ГЎДАКДАГИ БЕЗОВТАЛИК САБАБЛАРИ
Чақалоғингиз нега йиғламоқда?
Чақалоқ ўзининг арзу ҳолини фақат йиғи билан баён қилади. Унинг қандай йиғлаётганига қараб фарзандингиз нимани хоҳлаётганини Сиз ҳам секин-аста ўрганиб, тушуниб борасиз.
Фарзандингизни зийраклик билан кузатсангиз, унинг йиғиси сабабини дарҳол илғаб оласиз. Баъзан эса тажрибасизлигингиз туфайли унинг йиғисидан хуноб бўласиз. Хўш, гўдаклар нима учун йиғлайди?
У жуда ҳам исиб кетса ёки совуқ қотса, таги ҳўл бўлса, танасига бирор нарса ботса ёки ҳашарот чақса, ўта чанқаса йиғлайди. Бу ҳолатни фарзандингизнинг катта лиққилдоғи чуқурлашганидан, териси жуда қуруқлигидан, ичи қотишга ва кам келишга мойиллигидан билишингиз мумкин.
Яна миттивой қорни оч ёки дам бўлса, ҳам безовта бўлади. У пешоб чиқарганда йиғласа, пешоб-таносил аъзолари яллиғланган деб тахмин қилиш мумкин. Қулоғи оғриса ва баъзан гўдак узоқ вақт чалқанча ётиши сабабли кураклари “ёпишиб” кетганидан йиғлайди. Бунда гўдагингизнинг қўлтиғидан кўтарсангиз, оғриқ сабабли “нола қилади”. Шунинг учун чақалоғингизни ҳар куни курак соҳасини енгил уқалаб туринг.
Баъзи чақалоқлар ҳаётининг дастлабки ҳафталарида кўп “инграйди”. Айниқса, шомдан сўнг бундай бетоқатлик кўп кузатилади. Агар унинг иштаҳаси яхши, вазни ошаётган бўлса, унда хавотирланманг. Бу ҳолат фақат чилла даврига хос бўлиб, кўп учрайди. Фарзандингизни бағрингизга босиб, орқасини оҳиста силаб, у ёқ, бу ёққа юринг, ёки гўдакни қўлингизда тебратинг. Бу, албатта, фойда беради. Аммо чилла даври тугагандан кейин ҳам шомдан сўнг бола йиғласа, бу нормал ҳолат эмас, уни албатта педиатр ва болалар невропатологига кўрсатиш керак.
Фарзандингиз бесабаб безовталик билан бошини орқага ташлаб йиғласа унинг бош мия фаолиятидаги ўзгариш бўлиши мумкин.
Агар гўдак тўсатдан, қаттиқ чинқириб йиғласа, унча-мунча нарсага овунмаса, бу йиғи тунда кузатилса албатта невропатологга мурожаат қилинг.
Феруза ҒАФФОРОВА,
Тошкент Врачлар малакасини ошириш институти “Педиатрия” кафедраси доценти,
тиббиёт фанлари номзоди