ЎЗБЕКИСТОНДА КАРДИОЛОГИЯ СОҲАСИ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистонда кардиология соҳасида эришилаётган ютуқлар, ушбу йўналишдаги даволаш муассасаларининг замонавий кўриниш олаётганлиги ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларида кардиодиспансерлар, иккита вилоятда эса махсус ихтисослаштирилган марказнинг филиаллари ташкил этилган. Шаҳар ва туман поликлиникаларининг 380 та кардиологик кабинетларида малакали шифокорлар томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида тиббиёт соҳасида ҳам босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт муассасалари жаҳон андозалари талаб­ларига жавоб берадиган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Юқори технологик даволаш ва диагностика усуллари амалиётга кенг жорий этилди. Кардиология марказида охирги беш йилликда рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими ташкил этилди ва бу бўлим замонавий ангиографик ускуна билан жиҳозланди. Ҳозирги кунда коронарангиография – юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, уларга стент (найча) ўрнатиш каби технологик усуллар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кардиология марказида йилига мингдан ортиқ беморда ушбу даволаш амалиёти қўлланиляпти. Бундай усул билан даволаш орқали юрак қон томир касалликларининг энг оғир тури бўлмиш миокард инфарктининг олди олинди.

Ҳозирги кунда Наманган вилояти кардиология марказида коронарангиография ва стентлаш амалиёти йўлга қўйилди ва водий аҳлига хизмат кўрсатаяпти. Эндиги навбатда Хоразм, Фарғона, Бухоро ва бошқа вилоят кардиология диспансерларида ҳам бундай усулни йўлга қў­йиш режалаштирилган.

Яна бир юқори технологик усул – юракнинг мураккаб аритмияларида қўлланадиган радиочастотали аблация (РЧА) ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция (ЭКС) усуллари Кардиология марказида амалга оширилмоқда.

Бу йил Кардиология марказида кардиожарроҳлик бўлими ишга туширилди. Марказда хорижий кардиологик клиникалар билан ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилган. Ёш шифокорлар Россия, Жанубий Корея, Швейцария, Польша каби хорижий давлатларнинг етакчи кардиологик клиникаларида ўз малакаларини ошириб келишди. Шунингдек, ушбу давлатларнинг нуфузли клиника раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва кўзга кўринган олимлари ушбу муассасага ташриф буюришиб, ўзбекистонлик мутахассисларга “Маҳорат дарс­лари” ни ўтишди.

Г.ШИРИНОВА

Яна ўқинг:  АЖОЙИБ КАШФИЁТЛАР СИРИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: