ТОЗАЛИК – СОҒЛОМ ҲАЁТ ГАРОВИ

Микроблар тарқалишининг олдини олиш (профилактикаси) аввало шахсий гигиена ва хонадон гигиенаси қоидаларига амал қилишни талаб қилади. Бу эса саломатлик гаровидир.

Гигиена қоидаларига доимий риоя қилиб бориш оилангизни турли касалликлардан ҳимоя қилишнинг энг яхши усули ҳисобланади. Гўдаклар ва катта ёшдаги кишиларнинг турли хасталиклар билан оғришининг асосий сабаби микроблар билан зарарланган овқатни ейиш ва қайнатилмаган сувни истеъмол қилишларидир. Натижада ич терлама, гепатит(сариқ хасталиги), қичима, гижжа ва бошқа юқумли касалликларга дучор бўлиш мумкин. Гигиенага риоя қилиш орқали хонадонларда юқумли касалликлар тарқалишининг олди олиниб, уларни жамоат жойларида ва тиббиёт масканларида кенг тарқалишининг камайишига эришилади. Авваламбор ҳар бир инсонда шахсий гигиена кўникмалари шаклланган бўлиши лозим.

Шахсий гигиена

Бу кишининг ишлаб чиқариш ва рўзғордаги хулқ-атворининг гигиеник қоидалари мажмуидир. Шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш инсон саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Шахсий гигиена қоидалари кун тартиби, меҳнат қилиш, дам олиш тартиби, баданни чиниқтириш, оғиз бўшлиғи гигиенаси, соч гигиенаси, тери гигиенаси, хонадон гигиенаси, қўл гигиенаси, кийим – кечак ва турар жой гигиенасини ўз ичига олади.

Тозаликка риоя қилмаслик бир қанча юқумли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Бадан гигиенаси

Шахсий гигиенага риоя қилиш, шунингдек, тоза сувда совун билан тез-тез чўмилиб туриш ёрдамида кўпгина касалликларнинг олдини олиш мумкин. Тери тоза бўлиши учун имконият даражасида ҳар куни душ қабул қилиш лозим. Ҳафтада бир марта ҳаммомда чўмилиш керак. 10 кунда бир марта саунада ювиниш лозим. Бу теридаги ҳар хил бактерия, микробларни бартараф этади.

Оғиз бўшлиғи гигиенаси

Бу шахсий гигиенанинг таркибий қисмларидан бири. Оғиз бўшлиғида милклар ёки оғиз шиллиқ пардалари яллиғланиши, тиш касалликлари мавжуд бўлса, инфекция бурун бўшлиғига, бодомсимон безлар ва тананинг бошқа қисмларига ҳам осон тарқалади. Шу боис оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя этиш бутун танани саломат сақлашга ёрдам беради.

Тишлар гигиенаси

Тишни тоза тутиш, уни доимо турли хил тиш паста, кукунлар билан тиш чўткаси ёрдамида кунда икки марта тозалаш лозим. Эрталабки нонуштадан ва кечқурунги овқатланишдан сўнг тишларни ювиш милкларни мустаҳкамлашнинг муҳим воситасидир. Ҳар гал овқатланишдан сўнг тишларингизни илиқ сув билан чайиб, тиш ораларида қолган овқат қолдиқларидан албатта тозаланг. Агар шундай қилинмаса, овқат қолдиқлари чириб, оғзингиздан бадбўй ҳид кела бошлайди. Агар милк ва танглай тозалигига жиддий эътибор берилмаса, турли хил тиш, милк касалликларига чалиниш мумкин.

Яна ўқинг:  ДАВО ЧОРАЛАРИ

Қўллар гигиенаси

Қўлни тўғри ювиш кўп бактерияларни йўқотади ва микробларни тарқалиш хавфини камайтиради. Совун билан қўллар ювилганда улар 98 фоизгача тоза бўлади. Шунинг учун қўлларни доимо совунлаб ювиш лозим. Қўлларни ювишда албатта совундан фойдаланиш керак. Уларни мунтазам ювиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши шарт:

Ҳожатхонадан чиққандан сўнг, овқат тайёрлаш ва овқатланишдан олдин, ҳайвонларни парвариш қилгандан, беморни кўришдан олдин ҳамда ундан кейин, сайрдан сўнг, ҳар қандай юмушни бажаргандан кейин.

Қўл ювиш қоидалари

Қўлларни қуйидагича тўғри ювиш мумкин:

Совун ва сув ёки спиртли қўл ювиш воситаси ёрдамида қўл панжалари ва билакларнинг барча қисмларини ишқалаб ювинг. Қўлларни 15 сония ёки ундан ортиқ вақт давомида ювиш лозим. Бармоқ учлари ва оралари, бош бармоқлар ташқи томони ва қўл панжасининг бошланиш қисмларини синчковлик билан ювинг. Тирноқларингизни калта қилиб олинг. Инфекцияланган жисмларни ушлаш хавфи бўлган ҳолларда билакларни тирсаккача ювинг.

Соат, узук билакузукларни қўлларингиздан ечиб қўйинг. Сунъий тирноқлардан фойдаланманг. Қўл ювишдан олдин енгларингизни шимаринг, уларни ювиш давомида кийимларингиз ҳўл бўлмаслигининг олдини олинг. Қатлам-қатлам бўлиб кўчадиган лакдан фойдаланманг. Тирноқларни иложи борича калтароқ қилиб олиб ташлаш зарур. Уларни совунлаб ювиш муҳимдир. Чунки, гижжа тухумлари ва микроблар айнан тирноқлар остида яшайди. Бир сўз билан айтганда тозалик нафақат саломатлик, балки узоқ умр гарови ҳамдир.

Дилафрўз АБЗАЛОВА,

Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: