ЖАСОРАТ АЁЛГА БЕГОНА ФАЗИЛАТ ЭМАС

Кунлар исиб баҳорнинг майин насими кишига ҳузур бағишласада, қишнинг сўнгги изғиринлари ҳали-ҳануз Қамчиқ довонида ҳукмрон. Фавқулодда иши сабаб саҳар уйғонишга одатланиб қолган Назира опа деразадан ташқарига мўралайди.

Бугунги тонг кечагиданда фараҳбахш ва тароватли. Ҳарбий аёл тошойнага қараб соч турмагини оҳистагина тузатиб, камон қошига сурма сурдида, ўзига ярашган либосини яна бир бор тузатиб, эндигина хонасидан чиқаман деганда бехосдан қўнғироқ жиринглади. Аёл оҳиста гўшакни олди – Лаббай! Гўшак ортидан овоз келди “Назира опа соат олтига йиғилиш тайинланди”. Хабарни эшитган замон ҳарбий аёл зудлик билан отрядга, сўнг топшириқ олгач Қамчиқ довонига жўнаб кетади.

Назира опа довон томон кетар экан, нима бўлса тинчлик бўлсинда, дея хавотирланди. Беихтиёр иш фаолиятида рўй берган бахтсиз ҳодиса кўз ўнгидан бир-бир ўта бошлади. Ҳамон ёдида… 2005 йиллар эди. Ўша кезларда юз берган қор кўчкиси оқибатида довонда кўпгина киши жабр кўрган. Ҳавонинг совуқ нафаси икки кишининг қаттиқ совуқ олишига сабаб бўлган эди. Вазият оғир. Аммо, жасур аёл саросимага тушмай, билими ва тажрибасига таяниб жабр кўрганларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиб ҳаётга қайтара олди. Воқеалар кўз олдидан ўтар экан, қалбини бирдан таскин эгаллади. Шукурки, ҳозирда давлатимизнинг соҳага қартилаётган эътибори туфайли бундай нохуш воқелар кузатилмаяпти.

Дарҳақиқат, Қамчиқ довони республикамизнинг уч вилоятини бир-бирига боғлаб турувчи стратегик аҳамиятга эга маскан бўлиб, денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган бу довон мамлакат ҳудудлари ўртасидаги транспорт алоқаси хавфсизлигини таъминлашда асосий ҳудудий бўғин ҳисобланади. Мазкур ҳудуддан кунига 15 мингдан 20 минггача автомобиль ўтади.

Маълумки, “Қамчиқ” қидирув-қутқарув отярдининг асосий вазифаси фавқулодда вазиятлар содир бўлганда асосий кучлар етиб келгунга қадар аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва қидирув-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмас ишларни бажаришдан иборатдир.

Назира Худойбердиева ҳам мана ўн беш йилдирки Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “Қамчиқ” қидирув-қутқарув отрядида ҳарбий хизматчилар саломатлиги йўлида хизмат қилиб келаётган жасур аёллардан.

Довондан ўтаётган транспорт воситаларининг ҳамда ушбу ҳудуд атрофида истиқомат қилаётган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, улар саломатлигига қайғуриш бу ерда хизмат қилаётган ҳарбийлар зиммасидадир. Назира опа ҳам шулар сафида туриб хизмат қилаётганидан мамнун.

Яна ўқинг:  ШОИРАНИ ЁД ЭТИБ

– Довондаги фаолият жуда қалтис ва масъулиятли. Шундай вазиятларда ҳамиша биринчи тиббиий ёрдамни кўрсатишга шай ҳолатда турмоқ лозим. Нохуш вазиятлар бартараф этилганда эса юртдошларимизнинг миннатдорлик сўзларини эшитиш биз соҳа ходимларининг кўнглини тоғдек кўтаради. Ўз касбимизга нисбатан фахр ҳиссини сезасиз, дейди мамнуният билан қаҳрамонимиз.

Назира опа аёл бўлишига қарамасдан забардаст қутқарувчи йигитлар қаторида об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида фавқулодда вазиятларда одамларга ёрдам беришга шошилади.

Йилнинг ярмини Қамчиқ довонида ўтказишга мажбур бўладиган Назира опа атрофидагилар эътиборида ва эъзозида. 2015 йил Ватан ҳимоячилари куни арафасида бир гуруҳ ҳарбийлар қаторида Президентимиз фармони билан шифокор опамиз ҳам “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.

Гўзал, назокатли, дилбар аёллар ҳақида сўз очарканмиз, уларнинг фазилатларида мардлик, жасорат, тантилик хислатларини эътироф этсак арзийди. Буни Назира опанинг ҳаёти мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Аёлларимиз оила қўрғонида оқила бўлиш билан биргаликда бир вақтнинг ўзида юрт хизматида ҳам камарбастадир. Ушбу қурғонда вояга етаётган фарзандлар эса келажакда худди оналари каби меҳрибон, фидойи ва албатта ватанпарвар бўлиб вояга етишишса ажабмас.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: