Қадрига етган қувватга тўлар

Қадимда бир бой табибларга ўз соғлиғидан шикоят қилибди. Кўксидаги симиллаган оғриқ, қувватсизлик уни қаттиқ ташвишга солибди. Атрофидаги табиблар унинг дардига даво топа олмагач, бой шифо илинжида узоқ йўлга отланибди.

Борган манзилларидан биридаги табибларнинг текширув ва тавсиялари унга маъқул бўлибди. Бир неча кунлик изланишлардан сўнг табиблар бир халтачани бойнинг қўлига тутқазишибди-да, ундаги дорини ҳар саҳар еб туришни тайинлаб, унга шифо тилашибди.

“Бу дорини ичганимдан сўнг дард кўрмагандек бўлиб кетсам керак. Ўзи ҳам “анқонинг уруғи”га ўхшаш ноёб малҳамга ўхшайди”, дея халтани очиб, не кўз билан кўрсаки, унинг ичида бир неча дона туршак бор эмиш. Ҳафсаласи пир бўлган бой олимларга юзланиб: “Ие, бу нимаси, ахир?! Мен шунча йўл босиб, узоқлардан олти дона туршакни олиб кетгани келдимми? Ахир, бу мева уйимда эшигим тагида тўкилиб ётибди-ку”, дея табибларга ўз норозилигини баён этибди. Шунда улар “Сиз ҳали шундай жаннатмакон юртда яшайсизми? – дея бойга ҳайрат ва ҳавас билан боқишган экан.

Дарҳақиқат, табиатнинг ўзи доно табиб. Биргина ўрик мевасини олсак, у инсон организми учун кони фойдадир. Аввало, бу мевани пишиғида уч-тўрт маротаба тўйиб ейиш даркор. Юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилаш учун мунтазам равишда жисмоний тарбия, овқатланиш тартиби, дам олиш билан бирга кунига 100-150 грамм ўрик мевасини еб туриш лозим. Унинг туршагидан тайёрланган шарбати ташналикни қондиради. Ҳар куни наҳорда ўрик шарбатидан бир пиёла ичиш ёки кунига 4-5 дона ўрик туршагини еб юриш, ҳар қандай юрак хасталигини даволашда қўл келади. Бу қувватбахш меванинг яна қуйидаги фойдали жиҳатлари ҳам бор.

Аччиқ данакли ўрик баргининг сувини чиқариб қулоққа томизсангиз, унга кирган ҳашаротни чиқаради ва оғриқни қолдиради. Таркибидаги А витамини жиҳатидан ўрик исмалоқ ва тухум сариғидан қолишмайди. 100 г миқдоридаги ўрик камқонлик касаллигига қон яратиш жараёнига худди 40 мг темир ёки 250 г янги жигар билан бирдек таъсир кўрсатади.

 Халқ табобатида юрак оғриганда, у ҳапқирганда, қон босими кўтарилганда ўрик мағзини чой қилиб ичиш тавсия этилади.

Абу Али ибн Сино унинг меваси ва елимини меъда-ичак фаолиятига ижобий таъсирини таъкидлаш билан бирга, жигар, талоқ иши бузилганда қон таркибини яхшилаш, юрак-қон томир хасталикларини олдини олишда тавсия этади. У ўрикни турли-туман таомларга солиб истеъмол қилиши фойдали эканлиги ҳақида ёзади.

Яна ўқинг:  Уйқусизликка генлар сабаб бўлиши мумкин

Замонавий табобатда ўрик меваси пешоб ҳайдовчи дори воситалари ва юрак гликозидлари ичилгандан кейин ҳамда миокард инфаркти пайтида ҳосил бўладиган аритмияларда истеъмол қилиш тавсия этилади. Унинг таркибидаги каротин организмни А витамини билан таъминлайди. У асосан тери қатлами ҳамда шиллиқ пардалар фаолиятини яхшилайди, атеросклерознинг олдини олади.

Ўрик гиповитаминоз, анемия (камқонлик), геморрой (бавосил), меъда-ичак касалликлари, гижжаларга қарши ва юрак-қон томир касалликларида шифо бўлади. Атеросклероз ва у билан боғлиқ юрак-қон томир хасталиклари, миокард инфаркти билан касалланишни камайтиради. Айниқса, овқат ҳазм қилиш бузилганда, қабзият, меъда-ичак оғриқларини бартараф қилиш, жигар, талоқ иши бузилганда қон таркибини яхшилаш, юрак-қон томир хасталикларини олдини олиш кабиларда тавсия этади.

Шу билан бирга, ўрик истеъмол қилишнинг эҳтиёт чораларини ҳам унутманг. Меваси таркибида қанд борлигини ҳисобга олиб, уни қандли диабетда бериб бўлмайди. Ўрик мағзини 20 гр. дан ортиқ миқдорида истеъмол қилиш ярамайди. Ўрик мағзини мураббога солишдан олдин бир қайнатиб сувини тўкиб ташланг. Ҳўл ўрик мевалари яра касаллиги ва ўткир гепатит билан оғриган беморларга ҳам тавсия этилмайди.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: