Беғубор олам сеҳри

Болалик – бетакрор олам. Унинг қиёсини сира топиб бўлмайди. Унда ғубор йўқ, ташвиш йўқ, ҳаммаси осуда ва дилкаш.

Болалигимни ёдга оларканман, маҳалламиздаги дугоналарим билан мириқиб ўйнаган ўйинлар, оромгоҳда мазза қилиб дам олган пайтларим кўз олдимга келади. Бувимнинг беозор койиши, холамникида пишган қовунлар шираси, чорпояда номозшом вақтидаги гўзал ва унутилмас лаҳзалар, бари файзли, бари унутилмас эди. Онам ёпган нон, боғимизда пишган меваларнинг бетакрор мазаси эса ҳеч ҳачон ёддан чиқмайди.

Ёзги таътил кунлари… Мўжазгина қишлоқ… Девори йўқ лойсувоқли файзли хонадонлар… Уй ёнидаги супада момомнинг тотли “пари оши”дан егани келиб, меҳмон бўлиб қолган бир талай невара қизлар димоққа хуш ёқувчи тонгги шабада қучоғида кўрпаларга бурканганча ухлаб ётибмиз. Тўсатдан момомнинг “туринглар, ҳой қизлар”, деган овозидан барчамиз сергак тортамиз. Биримиз супа устида туриб ўрин-кўрпаларни йиғсак, яна биримиз тонгги тоза ҳаво уйга кирсин деб деразаларни катта қилиб очиб қўямиз. Кўрпа-тўшакларни тахмонга худди момом ўргатгандек, гулу рангини бири-бирига мослаштириб йиғамиз. Уй юмушларига талабчан бўлгани учун моможоним ишимизни тўғри бажаришга ундайди.

Ёдимда, бир куни улар барча невараларни ҳовли атрофида пишиб етилган исириқларни теришга ундади. Тоғаваччаларим эса дарҳол “бу меники, бу меники” деганча талашиб-тортишиб гиёҳларни тера бошлашди. Бундай юмушга биринчи бор гувоҳ бўлганим учун ишни нимадан бошлашни билмай туриб қолдим. Буни кўрган момом мени ёнига чақириб “Исириқни бу тарзда терилишининг ўзига хос сабаби бор. Ҳозир сенга бир воқеани айтиб бераман”, дея ўтиришга жой кўрсатди. Иккимизнинг суҳбатга шайланаётганимизни кўрган қизларжон зумда атрофимизга йиғилишди. Момом аста ҳикоясини бошлади.

“Қадим замонда бир аёлнинг икки қизи бўлган экан. Бир куни она фарзандларини тонгда турғазиб, уйи атрофида ўсиб ётган гиёҳларни териб келишни буюрибди. Шунда опа-сингиллар онасидан кўпроқ мақтов эшитиш учун талашиб-тортишиб кўпроқ гиёҳ теришга ҳаракат қилишибди. Буни қарангки, қизлар орасида азиз бўлаётган бу неъматнинг шифобахшлиги янада ортибди. Ўша гиёҳ исириқ экан. Қиссадан ҳисса шуки, агар талашиб-тортишиб терилса, унинг ноёблиги янада ортар ва савоби ҳам шунга яраша бўларкан”.

Момомнинг ҳикояси тугаши биланоқ, қизларнинг бари исириқ теришга киришиб кетишди. Мен ҳам савобдан бебаҳра қолмай дея, ҳали қизлар ораламаган майдонга ўзимни урдим. Шу каби ибратли воқеалар, яхшиликка етакловчи ҳикоялар болалик деб номланувчи сеҳрли оламнинг бир бўлаги эди.

Яна ўқинг:  Boyligim sensan-ku, sensan borlig`im

Баъзан ўзимизча қайсидир орзу-ниятларимиз ушалмади, дея тақдирдан гина қилиб қўямиз. Аслида армон қилишга ҳаққимиз бормикан? Ҳозир гарчи турмуш, оила, иш деб елиб-югураётган бўлсак-да, фарзандларимиз қуршовида тинч ва осуда юртда бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз. Энди барчамиз ўғил-қизларимизга унутилмас болаликнинг гўзал оламини ҳадя этмоғимиз лозим. Чунки, эртамиз давомчилари, бор умидимиз ана шулардир.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: