Эзгу мақсадларимизнинг ҳаётий ифодаси

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ўз тараққиёт йўлини аниқ белгилаб олди. Бу – демократик ҳуқуқий давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар йўлидир. Президентимиз таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Бу сўзлар истиқлол йилларида юртимизда амалга ошириб келинаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини ёрқин ифодалайди. Жисмонан соғлом, маънавий етук, юксак интеллектуал салоҳият, замонавий билимларга эга, мустақил фикрлайдиган, эртанги кунга катта ишонч билан қарайдиган баркамол авлодни тарбиялаш ушбу сиёсатнинг муҳим устувор йўналишларидан биридир.

Республикамиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу ислоҳотларнинг зарурати ва аҳамияти ўз-ўзидан равшан бўлади.

Айтиш жоизки, юртимизда юритилаётган ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. У Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларида, ушбу соҳага тегишли ўнлаб қонунларда ўз ифодасини топган. Мустақил мамлакатимизнинг биринчи ордени “Соғлом авлод учун” деб аталгани, 1991 йилнинг ноябрь ойидаёқ Ўзбекистон Республикасида “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани чуқур рамзий маънога эга. Давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари, кўплаб мақсадли давлат дастурлари ҳам ҳаётга изчил татбиқ этилаётир.

Биз бир жиҳатдан алоҳида фахрланамизки, Ўзбекистонда ёшларни комил инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида қанча куч ва маблағ зарур бўлса, барчаси бекаму кўст йўналтирилаяпти. Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида яратилган ўзига хос миллий моделларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилиб, намуна сифатида кўрсатилмоқда. Масалан, республикамиз таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10–12 фоизни ташкил қилмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6–7 фоиздан қарийб 2 баробар кўп. Биргина 2015 йилда мазкур соҳада 384 та объектнинг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича қиймати 423 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилгани, намунавий лойиҳалар асосида 29 та янги умумтаълим мактаби барпо этилгани, 219 та мактаб реконструкция қилиниб, 136 таси капитал таъмирлангани “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу даъватнинг ҳаётий ифодаларидир.

Яна ўқинг:  Тўйга муносиб тўёна

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бугун дунёда қанча бола турли сабабларга кўра илм олишдан, малакали тиббий хизматдан мосуво бўлиб, умр кечирмоқда? БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг жорий йил бошида эълон қилган маълумотига кўра, жаҳондаги йигирма иккита мамлакатда яшайдиган қарийб 24 миллион нафар бола турли низолар туфайли таълим олиш имкониятидан маҳрум экан. Ёки жаҳон миқёсида етти ёшдан кичик бўлган 86, 7 миллион нафар ўғил-қиз туғилганидан бери қуролли можаролар шароитида яшаётгани ачинарлидир. Экспертларнинг фикрича, бу уларнинг ақлий ривожланишига салбий таъсир кўрсатаяпти.

Бундай далиллар билан танишар эканмиз, Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикка шукроналар айтиб, инсон манфаатларига қаратилган оқилона сиёсатдан, болаларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликдан ғурурланамиз.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда йилларга ном бериб, шу асосда тегишли давлат дастурлари қабул қилиниб, кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш яхши анъанага айланган. Ана шу саъй-ҳаракатларнинг барчасида оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи доимо устуворлик касб этади. Бунинг самарасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг нафар чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23, 1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14, 8 тадан 13, 9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10, 7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинган жорий йилда ҳам бу борадаги эзгу ишлар изчил давом эттирилмоқда. 2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тасдиқланди. Унда “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни жамиятимизда теран англаш ҳамда қарор топтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, оила институтини мустаҳкамлашда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш Давлат дастурида белгиланган муҳим йўналишлардан биридир. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг лойиҳасини тайёрлаш ишлари бошланди. Жиноят кодексига фарзанди уч ёшга тўлмаган аёлларга (бола тарбияси учун таътилга чиқишидан қатъи назар) нисбатан жиноят қонунчилигини янада эркинлаштириш, уларни ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайдиган шахслар тоифасига киритишга қаратилган тузатишлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Яна ўқинг:  Эртак эшитмай улғайган бола... йўқ

Мазкур йилда чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, биринчи навбатда, хотин-қизлар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш каби қатор вазифалар назарда тутилган.

Умуман, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш учун 7 триллион 483, 3 миллиард сўм ва 194, 4 миллион доллар йўналтирилиши “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун” деган эзгу ғоя тўла рўёбга чиқарилаётганини тасдиқлайди.

Фасихиддин СУЛТАНОВ,

Чилонзор тумани 4-сон давлат нотариал идораси катта нотариуси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: