Мардлик ва адолат тимсоли
Анъанага кўра 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида Соҳибқирон таваллуди муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Амир Темур мероси шижоат, мардлик ва адолат тимсоли сифатида юксак қадр ва эъзозга лойиқ. Соҳибқирон ўз даврининг энг қудратли давлати асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, буюк бунёдкори сифатида эътироф этилади.
Мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш, ёшларни жисмонан, ақлан ва маънан юксалтириш борасидаги барча ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқараши ва тутумларига моҳиятан уйғун. Халққа доим меҳр-мурувватли бўлган Амир Темур адолат ва ҳақиқат учун курашган, салтанатни ҳам ана шу мустаҳкам асосга қурган.
Тадбирда шоир Сирожиддин Раупов “Соҳибқироним” шеърини ўқиб берди. Ёшлар Амир Темур бобомизнинг ибратли ҳаёти, адолатпарварликка йўғрилган фаолияти ҳақида дунё олимлари томонидан билдирилган фикрларни ўзбек, инглиз, рус, француз, япон ва бошқа чет тилларида ўқиб берди.
Тадбир қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов иштирок этди.
Ш. ХЎЖАҚУЛОВ