ОБОД ЮРТДА ОСУДА ҲАЁТ

Оқ лайлак кўп халқларда янгиланиш, табиат боқийлиги, беғуборлик, эзгулик, омад, поклик, тинчлик ва осудалик, янги ҳаёт, фаровонлик ва қут-барака тимсоли саналади.

Пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонини безаб турган муаззам Эзгулик аркаси тепасида халқимизнинг буюк орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш йўлидаги юксак интилишлари, қатъияти ва иродасини ифодаловчи парвозга шайланаётган турналар билан айнан оқ лайлакларнинг ҳам жой олиши бежизмас. Наманган вилоятида жойлашган ҳарбий шаҳарчалардан бирида бунёд этилган кўп қаватли уй ҳовлисига ўрнатилган қизил тумшуқли қушни кўрган киши борки, беихтиёр юқоридаги тимсолларнинг ҳар бири мамлакатимизга, бугунги кунимизга нақадар мос эканига яна бир бора ишонч ҳосил қилади, тинч ва фаровон мамлакатда яшаётганига шукроналар айтади. Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзолари учун мўлжалланган навбатдаги объект – 48 хонадондан иборат тўрт қаватли тураржой биносининг фойдаланишга топширилганига ҳали кўп вақт бўлмади.

 

КУЧ-ҚУВВАТ БАҒИШЛАЙДИ

Истиқлол йилларида ҳар жабҳада мисли кўрилмаган ютуқлар қўлга киритилмоқда. Айниқса, жойлардаги катта-катта қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари туману шаҳарларимиз кўркига, юртимиз жамолига янада чирой қўшмоқда. Гўзал хиёбонлар, кенг ва равон кўчалар, бетакрор бино ва кўприклар, спорт мажмуалари… Мамлакатимиздаги улкан бунёдкорлик ишлари хусусида гап кетар экан, улар орасида ҳарбий хизматчилар учун қурилаётган замонавий биноларнинг ҳам ўзига хос ўринга эгалигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Эгнига ҳарбий либос кийган, юрт тингчлиги ва осойишталиги йўлида камарбаста ҳар бир инсон касбидан, қилаётган эзгу ишидан фахрланиши аниқ, – дейди майор Жамшид Равшанбеков. – Бу туйғу куну тун бизга куч-қувват, ғайрат бағишлайди. Халқ, Президентимиз ва юқори қўмондонлик ишончини оқлаш, шарафли номга доим муносиб бўлишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларимиз беэътибор қолмаётганини ич-ичимиздан ҳис этиб турамиз. Биз учун топширилган янги уй-жой биноси ҳам айнан ўша юксак эътиборнинг намунаси деб биламан.

 

ҚЎШАЛОҚ БАХТ

– Бахт келса қўшалоқ келади, деганлари рост экан, – дейди лейтенант Аваз Камолиддинов. – Шу йилнинг ёз ойида фарзандли бўлдик. Орадан кўп ўтмай янги уйли бўлиш ҳам насиб этди. Ҳозирда ўз уйига эга бўлиш гаштидан, завқидан масрурмиз. Замонавий, ҳар томонлама қулай тарзда лойиҳалаштирилган уй хоналарининг кенг ва шинамлигини айтмайсизми!?

Яна ўқинг:  ҚАНОТ ЁЯЁТГАН ТАШАББУС

 

ВАТАН ҲИМОЯЧИСИГА ҚАДАЛГАН НИГОҲ

Янги уй калитини олганлар орасида ёш оила соҳиби катта лейтенант Ҳамид Сатторов ҳам бор.

– Яқинда оилали бўлдим, – дейди офицер. – Назаримда, уй олишим ҳақидаги хабар бизданам кўра ота-оналаримизга кўпроқ қувонч бағишлади.

Тадбир билан боғлиқ суратлар хилма-хиллигини бойитиш мақсадида ёш келин-куёвни ҳам суратга олдим. Уларнинг бирида меҳр билан ёрига боқаётган оила бекаси акс эттирилган. Унинг турмуш ўртоғи, Ватан ҳимоячисига қадалган нигоҳларида чексиз ҳурмат ва муҳаббат, фахру ғурур, мустаҳкам ишонч, миннатдорчилик ҳисларини ўқигандек бўлдим. Йиллар сайин бу ҳисларнинг янада мустаҳкамланишига шубҳам йўқ.

 

ҲАМКАСБ ҚЎШНИЛАР

– Бизларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан жуда миннатдормиз. Ёруғ ва шинам уйимиз борлигидан бениҳоя хурсандмиз, – дейди оила бекаси Ойниса Қаландарова. – Бу уй фарзандларимизга ҳам жуда маъқул. Чунки унда барча шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаси ва мактаб, маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчаларининг яқин масофада жойлашганлиги айни муддао. Қолаверса, биз – оила бекалари учун айнан ҳарбий хизматчилар билан қўшни бўлиб яшаш қулай. Чунки, Ватан ҳимоячилари оилаларининг яшаш тарзи, турмуш даражаси ва шарт-шароитлари бир-бирига яқин. Бундай муҳит эса қўшни оила соҳибаларининг ўзаро аҳил, тотув яшашларига замин яратади.

 

АРСЛОН: “КОМАНДИР БЎЛАМАН!”

Кичик сержант Шуҳрат Парпиев оила аъзолари билан уч хонали уйга кирар экан, эшик-ромларнинг замонавий материаллардан пухта тайёрланганлиги ҳамда таъмирлаш ишларининг сифатли амалга оширилганлигига эътибор қаратди. Табиийки, сўнгра уй жиҳозларини қаерга жойлаштириш билан боғлиқ режалар тузилди. Оиланинг тўнғич фарзанди – етти яшар Арслонбекка аксарият болажонларга бериладиган савол билан мурожаат қилдим:

– Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?

– Командир!

Ўғилнинг жавобидан ота-она менга мағрур боқди. Ниятда гап кўп, шундай эмасми!? Ким билар, эҳтимол, вақтлар ўтиб, ота касбини эгаллаган ёшлар орасида ушбу болани ҳам учратармиз.

 

ОДОБЛИ БОЛАГА ЯНГИ УЙ

– Энди менинг ҳам катталардек ўз хонам бор, – мақтанди етти яшар Умарбек Улашев. – Дадам билан ойим уни мен хоҳлагандек жиҳозлаб беришди. Олдин дадам: “Агар одобли бола бўлиб юрсанг, давлат бизга яп-янги уй беради, унда алоҳида хонанг бўлади”, дерди. Мана қаранг, энди қандай уйимиз бор, – деганча хоналарни менга бирма бир кўрсатди. – Уйимиз олдидаги болалар майдончасида ўзимдан кичик ва катта, кўп болаларни кўрдим. Уларга ҳам уй берилибди. Демак, улар ҳам ота-онасининг айтганларини қиладиган яхши болалар экан-да.

Яна ўқинг:  Аёл – миллат тарбиячиси. Унинг муаммоси бутун жамиятнинг муаммосидир

… Ҳарбий шаҳарчадан кетар чоғда оқ лайлакка яна бир назар ташладим. У билан боғлиқ тимсолларни хаёлдан ўтказарканман, миннатдорчилик руҳи сингдирилган фикрлар, болалар майдончасида маза қилиб ўйнаётган ўғил-қизларнинг беғубор, шўх-шодон кулгуси, бахтиёр кишиларгагина хос самимий табассумлар, қувончга лиммо-лим нигоҳларни эсладим. Тўғриси, ўзимни шод, хуррам ҳис этдим. Инсон қадри азиз Ватанимдан, тинч ва фаровон ҳаётимиздан, бахту иқболимиз ва буюк келажагимиздан.

 

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: