УЙИНГИЗДА ГЎДАК ТУҒИЛДИ

Ота-онанинг ширин ташвишлари

Фарзандингизнинг дастлабки хатти-ҳаракатлари сизни беэътибор қолдирмаслиги аниқ. Унинг илк озуқаси оғиз сутидир. Чақалоқ овқат ҳазм қилиш жараёнини ўзлаштиради. Ташқи муҳит таъсирларига тегишли равишда жавоб қайтаришга ҳаракат қилади, кўради ва эшита бошлайди. Унда туғма (шартсиз рефлекслар) эмиш, ютиш, кўзини очиб-юмиш каби кўникмалар ва онгли фаолиятни биринчи белгилари (шартли рефлекслар) юзага чиқади.

1 ой

Гўдак қорнига ётқизилганда қисқа муддат бошини тик ушлай олади. Шу муддат давомида ёрқин нарсаларга қарайди. Лекин жажжи инсон мушаклари ўз таранглигини сақлаган, яъни эмбрионлик даврига хос бўлган юқори таранглигини йўқотмаган бўлади.

2 ой

Унда мушаклар сиқиқлиги камаяди. Дастлаб бўйин мушаклари анча бақувватлашиб, ўз фаолиятини бажара оладиган бўлади. Бу кичкинтойга қоринда ётиб бошини кўтара олишига ёки уни атрофга буришга имкон беради. Бола энди тепада осилиб турган ўйинчоқларга қарай бошлайди. Агар гўдак билан ёқимли овозда сўзлашсангиз, у кулгу билан жавоб қайтаради. Фарзандингиз тўғри ривожланиши учун тез-тез поликлиникага, педиатр кўригига бориб туриш лозим. Болалар поликлиникасида боланинг вазни ва бўйи ўлчанади. Ота ва оналар учун керакли маслаҳатлар: уқалаш муолажалари, ўйинчоқларни тўғри танлаш, дастлабки гимнастика машқларини қандай бажариш лозимлиги ўргатилади.

Миттивойнинг жисмоний кўрсаткичини асосини тана вазни ва узунлиги ташкил этади. Бола гавдасининг оғирлиги ҳаётининг биринчи ҳафтасида камайган бўлишига қарамай, кейинчалик кўпайиб боради. Кейинги уч ҳафтада унинг оғирлиги ўртача 600 грамм ёки 20 фоизга кўпаяди. Гавда узунлиги 3 см. га ўсган бўлса, умрининг 2-ойида боланинг гавда оғирлиги 800 гр., узунлиги 3 см. га ошади.

3 ой

Бу вақтда бола қадам қўйганда – унинг руҳий ривожланишида дастлабки сезиларли давр ҳисобланади. Бола гавдасини узунлиги 9 см. га ортади. Унинг тана вазни эса туғилган вақтдагига нисбатан 2 кг. дан зиёд кўпаяди. У онасига маъноли қарай бошлайди. Эркаласа гўдак юзида табассум пайдо бўлади, қўлчаларини чаққон ҳаракатлантириб, ноаниқ бўлган товушлар билан жавоб қайтаради. Чақалоқ уйғоқ вақтида ўзини тинч тутади. Теварак-атрофга шунчаки қарамай, балки осиб қўйилган ўйинчоқларни ва ҳаракатланаётган предметларни нигоҳи билан кузатиб боради.

Бу даврда жуда кўп туғма рефлекслар қаторига яна шартли рефлекс деб аталган ҳаракатлар ҳам қўшилади. Болани онаси қўлига олиб эмизса унда қувноқ жонланиш пайдо бўлади. Лаби билан қимтиниб, тамшана бошлайди. Уйқу ва уйғоқлик даври аниқ бир маромга туша боради. Боланинг психикаси унинг ҳаракат кўникмалари билан баравар ривожланиб боради. Қорни билан ётқизилганда гўдак энди ўз тирсакларига таяниб ётади. Бошини ҳам яхши тутади. Фарзандингиз бошини баланд товуш келган тарафга қаратиб, бемалол бура олади. У чалқанча ётқизиб қўйилганда ўйинчоқларни томоша қилиш билан чекланмай, уларни ўзининг тартибсиз қўл ҳаракатлари билан тасодифан уриб ўйнайди. Шу сабабли боланинг тепасига ўйинчоқларни унинг қўли етадиган баландликка осиш керак.

Яна ўқинг:  Телевизор – болаларнинг ортиқча семириб кетишига сабаблардан бири

4 ой

Гўдак энди чалқанча ётган ҳолатда бошини бемалол кўтаради. Қорни билан ётганда тирсак ва билакларига таяниб туришга ҳаракат қилади. Агар қўлтиғидан ушланса, оёқларини ерга қаттиқ тираб тура олади. Мушаклар ҳаракати ҳам анча ривожлана боради. У чалқанча ётган ҳолатидан ёнбошлаб қолади. Гавда ҳолатини ўзгартиришга ҳаракат қилади. Ўйинчоқларини узоқ вақт ўйнаб ётади. Болага ҳаракатланадиган очиқ рангдаги предметлар ёқади. Гўдак билан ўйнасангиз ва уни эркалаганда қаттиқ “қиқирлаб” кулади.

Катта ёшли кишини турган жойини уни овозига қараб белгилай олади. Овқатлантириш вақтида онасининг кўкрагини ёки овқат солинган шишани ушлаб олади. Тўрт ой мобайнида ҳаммаси бўлиб гўдак вазнига қўшилган оғирлик тахминан 3 кг га етади. Унинг гавда узунлигига эса 11 см. қўшилади. Тўртинчи ой боланинг жисмоний жиҳатдан тўғри ўсаётганлигини кўрсатувчи яна бир муҳим белги билан характерланади.

Гўдак кўкрак қафасининг ўсиш суръати бошининг ўсишидан юқори бўлади. Мана шу даврда 4 ойлик боланинг кўкрак қафас айланаси билан бошнинг айланаси бир бирига тенг бўлади. Шундан кейин эса соғлом кўкрак қафасининг айланаси ҳар доим бошнинг айланасидан катта бўлади. Шу даврда боланинг кўзида ёш пайдо бўлади. Бунда ёш ажратиб чиқарувчи безларнинг худди сўлак ажратиб чиқарувчи безлар сингари фаоллиги ошган бўлади. Шу пайтдан бошлаб у йиғлаганда кўзларидан ёш чиқади, оғзидан оқаётган сўлак сезилиб туради. Чақалоқда сўлак оқишининг кўпайишига сабаб сўлак безларининг яна ҳам жадал ишлай бошлашидир. Бола оёқ ва қўлларини куч билан узатиб ва йиғиб ўйнай бошлайди.

Давоми бор.

Феруза НАЗАРОВА,

тиббиёт фанлари номзоди,

врач-неонатолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: