома, табобат илми султони Абу Али ибн Синонининг таъкидлашича, унинг гўшти тириштирувчи хусусиятга эга бўлгани учун кўп истеъмол қилиб бўлмайди. Бу салбий хусусиятни йўқотиш учун бедана шўрвага кийик ўти, жамбил ва турли кўкатлар солиб истеъмол қилиш зарур. Бедананинг гўшти кам бўлгани учун димлама қилинганида унинг ичига мол ёки қўй гўштидан қийма солинади. Унинг гўшти ноёб парҳез таом ҳисобланади.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,  ўғил фарзанд кўришни истаган эркаклар иссиқ мижозли таомлар сирасига кирувчи қўй гўшти, шолғом, пиёз, айниқса, сиёҳранг пиёз, нўхат солинган қайнатма шўрва ва яна шу гўштдан серсабзи паловни мунтазам еб туришни унутмасликлари керак.

Иссиқ мижозли маҳсулотлар сирасига асал, занжабил, долчин, карри (ҳиндча зиравор), саримсоқпиёз, гармдори, хантал, ёнғоқ, ерёнғоқ, ҳинд ёнғоғи (кеший), чала қовурилган тухум, от гўшти, қази-қарта, думба ёғи, ўрмон ёнғоғи (кедр ёнғоғи), буғдойнинг оқиш майсаси, қора шоколад, майиз, қўй гўшти, сиёҳранг пиёз, бедана тухуми, мош, ловия, нўхат, долчин, зиғир ёғи, девзира гуруч, мурч, қора чой, новвот киради.

Ўз насли хақида қайғурган эркаклар зарарли одатлари (ичиш,чекиш ва гиёҳвандлик)дан ўзларини тийсалар ва пала-партиш жинсий ҳаётнинг умрга заволлигини тушуниб етсалар, жуфти ҳалолларининг соғлиғи ҳақида қайғурсалар, албатта туғилажак фарзандлари соғлом ва дуркун бўлади.

Ҳаётда комил ва солиҳ фарзандлар тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг эзгу тилаги ва бахтидир. Бу бахт барча юртдошларимизга насиб этсин.

 

Гулчеҳра ШИРИНОВА  

 

“Соғлом авлод” газетасида чоп этилган.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: