ЗИКА ИСИТМАСИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

Унинг олдини олиш мумкинми?

Зика иситмаси – вирус қўзғатадиган, асосан маймунларда учрайдиган, баъзида одамларга чивинларнинг маълум бир тури чақиши орқали юқадиган, иситма ва интоксикация (организмнинг умумий заҳарланиши) билан кечадиган, енгил шаклда ўтадиган ўткир зооантропоноз эндемик юқумли касалликдир.

Бу хасталик вируси илк бор 1948 йилда Уганда давлати ҳудудида жойлашган ўрмонларда учрайдиган макака – резус маймунларидан ажратилган. Вирус Зика ўрмони ҳудудида ажратиб олингани боис “Зика вируси” деб, ушбу вирус қўзғатадиган касалликка эса “Зика иситмаси” деб ном берилган.

Ушбу касаллик вируси Flavivirus авлоди ва Flaviviridae оиласига мансуб бўлиб, одамлардан вирус биринчи марта 1968 йил Нигерияда ажратиб олинган. Вируснинг ташувчиси Aedes чивинлари (асосан, Aedes аlbopictus чивини) ҳисобланиб, улар Африка ва Лотин Америкаси давлатларида жойлашган ўрмонларда кўпроқ учрайди.

Зика иситмаси тўғридан – тўғри одамдан одамга, маймундан одамларга юқиши исботланмаган. Бугунги кунда касаллик одамларга ҳам, маймунларга ҳам фақат чивинлар чақиши натижасида, яъни трансмиссив йўл билан юқиши аниқланган. Ушбу чивин сариқ иситма, Денге, Чикунгунья, Ғарбий Нил, от энцефалити, Чаче ва Сеьнт – Луис водийси иситмалари вирусларини ҳам ташувчисидир.

2007 йилда Тинч океани Яп ороли (Микронезия федератив штати)да яшаётган аҳолининг 70 фоизи Зика иситмасига чалиниб (5000 нафарга яқин одам касалланган), уларнинг барчаси тузалиб кетган.

2013 йилда Франция Полинезиясида касалликнинг оммавий тусда қайд этилиши кузатилиб, 20 000 нафарга яқин одам касалликка чалинган, 2014 йилнинг февраль ойига келиб эса беморлар сони 28 000 нафарга етган.

2015 йилнинг апрелидан бошлаб Зика иситмаси Жанубий Америка давлатларидан Бразилия, Чили, Колумбия, Сальвадор, Гватемала, Мексика, Парагвай ва Венисуэлада кенг тарқалган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра 2016 йилнинг 1 февраль ҳолатида мазкур касаллик қайд этилган мамлакатлар сони 27 тага етган.

Бугунги кунда Бразилиянинг 18 та штатида 1, 5 млн. нафардан ортиқ одамларга Зика иситмаси вируси юққанлиги аниқланган. Бу иситма асосан Африка ва Лотин Америкаси давлатларининг эндемик ҳудудларида оммавий тусда қайд этилмоқда. 2016 йилнинг январь ойида ушбу касаллик АҚШ, Дания ва Швеция давлатларига четдан кириб келиш ҳолатлари кузатилган.

Яна ўқинг:  Қуён гўштининг фойдаси: уни диетологлар жуда қадрлашади

Зика иситмаси дунёнинг бошқа давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳам эндемик ҳудудлардан кириб келиш хавфи мавжуд.

Касалликнинг яширин даври 3 кундан 12 кунгача давом этади. Касаллик кўпроқ (70, 0 фоизгача) клиник белгиларсиз ва камроқ ҳолларда (30, 0 фоизгача) клиник белгилар билан кечади. Касаллик бош оғриғи, бўғинларда, кўз чуқури соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, дастлаб юзда, кейинчалик бутун баданда макулёз ёки популёз тошмалар тошиши билан кечади. Яна беморда тана ҳароратининг кўтарилиши, совуққотиб қалтираш, шунингдек, кучли ёруғликдан безовта бўлиши, конъюнктивит (кўз шиллиқ қаватининг яллиғланиши), баъзи ҳолатларда кўнгил айниши, қусиш, меъдада оғриқ билан кузатилади. Касаллик ҳомиладорларда ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир қилади.

Агар ҳомиладор аёл ҳомиладорликнинг биринчи 3 ойлигида Зика иситмасига чалинса, уларда ҳомиланинг нуқсонли ривожланишига, чақалоқларда эса микроцефалия (миянинг ривожланмай қолиши) кузатилиши мумкин.

Бемордан олинган эпиданамнез ва клиник маълумотлар ҳамда лаборатория текширув натижаларига (иммунофермент анализ, полимераза занжирли реакцияси) асосланиб, беморга якуний ташхис қўйилади. Ташхис қўйишда беморнинг Зика иситмаси бўйича эндемик ҳудудларда бўлганлиги тўғрисидаги маълумот ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Касалликнинг махсус даволаш усуллари мавжуд эмас. Даволаш хасталик белгиларини бартараф этишга қаратилади. Беморга иситмани туширадиган, оғриқни қолдирадиган, теридаги қичишишни камайтирадиган дорилар, шунингдек, кўпроқ суюқликлар тайинланади. Касаллик асосан енгил, ўрта оғирликда кечади ва шу сабабли беморлар тўлиқ тузалиб кетади. Ўлим ҳолати деярли кузатилмайди.

Зика иситмасининг махсус иммунопрофилактикаси ишлаб чиқилмаган. Чивин чақишидан асрайдиган кийимларни кийиш, эшик – деразаларга тўрлар ўрнатиш, чивинларни кўпайишига йўл қўймаслик чораларини кўриш, энг асосийси, чивинларга қарши дезинфекция тадбирларини самарали ўтказиш, шунингдек, аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бориш, касалликнинг профилактикасида муҳим ўрин тутади.

Ҳусан САПАРОВ,

Республика ДСЭНМ ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: