НАВОИЙ ВА БОБО ПИРИЙ

Инсон шуурига муҳрланиб қоладиган ҳикматлар, жуда оддий ва айни чоғда, ҳаётий-ибратли мисоллар умрбоқий китобларни безайди. Ўқувчига маънавий озуқа беради, руҳини юксалтиради, тозаликка ундайди. Алишер Навоий асарларини ўқиган одам янгидан-янги маъноларни кашф этади.

Барчага маълумки, шоир “Насойим ул муҳаббат” асарида кўплаб улуғ зотларни зикр этади. Уларнинг ҳаёт тарзи, ноёб инсоний фазилатлари, дунёқараши хусусида қисқа, аммо жуда нодир маълумотларни келтиради. Ўрни келганида ўша улуғ зотларнинг ҳикматларини эслаб ўтади.

Навоий Абу Амр Нужайдни зикр этиб ёзади: “Унинг сўзидирки, “сукут сўзга нисбатан таъcирлироқ ва тез етиб боради”. Албатта, бундай мулоҳазалар одамни сукутга ўргатади, нафсини тарбиялаш ва ўзига назар солишга ундайди. Бошқа бир саҳифада “Ориф ким?” деган саволнинг жавоби келади: “Ориф қалбини мавлосига, жасадини халқига бағишлаган кишидир”. Ниҳоятда қисқа, ғоятда ўринли мулоҳаза. Орифнинг кўнглини Яратгувчи ўз нури билан ёритади. Ориф У зотга бўйсунади, айни чоқда, дунёдан узилмайди, гўё ер юзида абадий қоладигандек бутун вужуди билан ишлайди. Бу бизга ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг “Дил баёру даст бакор” – “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”, деган ҳикматини эслатади. Улуғ зотлардан бири ҳамиша нафсини тергаб умр кечирган экан. У айтадики: “Мунтазам нафсга хилоф иш қилиш баракадир. Ҳаётимда бир марта унга бир қадам ҳамроҳлик қилдиму йиллар давомида бунинг жабрига чора топа олмадим”. Нафсни ўз эркига қўйиш, нафс қутқусига, ҳою-ҳавасларга берилиш, унга ҳамроҳу ҳамқадам бўлиш оқибатида одамнинг ризқидан, оиласи ва умридан барака кўтарилади. Бир нафас нафснинг йўриғига юрган одам устига ёғилган балоларни ўзидан кетказиш учун йиллар давомида тавба ва тақвони кучайтириши лозим бўлади.

Алишер Навоий “Насойим ул муҳаббат”да жуда ибратли ҳикоят ва ривоятларни, ўзига хос “хориқул одат” зотларнинг кароматларини қаламга олади. Бир ўринда Бобо Пирий деган девонатабиат кишини эслайди. Унинг жазбалари ўта-ҳаддан ташқари кучли бўлиб, кўп ҳолларда у борлиқни, воқеа-ҳодисаларни мутлақо англамайди. Бу зотнинг ғалати бир одати бўлади: одамларни жуда ёмон-ахлоқсиз сўзлар билан ҳақоратлайди. Шу сабаб халойиқ ундан ўзини узоқ тутади. Алишер Навоий ҳам Бобо Пирий масканига яқин келганда, йўналишини бошқа кўчага буриб, гарчанд бир оз узоқроқ бўлса ҳам, ўз манзилига айланма йўл орқали кетади. Бу ҳолатни бир неча кузатган топқир ҳамроҳи Навоийдан: “Ҳар доим Бобо Пирийнинг манзилига етгандан, йўлни бошқа томонга буриб кетасиз. Бобонинг олдидан ўтмайсиз, бунинг сабаби нима?” деб сўрайди. Шунда Ҳазрат Навоий: “Бобо Пирий жуда адабсиз сўзлар билан одамларни сўкади, ҳақоратлайди, менга шу хулқи хуш келмайди. Унинг фаҳш сўзларини эшитишни истамаганим учун йўлни бошқа томонга бураман”, дейди. Шунда ҳамроҳи: “Айтишларига қараганда, Бобонинг каромати бор эмиш. Яхшиси, бир унинг ёнидан ўтиб кўринг-чи. Агар каромати рост бўлса, сизга беадаблик қилмагай”, деб Навоийни имтиҳон йўлига бошлайди. Алҳосил, бир куни Навоий Бобо Пирийнинг олдидан ўта бошлайди. Бобонинг оғизидан бирорта беадаб-ҳақорат сўзи чиқмайди. Аксинча, у доимий одатига хилоф равишда тавозеъ билан Алишер Навоий ҳақига яхши сўзлар билан дуолар қилади…

Яна ўқинг:  Xushxabar raqamlar

Бу воқеа одамни тафаккурга йўллайди. Алишер Навоийдек улуғ шоир қалбини, маънавий оламини ҳаммани бирваракайига бўраб сўкадиган Бобо Пирийдек девонатабиат киши ҳам ҳис қилишини англатади. Бобо Ҳазратнинг ички оламини фаросат кўзи билан кўради, фаҳмлайди, улуғлигини эъзозлайди. Доимий сўкинчга одатланган тил Ҳазратни кўрганида эзгу сўзларни сўзлайди. Кўнгил кўнгил билан сирлашади; маънавий ришталар ичдан боғланади; нурлар туташади, руҳлар учрашади, диллар ғойибона гурунглашади. Ҳаммани ҳақоратлайдиган сўконғич девона беҳушлик, ақлсизлик, нодонлик манзилидан эзгулик мақомига кўтарилади. Тош қотган юрак, сўфинақш кимсалар баъзан ақалли ўша телбавор одам даражасида инсон кўнгилини англамайди; танишлари кўнгли билан ҳисоблашмайди. Зотан манфаатлар тўқнашган, нафс жилови қўлдан чиққан, кўзлар ўғринча ўйноқлаган муҳитда кўнгил кирланади. Юракни ваҳшат булути қоплайди. Гоҳида одам одамни англамайди ва ҳатто англашни истамайди. Кўз кўнгилдан, кўнгилдаги иймон булоғидан сув ичсагина одамнинг назари тирилади. Зеро, кўз илдизи кўнгилда бўлади.

Алишер Навоийнинг табаррук даргоҳида бундай тафаккур дарслари узлуксиз давом этажак.

Баҳодир КАРИМ,

филология фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: